Сўнгги янгиликлар
"Уч қаҳрамон" бозоридаги ёнғинда 74 млрд сўм зарар кўрилган
“Афросиёб” тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди
Янги Тошкент метро линияси 2026 йилда қуриб битказилади
Ўзбекистон юқори даромадли давлат бўлиши учун 100 йил керак
Хорватияга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
Миграция агентлиги хориждаги фуқароларни уруш хавфидан огоҳлантирди
Ўзбекистонда июль ойида янги автомобиль сотувлари рекорд даражада ошди
Трамп ва Путин Анкориждаги ҳарбий базада учрашади
"Уч қаҳрамон" бозоридаги ёнғинда 74 млрд сўм зарар кўрилган
Бугун, 14 август куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент туманидаги «Уч қаҳрамон» бозорига бориб, у ерда тадбиркорлик қилаётган фуқаролар ва мажмуа ишчи-ходимлари билан мулоқот қилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, бозор умумий ер майдони 6,5 гектар бўлиб, ҳудудда 902 та дўкон мавжуд. Шундан фаолият юритган дўконлар сони 567 та (56,4 фоиз).
11 август куни йирик ёнғин содир бўлиб, бозорнинг 40 фоизи ёниб кетганди. Маълум қилинишича, масъул шахслар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши оқибатида бозор ҳудудида аланга келиб чиққан. Олов тахминан 8 минг метр квадрат майдонни қамраб олган. Савдо дўконлари ичидаги барча мол-мулклар ёниб кетган.
«Дастлабки маълумотномага кўра, бозор ва фуқароларга жами 74 миллиард сўм миқдорда моддий зарар етказилган», дейилади манбада. Изоҳланишича, биринчи ёнғин-қутқарув экипажлари соат 02:29 да етиб борган. Ёнғин соат 04:46 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов кетмоқда.
«Ёнғиннинг сабаби бозорга киришда ўнг томонда жойлашган биринчи ва иккинчи дўконлар орасидан ўтган электр симларида юзага келган авариядан (ортиқча юкланиш, юқори ўтиш қаршилиги) деб тахмин қилинди. Ёнғин сабабини аниқлаш мақсадида Х.Сулаймонова номидаги экспертиза марказидан экспертлар, ёнғин институт ходимлари ва бошқа мутахассислар иштирокида ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, олинган ашёвий далиллар юзасидан судга оид комплекс экспертиза тайинланган. Ёнғин оқибатида А блокдаги 78 та тадбиркор (106 та дўкон), C блокдаги 11 та тадбиркор (19 та дўкон) ва Э блокдаги 48 та тадбиркор (56 та дўкон), жами 137 та тадбиркор (181 та тадбиркор дўкони ва 76 та бўш дўкон) ёнғиндан зарар кўрган», дея қайд этган ҳокимлик.
Ҳокимлик 12-13 август кунлари бозор маъмурияти томонидан ёнғин оқибатида жабрланган 165 та тадбиркорга фаолиятини давом эттириши учун жой ажратиб берилганини билдирган.
Ҳоким ташрифи чоғида тадбиркорларга бозорнинг келгуси фаолияти хусусида Тошкент метрополитени қарор қабул қилиши тушунтирилган. Маълум бўлишича, 2026 йил 1 мартдан бошлаб «Уч қаҳрамон» бозори ўрнида метрополитен учун зарур инфраструктура объекти қурилиши бошланади.
«Бу ҳақда метрополитен раҳбари Раҳмонбек Усмоновнинг телефон орқали берган изоҳи Зойир Мирзаев томонидан тадбиркорларга етказилди», дейилади манбада. Қайд этилишича, Тошкент вилояти ҳокимлиги тадбиркорларнинг келгуси фаолияти учун Савдо-саноат палатаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.



