Qidirish

21:28 / 2024-08-08 757 0 Ҳодисалар

«Салим Бойвачча» «Коля-Қирғиз»ни молиявий қўллаган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Абдувалиевни қидирувга берди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати қонундаги ўғри Қамчибек Кўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳи фаолиятини ўзбекистонлик Салим Абдувалиев томонидан молиялаштирилгани фактларини аниқлаганини маълум қилди.

world-news

Таъкидланишича, хизмат томонидан жиноят йўли билан олинган даромадларни легаллаштириш ҳолатлари юзасидан тергов-тезкор тадбирлари ўтказилган. Разведка хизмати маълумотларига кўра, Кўлбоев «Биродарлар давраси» халқаро жиноий гуруҳи аъзоси бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Салим Абдувалиев (1950 йилда туғилган, нафақахўр, муқаддам судланмаган) 2023 йил декабрида ҳибсга олинган, 2024 йил март ойида эса 6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Тошкент шаҳар суди уни ўқотар қуролларнинг ноқонуний савдосида айбдор деб топган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уни «Ўзбекистон ҳудудидаги жиноий тузилмаларнинг етакчиси» деб таърифлайди.

АҚШ Қамчибек Кўлбоевни «Қирғизистондаги энг нуфузли жиноий гуруҳ раҳбари» деб атаган ва уни дунёдаги йирик наркотик савдогарлари рўйхатига киритган. У 2023 йил октябрь ойида Бишкек марказида ўтказилган махсус операция вақтида отиб ўлдирилган эди.

Қирғизистон махфий хизмати маълумотларига кўра, Салим Абдувалиэв «МДҲ давлатларида бевосита таъсирга эга бўлиб, гиёҳванд моддаларни Европа давлатларига олиб ўтиш бўйича ноқонуний каналлар ташкил этилгани туфайли Қамчибек Кўлбоев билан алоқа ўрнатган ва тизимли равишда моддий ёрдам кўрсатган», шунингдек, Кўлбоевни Қирғизистонда қўллаб-қувватлаган ва унинг жиноят оламининг етакчиси бўлишига ҳисса қўшган.

Шу билан бирга, хавфсизлик хизмати Қамчибек Кўлбоев ва Салим Абдувалиев ўртасида яқин муносабатлар бўлганини очиқлаган. Бунга Кўлбоевнинг Абдувалиев томонидан Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилган байрам ва бошқа тадбирларга бир неча бор ташриф буюргани исбот сифатида кўрилган.

Қўшимча қилинишича, Салим Абдувалиев ўзининг Қирғизистон Республикаси ва МДҲ давлатлари ҳудудида таъсир доирасини кенгайтиришдек ғаразли мақсадларини кўзлаб ва бунга маълум даражада эришиб, Қамчибек Қўлбоевни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ва тизимли равишда унинг ноқонуний гуруҳи фаолиятини молиялаштирган.

Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар асосида Салим Абдувалиевга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. У шунингдек, жиноий жавобгарликка тортилиш учун давлатлараро ва Интерпол орқали қидирувга берилган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш