Qidirish

18:43 / 2025-08-14 65 0 Ҳодисалар

“Афросиёб” тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди

Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 161-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

world-news

“Темирйўлинфратузилма” АЖ Бухоро минтақавий темир йўл узели “Зиёвуддин темир йўл масофаси” корхонасида темир йўл тўсиқлари бўйича бригадир лавозимида фаолият юритувчи, Навоий шаҳрида яшовчи, 1988 й.т фуқаро 2023 йилнинг декабр ойида корхонада бригадир штат бирлиги тугатилгач, у йўл созловчиси ва темир йўл тўсиқлари қўриқчиси вазифасига ишга ўтказилади.

Лекин, собиқ бригадир ўз норозилигини раҳбариятга кўрсатиб қўйиш мақсадида Кармана туманида яшовчи, 1992 й.т. ҳамкасби билан жиноий режа тузади.
Жорий йилнинг 14 январь куни кечки вақт улар Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани “Бурқут” МФЙ ҳудудида жойлашган “Зиёвуддин-Навоий” темир йўл бекатлари оралиғининг 3872-км ҳудудига бориб, оғирлиги 110 кг бўлган темир-бетон шпални “Афросиёб” электропоезди ҳаракатланувчи темир йўл рельси устига кўндаланг ҳолатда қўйиб, воқеа жойидан яширинишади.

Орадан 15-20 дақиқа ўтиб, “Тошкент-Бухоро” йўналишида 159 км/с тезликда ҳаракатланаётган, жами 148 нафар йўловчиси бўлган “Афросиёб” тезюрар поезди темир-бетон шпал билан тўқнашади. Бунинг натижасида поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмларига жиддий шикаст етади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур шахслар ушланиб, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 161-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан эса қонунбузарлар қўпорувчилик ҳаракатини содир этганликда айбдор деб топилиб, уларнинг бирига 13 йил, иккинчисига эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, қўпорувчилик ҳаракати натижасида жиноятчилар томонидан “Афросиёб” поездига 260 млн сўм миқдорида зарар етказилганлиги боис, ушбу пул маблағи давлат ҳисобига ундириб олинди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш