Qidirish

22:12 / 2025-08-24 137 0 Ҳодисалар

Қонун четга сурилган сайлов

Ўзбекистонда маҳалла институти демократик бошқарувнинг энг муҳим поғоналаридан бири ҳисобланади...

world-news

Маҳалла раиси сайловлари эса халқнинг тўғридан-тўғри ўз ҳокимиятини шакллантиришига хизмат қилиши керак. Аммо айрим ҳолларда бу жараён қонун талабларидан четга чиқиб, маҳаллий манфаатлар қурбонига айланиб қолмоқда. 

Пастдарғом тумани “Жоул Қосим” маҳалласида юз берган воқеа бунинг яққол исботидир. 2022 йил 8 августда Саид Омонов фуқаролар йиғини раиси этиб уч йил муддатга сайланган. Қонунга кўра, унинг ваколати 2025 йил август ойида тугаши керак эди. Бироқ 2025 йил 22 май куни — яъни ваколат муддати тугамасдан туриб — маҳаллада янги сайлов ўтказилди. Бу ҳолатнинг ўзиёқ қонун бузилишини кўрсатса-да, энг қизиғи, сайлов жараёнининг ўзида ҳам қатор қонунбузарликлар кузатилди.
Саид Омонов сайловдан кейин судга мурожаат қилиб, аризасида 10 дан зиёд жиддий қонунбузарлик ҳолатларини кўрсатди. 

Жумладан:

– унинг ваколати тугамасдан туриб сайлов ўтказилгани;
– ишчи гуруҳ қарорлари ҳақиқий йиғилишсиз тайёрлангани ва сохта имзолар қўйилгани;
– номзодлар рўйхати ўзгартирилиб, айрим қонуний номзодлар чиқариб ташлангани;
– маҳаллада беш йил яшамаган шахс (У.Абдуғаниев) номзод қилиб кўрсатилгани;
– қатнашганлар сони сунъий кўрсатилиб, аслида 60–65 киши қатнашгани ҳолда 
баённомада 160 киши деб ёзилгани;
– овозлар ҳисобида зиддиятлар борлиги ва Петғаевнинг ҳақиқий натижаси сунъий 
равишда оширилгани;
– ишчи гуруҳ иш режаси қонунга хилоф равишда сайлов куниёқ тайёрлангани.

Биринчи босқичда Самарқанд туманлараро маъмурий суди (судья А.Шавази) аризани бир ёқлама кўриб чиқиб, Омоновнинг даъволарини рад этди. Аризачи бу қарорни асоссиз деб топиб, апелляция шикояти билан вилоят маъмурий судига мурожаат қилди.Апелляция жараёнида шикоятда кўрсатилган барча далиллар атрофлича ўрганилди. Суд томонидан “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги 2018 йил 15 октябрда қабул қилинган қонуннинг бир қатор моддалари бузилгани аниқланди. 

Хусусан, ваколат муддати тугамасдан сайлов тайинланиши, номзодлар ҳужжатлари ўз вақтида кўрилмасдан эълон қилингани, қатнашганлар сони сунъий кўрсатилгани ва айрим ҳужжатлар қалбакилаштирилгани суд томонидан жиддий қонунбузарлик сифатида баҳоланди.Шу асосда Самарқанд вилояти маъмурий суди апелляция ҳайъати 2025 йил 4 июнь куни чиқарилган туманлараро суд қарорини бекор қилди ва Омоновнинг аризасини тўлиқ қаноатлантирди. 2025 йил 22 май куни ўтган сайлов ҳақиқий эмас деб топилди.

Бу қарор нафақат битта маҳаллада, балки бутун мамлакатда жамоатчилик назорати ва қонунийликка ишонч учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки маҳалла — халқ давлатга эмас, балки давлат халққа хизмат қилиши керак деган шиорнинг ҳаётий майдонидаги энг катта кўзгуси. Агар маҳаллада адолат ва қонунийлик таъминланмаса, юқори даражадаги ислоҳотлар ҳам халқ онгида самара бермайди. Журналистик таҳлил шуни кўрсатадики, бу каби ҳолатлар икки муҳим масалани очиб берди. 

Биринчиси — маҳаллий сайловларни ташкил этишда қонун талабларига қатъий амал қилиш зарурлиги. Иккинчиси — фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва фаоллиги қанчалик муҳим эканлиги. Агар Саид Омонов ўз ҳуқуқини талаб қилмаганида, эҳтимол, маҳалладаги ноқонуний сайлов “қонуний” сифатида қолиб кетар эди.
Шу билан бирга, бу воқеа прокуратура ва давлат идоралари учун ҳам синов бўлди. Қалбаки ҳужжатлар ва ноқонуний ҳаракатлар ортида турган шахслар аниқланиб, 
жавобгарликка тортилиши зарур. Фақат шундагина келгусидаги сайловларда адолатли рақобат ва шаффофлик таъминланиши мумкин.

“Жоул Қосим” маҳалласидаги воқеа — бу оддий бир маҳалланинг ички иши эмас. Бу, аввало, қонун устуворлиги, халқнинг давлатга ишончи ва демократик жараёнларнинг амалда қандай ишлаётгани ҳақидаги саволларга жавобдир. Агар қонун устувор бўлса, ҳатто кичик бир маҳалладаги сайлов ҳам адолатли ўтади. Агар қонун четга сурилса, энг қимматли институт — халқнинг ишончи йўқолади.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш