Qidirish

13:38 / 2025-12-02 22 0 Сиёсат

Президент Жиззахда йўл, АЭС ва шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишди

Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев янги йўл ўтказгич, атом электр станцияси қурилиши ва шаҳарни замонавий қиёфага келтириш бўйича режалар билан танишиб, масъулларга аниқ топшириқлар берди.

world-news

Президент Шавкат Мирзиёев 2 декабр куни Жиззах вилоятига ташриф буюриб, замонавий йўл инфратузилмаси, атом энергетикаси ва шаҳарсозлик бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Вилоят марказини М-39 халқаро автомобиль йўлига боғлаш мақсадида қарийб 290 миллиард сўм сарфлаб, 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 километрлик янги автомобиль йўли қурилди. Янги йўл кунига 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имконига эга. Илгари аҳоли шаҳарга кириб-чиқиш учун 25 километрлик айланма йўлдан фойдаланган бўлса, эндиликда бу масофа 4 километргача қисқарди ва тирбандлик муаммоси бартараф этилди.

Металл конструкциялардан замонавий технология асосида барпо этилган ушбу ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йилгача баҳоланмоқда, бу эса анъанавий темир-бетон иншоотларга нисбатан икки баробар кўпдир. Авваллари поездлар ўтган пайтда автомобиллар темир йўл кесишмасида тўхтаб қолар эди, эндиликда эса янги ўтказгич туфайли тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизматларнинг ҳаракати енгиллашди.

Шу ернинг ўзида давлат раҳбарига Жиззах вилоятида барпо этилаётган атом электр станцияси лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Айни пайтда икки та кам қувватли ва икки та катта реактордан иборат АЭС қурилиши бошланган. Реактор бинолари учун котлован қазиш, қурилиш-монтаж базаси учун ер текислаш, бетонлаш ва арматура ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Қурилишда ишлайдиганлар учун вақтинчалик турар жойлар ҳам барпо этилган.

АЭС учун зарур қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш, олийгоҳларда соҳага оид кадрлар тайёрлашни кенгайтириш ва келгусида бу ерда меҳнат қиладиган мутахассислар ҳамда уларнинг оилалари учун АЭСдан 16 километр узоқликда, 10 минг кишига мўлжалланган моношаҳарча қуриш режалари тақдим этилди. Унда барча зарур ижтимоий ва хизмат кўрсатиш инфратузилмалари бўлиши кўзда тутилган.

Президент Жиззах шаҳрига кириш қисмини замонавий қиёфага келтириш бўйича мастер-режа ва реновация лойиҳалари билан ҳам танишди. Дастур асосида эски уй-жойлар ўрнида янги, хавфсиз ва қулай турар жойлар қуриш, ИТ-марказ ва ҳунармандчилик маркази барпо этиш, мавжуд мажмуаларни реконструкция қилиш ҳамда гавжум кўчаларни тартибга келтириш режалаштирилган.

– Жиззахга келишимиздан мақсад – вилоятдаги янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш. Бугунги Жиззах кечаги Жиззах эмас. Имкониятлар бир неча баробарга ошди. Бу салоҳиятни аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган аниқ лойиҳаларга айлантиришимиз керак, – деди Президент.

Тақдимотлар якунида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш