Qidirish

19:42 / 2025-12-17 37 0 Сиёсат

Конституциявий шикоят институти самарадорлиги оширилади

Президент Шавкат Мирзиёевга фуқаро ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида суд ишида қўлланилган қонун Конституцияга зид деб топилганда суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартибини жорий этиш, «конституциявий шикоят» институти самарадорлигини ошириш ҳамда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштиришга оид таклифлар тақдим этилди.

world-news

Президент Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни фуқаро ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш бўйича тақдимот билан танишди.

Тақдимотда Конституциявий суд ваколатларини тўлақонли амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаси экани таъкидланиб, бу йўналишда ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.

Жумладан, Конституциявий суд томонидан ҳар йили мамлакатда конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича киритиладиган таклиф ва тавсияларни амалга ошириш самарадорлигини ошириш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, фуқаро ва тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча сансалорликларни бартараф этиш назарда тутилган.

«Конституциявий шикоят» институти самарадорлигини ошириш мақсадида, агар суд ишида қўлланилган қонун Конституцияга мувофиқ эмас деб топилса, тегишли суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш тартибини жорий этиш таклиф қилинди. Бу мурожаат этувчиларнинг суд орқали ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Шунингдек, Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш орқали аҳоли учун қулайликлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, суд мажлисларида онлайн иштирок этиш, мажлисларни интернет орқали жонли трансляция қилиш, шунингдек, вазирлик ва идоралар ўртасида электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Тақдимотда Конституциявий суднинг халқаро нуфузини ошириш, хорижий мамлакатларнинг конституциявий судлари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги ҳам қайд этилди. Суднинг Осиё конституциявий судлари ассоциациясига раислиги доирасида мамлакатимизда ва хорижда халқаро тадбирлар ўтказиш режалари маълум қилинди.

Бундан ташқари, одил судловни таъминлашга қаратилган бошқа ташаббуслар, жумладан, иқтисодий ва маъмурий судларни аҳоли ва тадбиркорларга янада яқинлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Судларга мурожаат қилишда экстерриториал тегишлиликни автоматлаштирилган ахборот тизими орқали белгилаш таклифи илгари сурилди.

Президент Шавкат Мирзиёев билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни сифатли ва тизимли амалга ошириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш