Qidirish

15:15 / 2025-08-23 111 0 Мақолалар

«Сабрнинг ҳам чегараси бор»: Самарқандлик тадбиркорнинг йиллар давомида ҳал қилинмаётган мурожаати…

Сабрнинг ҳам чегараси бор. Айрим одамлар ҳақиқатни билиб туриб ҳам тан олмаслиги, жамиятимизда илдиз отаётган иллатлардан бирига айланиб бораётганини кўриб, кўз юма олмаймиз. Бу ҳолат айримларнинг қон-қонига сингиб кетган, десак асло муболаға эмас. Нима учун бу гаплар ёзилаётганини мақола давомида билиб оласиз.

world-news

Таҳририятимизга минглаб мурожаатлар келиб тушар экан, биз ҳар бир мурожаатни диққат билан ўрганиб, асл муаммо нимада эканлигини англашга ҳаракат қиламиз. Бу галги мурожаат ҳам биздан четда қолмади. Гап шундаки, самарқандлик тадбиркор Азиз Ибодуллаевнинг анча йиллардан бери ечими топилмаётган муаммоси ҳақида.

Юқорида кўзингиз тушган бўлса, биз тадбиркорнинг дастлабки муаммоси ҳақида сайтимизга кўплаб мақолалар жойлаган эдик.

Мурожаатчининг айтишича, Самарқанд вилоят иқтисодий судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг 2019 йил 5 декабрдаги 4-1401-1903/785-сонли иши бўйича қабул қилинган қарорида коллеж ўз ҳудудида иншоотни қонуний қурдирганлиги кўрсатилган.

Шунга кўра, собиқ Самарқанд озиқ-овқат касб-ҳунар коллежи (буюртмачи) ҳудудида жойлашган ёзги футбол майдони ўрнига, йилнинг тўрт фаслига мўлжалланган икки замонавий ёпиқ мини-футбол майдонлари 2017 йил “Мустақиллик” байрамига қуриб битказилган.

Шундан сўнг, коллеж маъмурияти 2013 йил 8 июндаги 25-сонли хати билан Бошқармадан ёзги футбол майдонини “Ёшлар” МЧЖга замонавий ёпиқ мини-футбол майдон қуриши (қурилишга сарфланган харажатни ижара ҳақи ҳисобидан қоплаш шарти билан) ва фойдаланиши учун ижарага беришга рухсат сўраган.

Ваҳоланки, Самарқанд вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими Бошқармаси 2013 йил 14 июндаги 06-09/20-1034-сонли хати орқали бу таклифга қарши эмаслигини билдирган.

Бундан ташқари, қуйидаги ҳужжатлар ҳам мавжуд:

2013 йилда тузилган уч томонлама ижара шартномаси;

“Меморқурилишлойиҳа” МЧЖнинг лойиҳа ва сметаси;

Келишилган қўшимча бино қурилиш тавсифнома таклифи;

Самарқанд шаҳар ИИБ ЁХБ томонидан берилган хулоса;

Самарқанд шаҳар ДСЕНМнинг хулосаси;

Самарқанд шаҳар бош архитектори назорат варақаси;

Самарқанд шаҳар ҳокимининг “Қурилишга рухсат бериш” тўғрисидаги қарори;

Самарқанд шаҳар бош архитектори билан келишилган проект;

Самарқанд вилоят бош архитектори томонидан тасдиқланган Генплан;

Самарқанд шаҳар архитектура-режалаштириш тўплами;

2017 йилда тузилган уч томонлама ижара шартномаси;

далолатнома (бажарилган ишни топшириш ва қабул қилиш);

Самарқанд вилоят давлат экспертиза бошқармасининг йиғма эксперт хулосаси ва коллежнинг ер, бино-иншоотлар кадастр ҳужжатлари тўпламини тузиш учун Самарқанд шаҳар ҳокимига 2018 йил 26 июндаги 24-сонли йўллаган хати ҳам мавжуд.

Бу ҳужжатлар қурилишнинг ҳар томонлама қонуний эканини кўрсатади. Аммо, барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлишига қарамасдан, Самарқанд шаҳар “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси Самарқанд шаҳар филиали ижрочилари Ш. Авазов ва А. Турсунов масъул ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси 95191 ҳарбий қисми собиқ командири Исрофил Ибрагимов билан тил бириктириб, коллежнинг кадастр ҳужжатига қурилган иншоотни киритмасликка ҳаракат қилган.

Натижада, “Самарқанд шаҳар, Нор Ёқубов кўчаси, 2-уй манзилда жойлашган Самарқанд озиқ-овқат касб-ҳунар коллежи ўқув ва ёрдамчи бинолари тўғрисида”ги 2018 йил 26 июндаги 1063/6-сонли маълумоти (инвентаризация хулосаси) да ёпиқ мини-футбол майдонлари атайлаб кўрсатилмаган.

Шунга кўра, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2018 йил 29 июндаги 1159-Q-сонли қарорида иншоот қайд этилмасдан қолган. Шундан кейин энг қизиғи, Миллий гвардиянинг 95191 ҳарбий қисми 2019 йил 23 апрелда 493-сонли даъво аризаси билан Самарқанд шаҳар иқтисодий судига мурожаат қилиб, мазкур объектни ноқонуний қурилиш деб баҳолаган ва 2690,37 кв.м иморатни МЧЖ ҳисобидан мажбурий бузишни сўраган ва ҳал қилув қарори чиққан.

Бироқ, тадбиркор Азиз Ибодуллаев адвокат ёллаб, коллежга бориб қурилишга оид барча ҳужжатлар нусхаларини олиб судга тақдим этган. Самарқанд вилоят иқтисодий судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъати иншоот қонуний қурилганини инобатга олиб, 2019 йил 5 декабрда Миллий гвардиянинг даъвосини рад этган.

Шундан кейин, Миллий гвардиянинг Самарқанд шаҳар, вилоят ва Республика иқтисодий судларига қилган шикоятлари қаноатлантирилмаган ва қарор ўз кучида қолган. Шунингдек, Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими бош архитекторининг 2023 йил 17 мартдаги 383-сонли хатида ҳам иншоот шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида қонуний қурилгани яна бир бор тасдиқланган.

Бироқ, тадбиркорнинг таъкидлашича, МИБ Самарқанд шаҳар бўлими суд ҳужжатлари ижросини ҳанузгача таъминлаб бермаган. Унинг айтишича, 785-сонли апелляция инстанция қарори ҳозирда ҳам қонуний кучга эга.

Шундай қилиб, барча далилларга қарамай, МИБ Самарқанд шаҳар бўлими йиллар давомида иккита ижро варақалари ижроси таъминланмаганидан тадбиркор таажжубда.

Азиз Ибодуллаевнинг мақсади – ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси фойдаланаётган иншоот учун тўланиши керак бўлган маблағнинг қолган 50 фоиз қисмини ундириш. У инсонпарварлик тамойилларига таянади ва юқори ташкилотлардан амалда ёрдам беришларини, мурожаатга қонунан, виждонан ёндашишларини сўрамоқда.

Ушбу воқеа орқали бир нарса ойдин кўринади: ҳужжатлар қонуний тўпланган, суд қарорлари тадбиркор фойдасига чиқарилган, ҳатто шаҳар ва вилоят архитектураси ҳам иншоотнинг қонунийлигини тасдиқлаган.

Аммо амалда эса, суд ҳукми ижро этилмаяпти. Бу ҳолат мамлакатимизда қонун устуворлиги масаласига жиддий савол қўяди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасида эълон қилинган. Бироқ, амалий ҳаётда тадбиркорнинг меҳнати, сармояси ва ҳуқуқи ҳали ҳам турли бюрократик тўсиқларга учраётгани афсусланарли ҳол. Агар қонун ҳукми ишламаса, тадбиркорнинг ишончини қандай сақлаб қолиш мумкин?

Жамиятда адолат тантана қилиши учун қонун ҳужжатлари қоғозда эмас, амалда ишлаши шарт. Агар суд қарорлари бажарилмаса, тадбиркорнинг меҳнати ва орзуси пучга чиқиши мумкин. Бу эса нафақат бир тадбиркорнинг, балки бутун жамиятнинг ишончини йўқотади.

Азиз Ибодуллаевнинг мурожаати орқали биз яна бир бор қонун устуворлигини таъминлаш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қанчалик долзарб масала эканини кўриб турибмиз.

Зеро, адолат бор жойда тараққиёт бўлади. Агар тадбиркорнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилинса, у янада кўпроқ ишлаб чиқаради, янги иш ўринлари яратади ва мамлакат равнақига ҳисса қўшади.

Демак, бу масала бир инсоннинг муаммоси эмас, балки бутун жамият учун долзарб масала ҳисобланади. Бунинг учун Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев ва масъул идораларгача ҳамма ташкилотлар қонун ва виждон асосида ҳаракат қилишлари зарур.

Муаллиф: Гулбиби Эшматова

Изоҳлар 0

Фикр билдириш