Qidirish

19:14 / 2025-06-12 82 0 Мақолалар

«Неварамнинг чет элда ўқиши учун қандай пул топсам деб уйқуларим қочади» – олмалиқлик фаол «Умид» фонди ёпилганидан ранжиб, янги таклиф билан чиқди

Ҳурматли EFFECT.UZ журналистлари! Сизларнинг эътиборингизга бир мавзу таклиф этмоқчиман, агар ечими бор бўлса, бу муаммони ҳал этишда бизга ёрдам берсангиз.

world-news

Гап шундаки, кўпчилик ёшлар чет эл ўқув юртларига тестни аъло топширади, грант ҳам ютади, лекин чет элга ўқишга бора олмайди. Буни асл сабаби, баъзи ёки барча чет эл ўқув юртлари талаба шу юртга боришдан олдин, талаба ҳисоб — рақамида (15 минг $ АҚШ доллар, масалан Кореяда) маблағ бўлишни талаб қилади.

Бу маблағни (суғурта маблағи деб атайлик), талаба ҳисоб — рақамига чет эл грант маблағи келиб тушгунча, уз эҳтиёжлари учун ишлатиб туришга керак бўлади. Бу маблағ, (15 минг $ АҚШ доллари), грант маблағи талаба ҳисоб — рақамига келиб тушганидан сўнг, қайси ҳисоб — рақамидан келган бўлса, шу ҳисоб — рақамга тўлиқ қайтаркан. (Менимча, бу тўғри талаб, чунки талаба ўзга юртда маблағсиз қолмайди).

Худди шу муаммо, ёшларни қийнайди. Ҳамма ота — оналар ҳам шунча долларни топиб бера олмайди, шунинг учун ҳам кўпчилик талабалар бу талабни бажара олмай, чет элга ўқишга боролмайди.

Юртимизда бу муаммони ечими борлигини билмайман, агар сизда бундай маълумот бор бўлса, менга шу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман. Агар муаммонинг ечими йўқ бўлса, унда бу мавзу канал орқали ёритилиб, муҳокама қилиниб, мутахассислар ва мутассади ташкилот билан шу муаммо ечимини топишни истардик.

Юртимизда чет элга ўқишга кирган талаба ёшлар учун «ёрдам фонди» ни ташкил этсак, талабага берилган маблағ йўқ бўлиб кетмайди, маълум муддатдан сўнг яна «ёрдам фонди» ҳисоб — рақамига тўлиқ қайтиб тушади.

Мен Ўзбекистонда «Умид» фонди ҳақида эшитгандим, бу фонд талабалар чет элда ўқиб, юртига қайтмаганлиги сабабли, ўзини оқламади деб, ёпилиб кетибди. Агар шундай бўлса, бу яхши бўлмабди.

«Тошкентни донини чўқиган чумчуқ маккада бўлса ҳам қайтиб келади» — дейди халқимиз. Кун келиб, бу ёшлар дунёни кўриб, тажриба орттириб, албатта юртига қайтишади. «Умид» фонди талабаларга грант беришган, тўғри бу катта маблағ юртга оғирлик қилиши мумкин.

Мана шу фонд тасарруфида, шу муаммони ҳал этиш учун талабалар учун «ёрдам фонди»ни ташкил этилса бўларди. Бунда маблағ сарф бўлмайди, маълум муддатдан сўнг фондга яна тўлиқ қайтарилади. Балки мутахассислар бошқа вариант таклиф этиб, муаммони ҳал этишар, сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшсангиз яхши иш бўларди.

Бу муаммони кўтаришдан мақсад, менинг неварам шу йили инглиз тилидан IELTS топшириб 7,5 балл олди, чет элда ўқиш нияти бор, лекин мени ҳам шу муаммо жуда қийнайди, қандай маблағ топсам экан деб уйқуларим қочади…

Ҳурмат ва эҳтиром ила, Ш. Матмуратов.

Олмалиқ шаҳар, «Коинот» МФЙ, Обод кўчаси, 36-уй. тел: +998 93 584 93 85.

Маълумот учун, мамлакатимизда ҳар бир соҳани ривожлантиришда кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг ўқиши, мутахассисларнинг тажриба ошириши давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Шу мақсадда «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан 2 минг 225 нафар стипендиатлар 45 га яқин давлатга ўқишга юборилиб, бюджетдан жами 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Ҳозиргача уларнинг 1 минг 400 нафари Ўзбекистонга қайтиб, иқтисодиёт тармоқларида, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқарувида ишламоқда. Бугунги кунда 748 нафар стипендиатлар «ТОП-300» таликдаги нуфузли университетларда таълим олаяпти.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш