Qidirish

19:32 / 2025-12-13 28 0 Жамият

Тадбиркорларга субсидиялар ажратилишини мониторинг қилишнинг янги тартиби жорий этилди

Ҳукуматнинг 2025 йил 11 декабрдаги 784-сон қарори билан тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини тизимли мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган маблағларни қайтариб олиш тартиби белгиланди.

world-news

Ҳукумат қарорига мувофиқ, “Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишда субсидия ажратувчи ташкилот томонидан тадбиркор эришиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланади. Ушбу кўрсаткичларнинг бажарилиши субсидия олувчининг фаолияти самарадорлигини баҳолашда асосий мезон ҳисобланади.

Тадбиркорларга ажратилаётган субсидиялар “subsidiya.mf.uz” электрон платформаси орқали доимий мониторинг қилинади. Самарадорликни баҳолашда маълумотлар қуйидаги кетма-кетликда олинади: аввало тадбиркорнинг молиявий ва солиқ ҳисоботлари, кейин соҳавий ёки статистика идоралари маълумотлари, шунингдек, қўллаб-қувватлаш чоралари натижалари бўйича тадбиркор тақдим этган ахборотлар.

Самарадорлик ҳар бир тадбиркор кесимида иқтисодий, молиявий (бюджет) ва ижтимоий мезонлар асосида алоҳида баҳоланади.

Низомга кўра, қуйидаги ҳолатларда тадбиркорга ажратилган субсидия маблағлари қайтариб олинади: шартномада белгиланган аниқ мақсадли кўрсаткичлар бажарилмаганда, маблағлардан мақсадсиз ёки самарасиз фойдаланилгани аниқланганда, шунингдек, ҳужжатлар ва маълумотлар нотўғри ёки бузиб кўрсатилиб, субсидия асоссиз олингани маълум бўлганда.

Янги тартиб субсидиялардан фойдаланишда шаффофлик ва жавобгарликни ошириш, давлат қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳақиқий самарадорлигини таъминлашга қаратилган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш