Сўнгги янгиликлар
Шарқий Онадўлининг яширин хазиналари: қишки саёҳатлар учун бетакрор манзиллар
Экоҳудудларда туристик сўқмоқларни ташкил этиш тартиби белгиланди
“Электрон рецепт” тизими орқали даволаш хавфсизлиги ва дори тақсимоти назорат қилинади – ССВ
Асоссиз текширувларни чеклайдиган янги тартиблар жорий этилди
Ўзбекистонда IELTS 9 балл олган абитуриентлар сони 5 йилда 47 баробарга ошди
2026 йилдан савдо ва хизмат кўрсатувчилар учун ягона QR-кодли тўлов тизими мажбурий бўлади
Нақдсиз тўловлар мажбурий тартибда кенгайтирилади
Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси фаолияти расман тартибга солинди
Шарқий Онадўлининг яширин хазиналари: қишки саёҳатлар учун бетакрор манзиллар
Қишки саёҳатларга қизиқиш ортиб бораётган бир пайтда, Туркиянинг Шарқий Онадўли минтақаси тарихий мероси, табиий гўзалликлари ва ўзига хос маданий бойлиги билан сайёҳлар учун янада жозибадор манзилга айланмоқда.
Қишки саёҳатлар бугунги замон сайёҳлари орасида тобора оммалашиб, уларнинг севимли танловига айланиб бормоқда. Трипадвисорънинг “Қишки саёҳат индекси”га кўра, бу мавсумда сайёҳлар анча фаоллашган: уларнинг 60 фоизи қишки таътилни режалаштирмоқда, жой банд қилиш эса ўтган йилга нисбатан 45 фоизга ортган.
Туркия йил давомида бетакрор саёҳат имкониятларига бой бўлиб, қиш мавсумида дам олиш ва шаҳар маданиятини кашф қилиш учун энг жозибали манзиллардан биридир. Айниқса, мамлакатнинг Шарқий Oнадўли қисми тарихий мероси ва ўзига хос гастрономик анъаналари билан сайёҳларни ўзига ром этади. Бу ҳудуд қадим тарих руҳини ҳис қилиш, нафис таомлардан баҳраманд бўлиш, кўзни қамаштирувчи манзаралардан завқ олиш ва минтақанинг бой маданий меросини ўзида мужассам этган самимий, меҳмондўст маҳаллий аҳоли билан танишиш имконини беради.
Карс: Ўрта асрларга саёҳат
Карс – Туркиянинг қиш мавсумидаги энг жозибали дурдоналаридан бири. Шаҳар машҳур Шарқий Экспресс йўналиши бўйлаб жойлашган бўлиб, ноёб меъморчилиги, бой маданий мероси ва гўзал манзаралари билан ажралиб туради. Айниқса, Чилдир кўли ҳамда кристал қорлари билан донг таратган Сариқамиш тоғларидаги қишки манзара Карснинг кўркига кўрк қўшади.
Шаҳар атрофидаги мафтункор манзиллардан бири — ЮНЕСКО Бутунжаҳон меросига кирган Ани мажмуаси. У Шарқий Oнадўлининг энг йирик археологик ҳудуди ва ўрта аср шаҳарсозлигининг ёрқин намунаси сифатида тарихий аҳамиятга эга. “Минг бир черков шаҳри” номи билан машҳур бўлган ушбу маскан бир вақтлар Ипак йўли бўйлаб муҳим маданий, сиёсий ва савдо маркази бўлган. Бугун эса унинг харобалари ўтмишда яшаб ўтган христиан ва мусулмон сулолаларининг бой меросидан ҳикоя қилади.
Шунингдек, Карс Туркиянинг етакчи пишлоқ етиштириш марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда Карс ва Груере пишлоқларидан татиб кўриш, шунингдек, Карс Пишлоқ музейига ташриф буюриш мумкин.
Ағри: Усмонли улуғворлигининг тимсоли
Ағри шаҳри тарихий ёдгорликлар ва табиий гўзалликларга бой масканлардан бири. Шаҳарни машҳур қилган иншоот — Исҳоқ Пошо саройи. Усмонлилар даврига мансуб бу сарой Истанбулдаги Топкапи саройидан илҳомланиб қурилган бўлиб, унда усмонли, форс ва салжуқ меъморчилик услублари ўзаро уйғунлашган.
Сарой ҳақиқий мажмуа сифатида барпо этилган: унда масжид, мадраса, ҳаммом, ошхона, ҳатто зиндонлар ҳам мавжуд. Унинг энг ҳайратланарли жиҳати — марказий иситиш тизимининг мавжудлиги. Бир вақтлар печларда иситилган сув қувурлар орқали оқиб, бутун саройни совуқ қишларда иситиб турган.
Салжуқийлар давридан қолган ёдгорликларни кашф қилинг
Битлис табиий гўзаллиги ва қадим тарихи билан ажралиб туради. Ван кўли бўйида жойлашган гўзал Татванда Битлис асали ва маҳаллий пишлоқлардан тайёрланган тўйимли нонушта билан кунни бошлашнинг завқи бўлакча. Аҳлат шаҳри тарихи Урарту даврига бориб тақалса-да, унинг энг нодир мероси — Салжуқийлар даврига оид мозор тошларидир. Бу ёдгорликлар Oнадўлидаги илк туркий даврнинг энг ажойиб намуналаридан бўлиб, ўша давр безак санъати ва тош ўймакорлигини яқиндан ўрганиш учун бебаҳо манба ҳисобланади.
Акдамар ороли ва Акдамар черкови: Ван кўлининг ноёб марваридлари
Ван шаҳри — Туркиянинг энг катта кўли бўлмиш Ван кўли соҳилида жойлашган бўлиб, бир вақтлар Урарту подшолигининг пойтахти бўлган. Кейинчалик форс ва Усмонлилар каби кўплаб цивилизацияларга мезбонлик қилган.
Ван кўлидаги энг йирик тўртта оролдан бири Акдамарда ажойиб черков сақланиб қолган. Тошли қоялар бағрида жойлашган Акдамар черкови Васпуракан қироллари учун палатин черков сифатида қурилган ва ўрта асрларнинг катта диний маркази бўлган. Бугун бу ёдгорлик нафис тош ўймакорлиги ва ранг-баранг фрескалари билан миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.