Сўнгги янгиликлар
Марғилонда аҳолига сотилган арзон уйлар: имтиёзми ёки тузоқ?
Дўстликдаги бозор тақдири: Ҳокимлик тадбиркорлар эътирозларига жавоб берди…
Президент Шавкат Мирзиёев: “Бу боғда ерга меҳр, сидқидилдан қилинган меҳнат кўриниб турибди. Натижаси, аввало, даромад, халқимизга манфаат”
Бўстонлиқда туризм салоҳиятини оширадиган янги “Чимён” умуммавсумий курорти қурилмоқда
Саккиз ойда 3 мингга яқин бола турли жиноятлардан жабрланди
Украинада ҳарбий поездда ўқ-дорилар портлади
Ўзбекистонда янги ҳафта салқин ва ёмғирли об-ҳаво билан бошланади
Наманганда 7,2 млрд сўмлик яширин дори омборлари аниқланди
Дўстликдаги бозор тақдири: Ҳокимлик тадбиркорлар эътирозларига жавоб берди…
Жиззах вилояти, Дўстлик туманидаги 50 йилдан ортиқ тарихга эга эски деҳқон бозори бузилиши арафасида турибди.
EFFECT.UZ томонидан тайёрланган репортаж катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Орадан кўп ўтмай туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Аммо ҳокимлик баёноти тадбиркорлар шубҳаларини тарқата олдими?
Ҳокимликнинг позицияси
Ҳокимликка кўра, эски бозор 1970 йилларда очилган, ўша пайтда аҳоли сони 25–30 минг атрофида бўлган. Бугун эса туманда аҳоли 70 мингдан ошган, талаб ва эҳтиёж бутунлай ўзгарган.
– Халқ арзон ва сифатли маҳсулотгина эмас, балки замонавий ва қулай савдо масканларига ҳам эҳтиёж сезмоқда, – дейилади баёнотда.
Ҳокимлик эслатади: Президентнинг 2024 йил 31 декабрдаги ПҚ–468-сон қарорида «Чинобод» маҳалласидаги эски бозор ўрнида кичик саноат зонаси ташкил этиш кўзда тутилган. Бу – давлат сиёсатида аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иқтисодий имкониятлар яратиш мақсадида қилинган қадам экани таъкидланади.
Ҳозирда эса Ғафур Ғулом маҳалласида савдо комплекси қурилиши босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Лойиҳа якунига етганда икки мингга яқин иш ўрни яратилиши, тадбиркорлар учун янги имкониятлар, харидорлар учун эса қулай шароитлар таъминланиши ваъда қилинган.
Тадбиркорларнинг даъвоси
Бироқ эски бозор тадбиркорлари бошқача гап қилмоқда. Уларга кўра, қарорлар ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан қабул қилинган.
– «Биз билан маслаҳатлашишмади. Йиллар давомида ишлаб турган дўконларимиз тақдири бир кунда ҳал қилиняпти,» – дейди бозорчилар.
Бу ерда савол пайдо бўлади: агар ҳокимлик ҳақиқатдан ҳам тадбиркорлар билан бир неча маротаба маслаҳатлашган бўлса, нега бозор аҳли бундан бехабар қолган? Ёки маслаҳатлашувлар чекланган доирада, фақат танлаб олинган тадбиркорлар билан ўтказилганми?
Икки томон, икки муносабат
Ҳокимлик «асоссиз хабарларга ишонманг» деб чақириқ қилмоқда. Бироқ тадбиркорлар ёки ОАВ учун бу масала ҳеч қандай асоссиз эмас: уларнинг кундалик тирикчилиги, йиллар давомидаги меҳнати ва оиласи тақдири хавф остида.
Энг муҳими, аҳоли учун ҳам савол очиқ қолмоқда:
Янги комплексдаги нарх-наво қай даражада бўлади?
Ҳақиқатан ҳам икки мингта иш ўрни яратиладими?
Бозорни бузиш ва янги лойиҳаларга сарфланадиган маблағнинг манбаи қаердан топилади?
Хулоса ўрнида
Ҳокимлик – замонавий савдо масканлари ва саноат зоналари тарафдори. Тадбиркорлар эса – тарихий бозор ва ўз меҳнати ҳимоячиси. Масаланинг энг муҳим жиҳати эса ҳали ҳам очиқ қолмоқда: қарорлар қанчалик шаффоф қабул қилинди ва ҳақиқатан ҳам халқ манфаати устувор қилиндими?
Дўстлик туманининг ободончилиги ва ривожи аҳоли розилигисиз амалга ошиши мумкин эмас. Савол шу ерда: бу лойиҳалар аҳоли розилиги биланми, ёки розилигисиз қабул қилинадими?



