Qidirish

03:44 / 2025-09-26 122 0 Жамият

Марғилонда аҳолига сотилган арзон уйлар: имтиёзми ёки тузоқ?

Effect.uz'да ёритилган «Марғилон ҳокими халқдан юз ўгирдими?» сарлавҳаси билан тарқалган мурожаат катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Видеомурожаатда бир гуруҳ фуқаролар «Турон» маҳалласи, «Янги Фарғона» кўчаси, 93-уй манзилида қурилган 4 та кўп қаватли уйлар нархи оширилгани ва бошқа масалалар юзасидан норозилик билдирган.

Фуқароларнинг айтишича, улар бу масала юзасидан бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилган, аммо қониқарли жавоб ололмаган. Марғилон ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Ҳокимлик позицияси: «Нархлар қонун доирасида белгиланган»

Марғилон шаҳар ҳокими Шукурулло Нисбатхонов мурожаатчилар билан юзма-юз суҳбатлашиш учун ишчи гуруҳ билан бирга масала жойига борди. Ҳокимликка кўра, уйлар Президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сонли Фармони асосида қурилган. 168 хонадондан иборат 4 та кўп қаватли уй «Ўзшаҳар қурилиш инвест» буюртмаси ва «Марғилон ихтисослаштирилган таъмир-қурилиш» МЧЖ пудрати асосида бунёд этилган.

Ҳужжатларга кўра, уй нархи ҳар бир квадрат метр учун 4 млн 585 минг 911 сўм қилиб белгиланган ва бу рақам 2020 йил 24 январда «Ўзшаҳар қурилиш инвест»нинг расмий хатида қайд этилган.

Ипотека кредитлари ва норозилик сабаби

Бу уйларни сотиб олиш учун фуқароларга вилоят Ипотека банки орқали кредитлар ажратилган. Президент қарорларига асосан, кредит шартлари қуйидагича белгиланган:

1 йиллик имтиёзли давр (фақат 7% фоиз тўланади),

2 йилдан 9% фоиз,

3 йилдан 11%,

4 йилдан 13%,

5 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича 20 йилгача тўлов.

Ҳокимлик маълумот беришича, бу тартиблар ҳар бир фуқарога тушунтирилган ва уйлар фақат ариза ҳамда розилик асосида берилган.

Бироқ мурожаатчиларнинг эътирози шундаки: уйлар «имтиёзли» дейилгани билан нархи оддий тижорат уйларига нисбатан анча қиммат тушган. Улар кредит фоизларининг ортиб бориши ортидан қарзларни узиш қийинлашиб, бугунги кунда имкониятлари чекланаётганини таъкидлашган.

Қабул масаласи: «Ҳоким билан учрашиш осон эмас»

Видеомурожаатда фуқаролар шаҳар ҳокими билан учраша олмаётганини ҳам билдиришди. Шаҳар ҳокимлиги эса аксинча, 19 сентябрь куни мурожаатчиларга қабул вақти белгилангани, улар телефон орқали огоҳлантирилгани, аммо қабулга келмаганини айтади.

Саволлар ҳали ҳам кўп…

Ҳокимлик барча ишлар қонун асосида амалга оширилганини айтаётган бўлсада, фуқаролар нархлар ва кредит шартларида адолатсизлик борлигини таъкидлашмоқда. Улар уй смета нархларини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

Бу вазиятда эса асосий савол очиқ қолмоқда:

— Агар уйлар ҳақиқатан ҳам «имтиёзли» бўлса, нима учун одамлар қарзни тўлай олмаяпти?

— Ҳокимлик айтган «асоссиз ташвиқот» ортида халқнинг ҳақиқий дарди ётган бўлсачи?

— Ва энг муҳими: кимнинг гапи ҳақиқат — ҳокимликникими ёки фуқароларники?

Айнан шу саволларга аниқ ва шаффоф жавоб бўлмагунча, Марғилондаги уйлар атрофидаги баҳслар тўхтамайди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш