Qidirish

17:35 / 2025-12-12 29 0 Жамият

“Электрон рецепт” тизими орқали даволаш хавфсизлиги ва дори тақсимоти назорат қилинади – ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий баёнотига кўра, электрон рецепт тизими жорий этилиши орқали даволаш хавфсизлигини ошириш, шифокорларнинг дори тайинлашдаги масъулиятини кучайтириш ва контрафакт ёки нотўғри қўлланилаётган дори воситалари айланмасини тартибга солиш мақсад қилинган. Тизим 15 та тажриба ҳудудида жорий этилган бўлиб, босқичма-босқич республика бўйлаб кенгайтирилади ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда зарур дори воситалари етказиб берилиши кафолатланади.

world-news

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда электрон рецептлар тизими фаол муҳокама қилинмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Қайд этилишича, тизимнинг асосий мақсади — даволаш хавфсизлигини ошириш, беморлар саломатлигини ҳимоя қилиш, шифокорларнинг дори тайинлашдаги масъулиятини кучайтириш ва контрафакт дори воситалари айланмаси билан боғлиқ хавфларни камайтиришдан иборат.

Ҳозирда “Электрон рецепт” тизими Тошкент шаҳри ва норматив ҳужжатларда белгиланган 15 та туманда жорий этилган. Маълум қилинишича, республика бўйлаб кенгайтириш 2026 йил охиригача босқичма-босқич амалга оширилади, натижалар таҳлил қилиниб, техник ва ташкилий муаммолар инобатга олинади.

Фуқаролар хавотирга тушмаслиги керак: фавқулодда ҳолатларда, болалар, кекса ёшдаги шахслар ва сурункали касалликка чалинган беморлар зарур дори воситаларисиз қолмайди. Бу тоифадаги беморлар алоҳида назоратда бўлади.

Вазирликда вазир раҳбарлигида доимий ишчи гуруҳ ташкил қилинган. Қайд этилишича, ушбу гуруҳ тизимнинг қўлланилишини мониторинг қилади, мурожаатларни кўриб чиқади, поликлиникалар юкламасини ва рақамли сервисларни таҳлил қилади ҳамда зарур бўлса тезкор тузатишлар киритади.

Шунингдек, шифокор рецептисиз бериладиган асосий ҳаётий муҳим дори воситаларининг базавий рўйхати шакллантирилган ва аҳолига тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш имконини таъминлайди. Маълум қилинишича, рўйхат халқаро амалиёт, шифокор тавсиялари ва ҳаётий ҳолатлардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

Тижорат ва амалиётдаги муаммолар бўйича мурожаатлар учун Тошкент ва 15 та тажриба ҳудудида телеграм @ssv_pilotbot ташкил этилди. Қайд этилишича, барча мурожаатлар устувор тартибда кўриб чиқилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчиликни тизим янгиланиши ва дори воситалари тақсимоти ҳақида мунтазам хабардор қилиб боради.

 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш