Qidirish

21:32 / 2022-12-14 3982 8 Ҳодисалар

«Яланғоч қилиб, расмингни эрингга юборамиз» – Танзила Норбоевага тегишли уйдан пул ўғирлаганликда гумонланган аёл терговда қийноққа солинган

Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган хонадонларнинг бирида содир этилган ўғирлик жинояти билан боғлиқ хабарларга муносабат билдирди.

world-news

Бугун 14 декабрь куни оммавий ахборот воситаларида Сенат раиси Танзила Норбоевага тегишли бўлган уйда яшаган энага томонидан ўғирлик жинояти содир этилгани маълум қилинди.

Энага аёл катта эҳтимол билан айбини бўйнига олиши учун ИИБ терговчиларининг қийноқ ва босимларига учраган бўлиши мумкин. Бу ҳақда нолиган аёл 7 декабрь куни ўзига нисбатан босим ўтказган терговчиларга нисбатан чора кўриш ҳақида ариза ёзган.

Ҳолат ҳақида инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ишдаги жабрланувчи – Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг қизи эканлигини ва уйдан пул ўғирлашда гумонланаётган аёл 2 декабрь куни соат 23:45да Тошкент шаҳар суди судьяси М. Кукиев томонидан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш бўйича ажрим чиқарганини очиқлади.

ИИВ матбуот хизмати ушбу ҳолат бўйича берган маълумотида ҳақиқатда жорий йилнинг 18 ноябрь куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли кўчасида жойлашган фуқаро Н.К. (Танзила Норбоеванинг қизи)га тегишли хонадонда маълум миқдордаги пул маблағлари яширин равишда талон-торож қилинганини баён этди.

“Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 25 ноябрь куни ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчиларни ҳуқуқлари бузилишига оид мурожаати бўйича ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Тергов ишлари якуни бўйича жамоатчиликка қўшимча ахборот берилади”, дейилади ИИВ баёнотида.

“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов терговчилар аёлни ечинтиришга мажбурлаганини, унинг яланғоч ҳолатдаги суратларини эрига юбориш бўйича қўрқитилгани тўғрисида шундай ёзди:

“Жамиятимизга бир шикоят нусхаси келиб тушди. Унга кўра, шу йилнинг 2 декабрь куни фуқаро Д. Т. нуфузли бир хонадондан 12 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўғирлашда айбланган. У шу хонадонда энага эди.

Гумонланувчини 2 декабрь куни соат 23:10 да ЖПКнинг 227-моддаси асосида ушлашган, уни ўғирликда айблашмоқда. Орадан ярим соат ҳам ўтмай 23.45 да жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси М.Кукиев энагани қамоққа олишга (космик тезликни қаранг!) санкция берган.

Мен ҳамма қатори судьялар ҳам тунда ухлайди, деб содда ўйларканман. Уларни уйғоқликка чорловчи Олий суд пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги қарори бор экан. Қарорга кўра, судья кечиктириб бўлмайдиган ишлар бўйича сутканинг исталган пайтида очиқми-ёпиқми суд ўтказиб, санкция беравераркан. Қойил!

Сўзларимда кесатиқ йўқ, азбаройи тезкорликдан ҳаяжонланиб кетдим. Шу ҳаяжон ичида гумонланувчининг Тошкент шаҳар прокурорига тергов органининг зуғум ўтказгани, “ҳозир яланғоч қилиб, расмингни эрингга юборамиз”, деган мурожаати ҳам эсимдан кўтарилибди.

Бошингизни қотирмайман, қисқаси жабрланувчи - аёллар ҳуқуқлари ҳимояси билан танилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг қизлари! Менинг ҳам амалдор бўлгим келиб кетди: қаранг, амалингиз бўлса, ишларингиз қандай тез юришиб кетади”.

Kun.uz маълумотига кўра, айни вақтда гумонланувчи аёл ўз уйида бўлиб турибди. Терговда аёлга нисбатан айб қийноқ йўли билан қўйилган бўлиши мумкин. Эътиборлиси, бу ҳолат Сенат раиси Танзила Норбоева билан боғлиқлиги эса жамоатчиликда турли норозиликларни келтириб чиқармоқда.

Эртага, 15 декабрь куни АОКАда ИИВ Ахборот хизмати томонидан “Жамоат тартибини сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси, тизимни ахборотлаштириш масалалари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида матбуот анжумани ўтказиш режалаштирилган. Унда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолатга ИИВ амалдорлари томонидан матбуот анжуманида рост жавоблар берилиши керак.

Изоҳлар 8

Абдурахмонов Бахромбек
2022-Dec-15 00:59
Аелларни химоя килишни урнига шу ишни килган булса ва аник фактлар булса бундай сенат оаисини бизга халкга кераги йук Мухтарам Президент сиз олиб боретган ислохатларни бир тийин киладиган сенат керакмас халкга кетига тепинг Андижонга келиб тушсин
Иван Васильевич
2022-Dec-15 01:04
Ура янги Узбекистон суд прокуратура органлари жиноятни очиш ва суд килиш буйича Генниснинг рекордлар китобидан жой олди бир хоромхур амалдорнинг уйидал йуколган харом пулини топиш буйича иш эди
Xalaskor
2022-Dec-15 01:53
sud tizimi shu qadar xarob axvolda ekanki amaldorning manfati uchun tunda xam ishlaydi va yana sud yopiq tarzda bo'ladi hudiki bu ish davlat siri darjasida bo'lganidek
Mo'min
2022-Dec-15 01:57
қийноқга солиш фактлар бор бўлса ҳам энди уларни исботлаб болмайди орадан анча вақт ўтиб кетган ягона далил бу сўроқ жараёни кадрлари агар ёзиб олинган бўлса ўшани фуқаронинг розилиги билан оав ларга тақдим этиш керак қуруқ гапдан фойда йўқ
Турсунова Наргиз
2022-Dec-15 07:39
Шу судялар одий фукарони уйга угри тушса шундай тез ишлармикан.....????????¿
Алишер
2022-Dec-15 12:22
Танзила Норбоеванинг минбардар туриб аёллар ҳуқуқи тўғрисида гапирадиган ёлғон гапларига ишонмаслик керак.
Abdullayev Og‘abek
2022-Dec-15 18:26
Xudo ko‘rib turibdi oyog'ingga kiradigan tikon ham bekorga kirmaydi aybi bordir qamalgandir bir narsani aniq bilaman aybsiz inson qamalmaydi xudo qayg‘uradi
Samadov Mansur
2023-Feb-10 18:54
Eng qiziqarlisi Tanzila Norboyevaning qizi uncha pulni qayerdan olganligi borasida ish ochilmayotganligi.
Фикр билдириш