Qidirish

21:31 / 2025-12-16 78 0 Жамият

Тадбиркорлик соҳасида 1 600 дан ортиқ маъмурий талаблар бекор қилинди

Ҳукумат қарорига мувофиқ, тадбиркорлик фаолиятига оид 1 600 дан ортиқ мажбурий талаблар бекор қилиниб, бизнес юритишдаги бюрократик тўсиқлар сезиларли даражада қисқартирилди.

world-news

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қонунчиликдаги тадбиркорликка оид 1 600 дан ортиқ мажбурий талаблар бекор қилинди. Бундай катта ҳажмдаги чекловларнинг бекор қилиниши мамлакат амалиётида илк бор кузатилмоқда.

Хусусан, ветеринария хизмати назорати остидаги 1 568 та товар позицияси бўйича маҳсулотга мувофиқлик сертификати олиш талаби бекор қилинди. Шунингдек, туризм хизматларини кўрсатишда фаолиятга хос бўлмаган талаблар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган айрим ортиқча чекловлар олиб ташланди.

Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан импортни амалга оширишда товар қийматига қўйилган 5 000 АҚШ долларлик чеклов, туристларга уй-жойни 30 кунгача ижарага бериш ҳамда ёғочдан мебель тайёрлашга доир талаблар бекор қилинди.

Қабул қилинган қарор натижасида тадбиркорларнинг маъмурий органлар билан муносабатга киришишида ортиқча бюрократик жараёнлар қисқариб, уларнинг вақти, харажатлари ва ресурслари тежалиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, айни пайтда Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрига 36 мингдан ортиқ талаблар киритилган бўлиб, Адлия вазирлиги томонидан уларни қайта кўриб чиқиш ва тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Мазкур ўзгартишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сон қарори билан тасдиқланган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш