Сўнгги янгиликлар
Омбудсманнинг тақдимномасига асосан ССВ Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига қарийб 2 млрд маблағ ажратди
Ўзбекистонда 6 ойда 5 мингдан ортиқ фуқаро оилавий зўравонлик учун жазоланди
“А.У.Е.”дан эҳтиёт бўлинг
Ўқитувчиларни “ремонт”га мажбурлаган директор жаримага тортилди
Мирзиёев Туркманбоши шаҳрида Бердимуҳамедов билан учрашди
Истанбул: тарих, маданият ва унутилмас тажриба
Қашқадарёда «Қизил китоб»даги дарахтлар ноқонуний кесилмоқда – масъуллар нега жим?
Сунъий интеллект Ўзбекистонга 2,9 млрд сўм солиқ тўлади
“А.У.Е.”дан эҳтиёт бўлинг
Сўнгги йилларда ёшлар орасида турли жиноий гуруҳ ва субмаданиятларнинг таъсири кескин ошмоқда.

Шулардан бири – “А.У.Е.” деб аталувчи жиноий ҳаракат бўлиб, у нафақат ўсмирларни, балки чет элга, айниқса Россияга бориб ишлаётган фуқароларимизни ҳам ўз домига тортаётгани билан жиддий хавотир уйғотмоқда. Бу орқали нафақат ота-оналар, балки меҳнат муҳожирларини ҳам огоҳликка, ҳаёти ва эркинлигига бефарқ бўлмасликка чақирамиз.
“А.У.Е.” ўзи нима ва у қаерда шаклланган?
“А.У.Е.” (“Арестантский уклад един” — “Маҳбуслар қоидаси ягона”) — Россия Федерациясида пайдо бўлган бўлиб, у ерда жиноятчиликнинг алоҳида шакли сифатида эътироф этилган хавфли ҳаракатдир. У “ўғрилар қонунлари”ни идеаллаштириб, қамоқхона маданиятини оддий ҳаётга сингдиришни мақсад қилган.
Россияда бу ҳаракат 2020 йилда расман экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган, унинг фаолияти учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон фуқаролари нима учун бундан огоҳ бўлиши керак?
Афсуски, бу тузилма таъсири Россияда вақтинчалик ишлаб юрган айрим Ўзбекистон фуқароларига ҳам етиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида ва расмий манбаларда қайд этилишича, сўнгги йилларда бир нечта юртдошларимиз А.У.Е. ҳаракатини қўллаб-қувватлагани ёки унда иштирок этгани учун Россия қонунчилигига асосан жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳолат нафақат уларнинг эркинлигига, балки Ўзбекистон фуқаролари имиджига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хўш, А.У.Е. қандай тарғиб қилинади?
Гуруҳ аъзолари асосан интернет орқали — ижтимоий тармоқлар, чатлар ва видеоплатформаларда ўз сафларига одам жалб қилишади. Шунингдек, улар меҳнат муҳожирлари орасида ҳам “братва”, “общак”, “закон по понятиям” каби иборалар орқали таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади. А.У.Е. сафида юриш шунчаки “ишдан кейинги дўстона гуруҳ” эмас — бу ҳаракат билан боғланиш инсонни жиноий фаолиятга тортади.
Бу ҳаракатга алоқадорлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ, А.У.Е. ҳаракатларига алоқадорлик учун 300 минг рублдан 600 минг рублгача жарима, ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 1 йилдан 4 йилгача мажбурий меҳнат (ахлоқ тузатиш) ишларига жалб этиш, ёхуд 2 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ишсизлик, депортация, инсоннинг ҳуқуқий мақоми, эркин ҳаракат қилиш ва оила келажагини хавф остига қўяди.
Шу ўринда ота-оналар ва фуқароларга мурожаат: Фарзандларингиз кимлар билан гаплашмоқда?
Россияда меҳнат қилаётган танишларингиз, қариндошларингиз атрофида кимлар бор?
“Закон по понятиям”, “общак”, “смотрящий” каби атамаларни эшитдингизми?
Бу каби белгиларни жиддий қабул қилинг. Ҳар бир кечиктирилган сўз — эртага фожиага айланиши мумкин.
Хулоса ўрнида:
А.У.Е. — бу фақат Россияда эмас, балки хорижда меҳнат қилиб юрган юртдошларимиз учун ҳам реал таҳдид. Жиноят ёки “ўғрилар қонуни” орқали ҳурмат қозонишни эмас, ҳалол меҳнат ва оилавий бахтни қадрлаш керак. Нафақат фарзандларингизни, балки ўз келажагингизни ҳам жиноий тузилмалардан асранг. Огоҳ бўлинг!



