Сўнгги янгиликлар
Чиқинди хизматларидан қарздор абонентларнинг август ойидан бошлаб электр энергияси тўловига чеклов ўрнатилади
Анқара “2026 йил Турк дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилинди
Ўзбекистон Ҳукуматининг Гулнора Каримова бўйича расмий позицияси эълон қилинди
Учтепа туманида жойлашган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди
Ўзбекистонда олтин-валюта захиралари 6 ой ичида биринчи марта камайди
«Ғалабанинг номи — Туркия»дир: 15 июлдаги драматик тун нималар билан ёдда қолган?
Туркия ўрмон ёнғинларига қарши курашишда қандай йўлдан бормоқда?
GoTürkiye янги мини сериални тақдим этади: Istanbul My Love
«Ғалабанинг номи — Туркия»дир: 15 июлдаги драматик тун нималар билан ёдда қолган?
2016 йил 15 июль кечаси нафақат Туркия, балки бутун жаҳон демократиясида тарихий бурилиш бўлди. Ўша машъум тун, демократик қадриятларга рахна солмоқчи бўлган фитнанинг нақадар ваҳший ва қонли тус олиши мумкинлигини бутун дунёга яққол намоён этди.

Демократияга бўлган чуқур ишончи, букилмас иродаси ва жасорат билан фитначиларга қарши бош кўтарган турк халқи, бу муқаддас диёрда миллий ирода ҳеч қачон зўравонлик ва тажовуз олдида тиз чўкмаслигини яна бир бор бутун башариятга қатъий оҳангда эълон қилди.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг чақириғи билан халқ, сиёсий қарашларидан қатъи назар, Ватанини, озодлигини ва демократиясини ҳимоя этиб, жаҳонга ибрат бўладиган бирдамлик ва матонат намунаси кўрсатди.
«Фатҳуллоҳчи террор ташкилоти» (FETO) томонидан пухта режалаштирилган ва бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг бир қанча йирик шаҳарларида амалга оширилган бу хоинона ҳужум, давлатимизнинг асосий устунларига зарба бериб, Туркияни нотинчлик ва тартибсизлик гирдобига тортишни кўзлаган эди. Аммо халқимиз ўз иродаси ва бирлиги билан тарихий сабр-тоқат ва жасорат кўрсатди.
Бу муқаддас кураш — турк миллати учун шунчаки сиёсий қаршилик эмас, балки демократия, миллий ирода ва мустақилликни ҳимоя қилиш йўлида адо этилган ватанга садоқат бурчи, муқаддас бир вазифа эди. Ушбу даҳшатли тўнтариш уринишида 252 юртдошимиз шаҳид бўлди, 2740 нафар қаҳрамонимиз эса ғозийлик шарафига муяссар бўлди. Халқимизнинг бу жасорати ва фидойилиги ҳеч қачон унутилмайди; жон ва қон эвазига қўлга киритилган бу ғалаба авлоддан авлодга ўтадиган шараф тимсолидир.
Тўнтариш уринишидан сўнг Туркия жамоат тартибини янада барқарор ва мустаҳкам шаклда тиклаш йўлида қатъиятли кураш олиб борди. Мамлакатимиз келажагига тажовуз қилганларга нисбатан қонун устуворлигини бузмасдан суд-ҳуқуқ жараёнларини бошлади ва шу орқали демократиясини янада мустаҳкамлади.
Шуни очиқ ва қатъий таъкидлаш жоизки, бугунги кунда демократияга бўлган таҳдидлар алоҳида давлатларнинг эмас, балки бутун башариятнинг умумий муаммосига айланган. Асл синов эса— бу хавфга қарши елкама-елка, қатъий ирода билан бир сафда туришга қодир бўлишдир.
Маълумки, FETO етакчисининг ўлими бу ташкилот ичида емирилиш жараёнини тезлаштирди ва террор тузумининг қулашини янада жадаллаштирди. Афсуски, айрим хорижий кучларнинг ушбу тузилмага ҳанузгача яширин ёки ошкора кўмак кўрсатаётганини биламиз. Ана шундай ёрдамлар қаршисида халқаро босимни кучайтириш зарур.
Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлайман: террорчи ташкилотларни қўллаб-қувватловчи, уларга паноҳ берувчи ёки ҳамдардлик билдираётган давлатлар эшитиб қўйсинлар: Туркия — ўз йўналишини террор ташкилотлари, қўғирчоқлар ва воситачилар орқали белгилайдиган мамлакат эмас. Туркия ўз демократик тузумига ва миллий бирдамлигига рахна солувчи ҳеч қандай тузилмага лоқайд қарамайди. Терроризмга қарши курашимиз ҳам саҳнада, ҳам дипломатик майдонда қатъият билан давом этади. Бу борада ҳеч кимда шубҳа бўлмасин.
Президент раҳбарлигида давлатимиз, мамлакатимиз ичида ҳам, халқаро майдонда ҳам террорга қарши курашда бир қарич ҳам ортга чекинмай терроризмга қарши курашни қатъият билан давом эттирмоқда. Биз эса, Туркия Республикаси Коммуникация Бошқармаси сифатида, 15 июль кечаси халқимиз ёзган достонни; FETO ташкилотининг зулматга бурканган башарасини, жиноятларини ва бузғунчи фаолиятларини миллий ва халқаро миқёсда ҳар томонлама ёритишда давом этяпмиз.
Хулоса қилиб айтганда, 15 июлдаги қонли тўнтариш уринишининг бартараф этилиши, халқимиз томонидан глобал эксплуатация ва террор тузумига қарши кўрсатилган улкан қаршилик, жасоратли позициясини очиқча намойиш этишдир. Бугун Туркия ўз демократиясини қандай ҳимоя қилаётган бўлса, худди шундай қатъият билан глобал адолатни ҳам ҳимоя қилмоқда. Бу кураш халқимиз иродаси ва Президентнинг қатъий раҳнамолиги билан тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Энди бутун дунё очиқ-ойдин англаб етмоқдаки, Туркия минтақавий ва глобал масалаларда нафақат майдонда, балки музокара столида ҳам етакчи сўз эгасидир. Юртимиз нафақат ўз манфаатлари учун, балки минтақа ва бутун инсоният учун тинчлик ва барқарорликни ҳимоя қилувчи кучли ва фаол сиёсий актёрдир. Туркиянинг зиддият ва инқирозларни бартараф этишдаги воситачилик роли — синов ва тўқнашувлар гирдобида қолган мазлум халқлар учун чинакам умид манбаига айланиб бормоқда.
Унутмаслигимиз керакки, демократия фақатгина бир давлатнинг эмас, балки бутун инсониятнинг умумий қадриятидир. 15 июль руҳи — истиқбол сари йўл очувчи маънавий маёқ бўлиб, демократияга бўлган садоқатимизни яна бир бор тасдиқламоқда.
Эркинлик ва демократия йўлида жонини фидо қилган шаҳидларимизнинг муқаддас хотираси — бугун халқимизни демократик қадриятларга садоқатда бардавом тутаётган энг кучли маънавий илҳом манбаларидан биридир. Туркия кеча қандай қилиб ўз демократияси, эркинлиги ва мустақиллигини мардонавор ҳимоя қилган бўлса, бугун ҳам худди шу жасорат ва қатъият билан уни асраб-авайлашда давом этмоқда. Айнан шу сабабли ҳам: «Ғалабанинг номи — Туркия»дир.
Профессор Фахриддин Альтун, Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари



