Сўнгги янгиликлар
Терговчи ва судьянинг хатоси – «хато», оддий фуқароники эса – «жиноят»ми?
"Уч қаҳрамон" бозоридаги ёнғинда 74 млрд сўм зарар кўрилган
“Афросиёб” тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди
Янги Тошкент метро линияси 2026 йилда қуриб битказилади
Ўзбекистон юқори даромадли давлат бўлиши учун 100 йил керак
Хорватияга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
Миграция агентлиги хориждаги фуқароларни уруш хавфидан огоҳлантирди
Ўзбекистонда июль ойида янги автомобиль сотувлари рекорд даражада ошди
Терговчи ва судьянинг хатоси – «хато», оддий фуқароники эса – «жиноят»ми?
Ҳар куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ёки адолат учун курашаётган айрим адвокатларнинг пора билан қўлга олингани ҳақида гувоҳ бўлмоқдамиз.

Шу билан бирга, ушбу тизимлар ҳар куни «Коррупцияга қарши кураш« шиори остида йиғилиш ва мажлислар ўтказмоқда. Бу ҳолатлар ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилмоқда. Аммо бу ҳаракатлар ҳозирча кўзга кўринадиган натижа бермаяпти.
Нега?
Чунки коррупцияни фақат пора олганларни ушлаш билан бартараф қилиб бўлмайди. Пора олиш — коррупциянинг фақат бир кўриниши, холос. Коррупция — мансаб ёки ваколатдан шахсий ёки бошқалар манфаати йўлида фойдаланиш билан боғлиқ кенг қамровли муаммодир.
Баъзи ҳолларда мансабдор шахслар томонидан содир этилган ғайриқонуний ҳаракатларни яшириш учун судлар асоссиз, қонунга зид ва адолатсиз қарорлар чиқаради. Бу ҳам коррупциянинг бир тури ҳисобланади.
Албатта, пора олувчиларни фош қилиш коррупцияга қарши курашда муҳим қадам, лекин бу етарли эмас. Бу ҳолат — касалликни енгиш эмас, балки симптомларни даволашга ўхшайди.
Касалликнинг илдизи қаерда?
Менинг фикримча, суд тизими — ҳуқуқ соҳасидаги коррупциянинг илдизидир. Бу соҳадаги порахўрликнинг авж олишига суд тизимининг шаффоф эмаслиги катта таъсир кўрсатмоқда ва коррупция учун қулай шароит яратмоқда. Жамиятда судга ишонч паст бўлгани учун фуқаролар муаммоларини пора билан ҳал қилишга уринмоқда.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор фаолиятида хато қилиш эҳтимоли мавжуд, лекин суд — инсон тақдирига дахл қилувчи орган сифатида хато қилиш ҳуқуқига эга эмас, деб ҳисоблайман.
Суд зали — фақат ҳукм чиқарадиган жой эмас, балки инсон тақдири, жамиятнинг ахлоқий юзи ва адолат мезонлари синовдан ўтадиган муқаддас маскан бўлиши керак.
Афсуски, айрим судьялар ўзларининг асоссиз қарорлари билан бутун суд тизимида ҳалол ва адолатли ишлаётган судьялар обрўсига путур етказмоқда.
Судга ишонч – жамият асосидир
Қонунга кўра, ҳар бир суд қабул қилган қарорини асослаши шарт. Бу — суд қарорининг қонуний, асосли ва адолатли эканини далиллар ва қонун нормалари асосида тушунтиришни англатади. Суд фақат қонун моддасини эмас, балки унинг мазмунини ҳам изоҳлаб бериши, далилларни баҳолаши ва қайси бирини рад этгани ёки қабул қилганини мантиқий тушунтириши керак.
Аммо судларда шаффофликнинг етишмаслиги туфайли бу талаблар кўпинча бажарилмайди. Негаки, кўп қарорлар асосли ҳам, қонуний ҳам эмас. Кўпинча «ўзим хон — кўланкам майдон» тарзида иш юритилади.
Бу эса жазонинг муқаррарлиги принципини бузади. Асоссиз қарор чиқарган судьялар жазодан қутулиб кетмоқда. Аксинча, улар баъзан юқори лавозимларга ҳам тайинланмоқда.
Менинг шахсий мисолим:
Суд-ҳуқуқ соҳасида қирқ йиллик тажрибага эга инсон сифатида, қандай ҳаракат жиноят ҳисобланишини жуда яхши биламан.
Бир неча марта айрим судьяларнинг жиноий ҳатти ҳаракатлари устидан шикоят қилганман. Бироқ бу судьялар устидан хизмат текшируви ўтказилиши рад қилинмоқда. Нима учун? Чунки бу судьяларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари бор.
Яқинда ҳам тергов органининг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган ҳимоямдаги шахсни жиноий таъқиб қилган жиноят ишини кўрган бир судья тергов органини жиноятларини беркитиш эвазига суд мажлиси баённомасини сохталаштирганини далиллар асосида исботлаб, юқори судига шикоят бердим.
Не кўз билан кўрайки, ишимни кўраётган судлов ҳайъати аъзоларидан бирининг (маърузачи) устидан бундан 10 йиллар олдин ҳам бир эмас, икки марта ҳужжатларни сохталаштиргани устидан шикоят қилган эдим. Ваҳоланки, Навоий вилоят прокурори ўшанда бу судьянинг қонунсиз қарори устидан мени шикоятим асосида протест киритиши оқибатида унинг адолатсиз суд қарори бекор қилинган эди. Лекин бу судья жазосиз қутулиб қолган.
Мен ушбу судьянинг холислигига шубҳа билдириб, раддия бердим, аммо у асоссиз равишда рад этилди. Ҳатто суд тергови ўтказилмасдан, менинг шикоятим қаноатлантирилмай қолдирилди. Бундай ҳолда судья жиноятни яширган ҳамкасбининг шеригига айланди.
Мамлакатимизда ҳалол ва пок яшашни ўз ҳаётининг маънавий тамал тоши деб билувчи инсонлар кўп. Бироқ афсуски, бундай инсонлар кўпинча қийинчиликка дуч келади. Бу инсонларнинг иродаси кучли бўлиши лозим.
Нега ҳалол инсонлар кўпчиликни ташкил қилсада, ўз манфаатини биринчи ўринга қўядиганлардан мағлуб бўлади?
Сабаби — ҳалоллар орасида ҳам бефарқлар бор. Бефарқ инсон эса душмандан ҳам хавфлироқ.
Минг афсус, президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ тизимида қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, адолат ва умуминсоний қадриятларга асосланган қарорлар қабул қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар айрим мансабдорлар томонидан ўз манфаатларини устун қўйиш орқали қадрсизлантирилмоқда.
Бу эса жамоатчиликда суд-ҳуқуқ ислоҳотларига нисбатан ишончсизликка сабаб бўлмоқда. Бундай амалпарастларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш ва уларнинг жавобгарлигини таъминлаш — давлат ва давр талаби.
Адвокат Ишмуратов Э.И.



