Сўнгги янгиликлар
Ўзбекистонда сунъий интеллект даври бошланмоқда: соғлиқни сақлашдан космосгача кенг кўламли янгиланишлар
Водил санаторияси атрофидаги саволлар: Мурожаатлар ечимсиз, текширувлар шошилинч, прокуратура текшируви суд жараёнига аралашувми: Вазиятдан ким манфаатдор?
Автотранспортлар учун экологик стикерлар бериш тартиби тасдиқланди
ИИВ Қўриқлаш департаментига раҳбар тайинланди
ИИВ тизимида Қўриқлаш департаменти фаолияти йўлга қўйилди
Ўзбекистонда “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури ишга туширилади
Ўзбекистонда “очиқ банкинг” ва токенлаштирилган молиявий воситалар учун янги тизим жорий этилади
Ҳукумат “Электр энергиясини ҳисобга олиш тартиби”ни тасдиқлади
Ўзбекистонда сунъий интеллект даври бошланмоқда: соғлиқни сақлашдан космосгача кенг кўламли янгиланишлар
Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ишлари янги босқичга чиқмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва космос соҳаларига сунъий интеллектни татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, мутасаддиларга ушбу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди
1 декабрь куни ўтказилган тақдимотда мамлакатда сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга қаратилган ишлар таҳлил қилинди. Октябр ойида қабул қилинган “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ва “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор ушбу соҳадаги ислоҳотлар учун ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Ушбу ҳужжатлар доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида махсус марказ ташкил этилди ва сунъий интеллектдан фойдаланиш учун зарур ҳисоблаш инфратузилмаси барпо этилмоқда. Хусусан, АҚШнинг “Nvidia” компанияси билан ҳамкорликда суперкомпьютер кластерини ишга тушириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасида сунъий интеллект асосида 5 та лойиҳа жорий этилиб, инсульт ва кўкрак саратонини барвақт аниқлаш орқали диагностикага кетадиган вақт 80 фоизга қисқармоқда. Бу эса ҳаёт учун хавфли ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш имкониятини оширмоқда.
Президент сунъий интеллектдан фойдаланиш мумкин бўлган касалликлар турини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида жигар, ўпка ва простата бези саратони, инфаркт ҳамда мураккаб суяк синишларини аниқлашда тиббий тасвирларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган.
Таълим соҳасида келгуси ўқув йилдан мактаб, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқувчи-талабаларга сунъий интеллект асосларини ўргатиш бошланади. Бунинг учун информатика ўқитувчилари тайёрланмоқда. Шу билан бирга, бутун мактаб жамоасини сунъий интеллектдан фойдаланишга ўргатиш ва ўқитувчиларнинг юкламасини камайтириш вазифаси ҳам белгилаб берилди.
Шунингдек, илмий асосда ишловчи таълим платформасини яратиш таклиф қилинди. Бунда ўқитувчи учун виртуал ёрдамчи ишлаб чиқилиб, у дарс режалари, маърузалар, тестлар ва тақдимотларни тайёрлашда ҳамда имтиҳон жараёнларини кузатишда кўмаклашади.
Йиғилишда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари малакасини ошириш дастури ҳақида ҳам ахборот берилди.
Транспорт соҳасида сунъий интеллект ёрдамида йўл қоидаларини бузиш ҳолатларини автоматик аниқлаш ва вагонларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш орқали темир йўлларда хавфсизликни ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Космик технологиялар йўналишида “Самарқанд–2028” сунъий йўлдошини ишлаб чиқиш ишлари муҳокама қилинди. Ушбу йўлдош Ерни масофадан зондлашга мўлжалланиб, сунъий интеллект модули орқали ҳаво сифатини баҳолаш, қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон майдонларини мониторинг қилишда қўлланилади.
Тақдимот якунида Президент барча мутасаддиларга сунъий интеллект технологияларини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада янада кенг жорий этиш ҳамда бу борадаги ишларнинг ижросини тезлаштириш бўйича аниқ топшириқлар берди.