Qidirish

22:27 / 2025-12-09 51 0 Жамият

Айрим ҳудудларда давлат органларида кадрлар ротацияси тизими жорий этилади

2026 йил 1 январдан 33 та туман ва шаҳарда давлат органларида раҳбарлар учун ротация тизими ишга туширилади. Унга кўра, раҳбарлар ҳар 5 йилда бошқа ҳудудга ротация қилинади ва уларнинг фаолияти электрон платформа орқали онлайн мониторинг қилинади.

world-news

“Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–243-сон, 06.12.2025 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, давлат органларининг вазифа ва функциялари қуйидаги беш даражага ажратилади: конституциявий ва миллий, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий, туман (шаҳар) ва маҳалла (қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини даражаси.

Ротация тизими қуйидагича амалга оширилади:

▶️ Республика ижро этувчи ҳокимият органлари туман (шаҳар) бўлинма раҳбари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳар 5 йилда, қоида тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри доирасида бошқа туман (шаҳар)га ротация қилинади.
▶️ Ротация қилинадиган раҳбарлар Агентликнинг “hrm.gov.uz” электрон платформаси орқали аниқланади.
▶️ Ротациядан олдин раҳбарлар ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати бўйича интенсив курсда ўқитилади.
▶️ Янги ҳудуддаги фаолияти Агентлик томонидан электрон платформа орқали онлайн тарзда мониторинг қилинади.

Фармоннинг амалга оширилиши давлат органларида самарали бошқарувни таъминлаш ва кадрлар ротацияси орқали тажриба алмашинувини кенгайтиришга қаратилган.

 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш