Qidirish

09:14 / 2025-12-18 72 0 Дунё

Москва вилояти мактабларидан бирида 10 ёшли бола пичоқли ҳужум оқибатида ҳалок бўлди

Москва вилоятидаги умумтаълим мактабларидан бирида пичоқли ҳужум содир этилди. Ҳодиса оқибатида тожик миллатига мансуб 10 ёшли ўқувчи ҳаётдан кўз юмди, гумонланувчи қўлга олинган. Марҳум боланинг жасади Тожикистонга олиб келинган. Фожиа Россия ва Тожикистон хавфсизлик идоралари миқёсида муҳокама қилинмоқда.

world-news

Одинцово районидаги Горки-2 аҳоли пунктида жойлашган мактабда ўсмир мактаб ўқувчиларига пичоқ билан ҳужум қилди. Ҳодиса вақтида мактабда таълим олаётган болалардан бири, 10 ёшли Қобилжон, ҳалок бўлди. Тергов маълумотларига кўра, Қобилжон мактабнинг 4-синфида таҳсил олган ва тожик миллатига мансуб бўлган.

Ҳужумчи ўсмир тезкорлик билан қўлга олинди. Норасмий маълумотларга кўра, у 15 ёшли Тимофей К. бўлиб, мактабнинг юқори синфларидан бирида ўқиган. У ҳужумдан олдин синфдошларидан қайси миллатга мансублигини сўрагани хабар қилинмоқда.

Тергов органлари ҳодиса юзасидан қотиллик ва суиқасд моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди. Шунингдек, гумонланувчининг ҳаракат мотивлари ва мактабдаги хавфсизлик чоралари текширилмоқда.

Марҳум боланинг жасади расмий тартибда Тожикистонга олиб келинган. Россия ва Тожикистон хавфсизлик идоралари бу масалани ҳам муҳокама қилган. Хусусан, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилган.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв ҳодисани жуда оғир фожиа деб баҳолади ва бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун барча сабаб ва омилларни ўрганиш муҳимлигини таъкидлади. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва расмий маълумотлар текширув якунларидан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.

 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш