Qidirish

20:35 / 2026-01-14 43 0 Ҳодисалар

Махсус рейд. Тошкентда экологияга катта хавф туғдирган завод бошқа ҳудудга кўчирилади

Кўрилган чоралар натижасида атмосферага қарийб 226,7 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олди олиниб, бу Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади.

world-news

Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Махсус комиссия ҳавонинг ифлосланишини камайтириш мақсадида саноат корхоналарида экологик рейдлар давом этмоқда.

Навбатдаги рейдлар 13 январь куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт ва Сергели туманларидаги саноат зоналарида ўтказилди. Рейд тадбирида биринчи бўлиб, Сергели туманида В. Л. Галпарин номидаги Тошкент қувур заводи фаолияти текширилган.

Мазкур завод пайвандланган қувурлар ишлаб чиқаради ҳамда атроф-муҳитга юқори даражада таъсир кўрсатувчи корхоналар тоифасига киради.

Янгиҳаёт туманидаги Жанубий саноат зонасида Ўзвторсветмет АЖ корхонаси фаолияти ҳам текширилди. Ушбу корхона экологик хавфи юқори бўлган объектлар сирасига киради.

Аввалроқ, 2025 йил октябр ойида бу ерда текширув ўтказилиб, унинг якунларига кўра мажбурий кўрсатма берилган.

Махсус комиссия қарори ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан берилган кўрсатмага мувофиқ, завод бошқа ҳудудга кўчирилмоқда ҳамда Янгиҳаёт туманида ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатмоқда.

Эскирган ва экологик жиҳатдан зарарли эритиш печлари утилизация қилинади, корхона эса бошқа ҳудудда технологик жиҳатдан янада такомиллашган ускуналарда ўз фаолиятини давом эттиради.

Кўрилган чоралар натижасида атмосферага қарийб 226,7 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олди олиниб, бу Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади.

Шунингдек, Жанубий саноат зонасида Иккиламчи қора металлар корхонасининг Тошкент филиали фаолияти ҳам текширилди. Мазкур корхона металлоломни саралаш ва пресслаш билан шуғулланади ҳамда атроф-муҳитга ўртача даражада таъсир кўрсатувчи объектлар қаторига киради.

Текширувлар якунига кўра барча корхоналарга экологик меъёрларга қатъий риоя этиш бўйича қатъий кўрсатмалар берилган. 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш