Qidirish

16:19 / 2022-12-26 1586 1 Мақолалар

Сурхондарё яна прокурор бошқарувига ўтди. Аввалгиси Президент ишончини оқламаган эди

Президент бу сафар Сурхон ҳавосини яхши биладиган, ҳокимликда ҳам тажрибаси бор ва энг асосийси қонун ҳимоячиси бўлган шахсни ҳокимликка тайинлади. Бизга маълум бўлишича, Қосимов ОАВга очиқ ва ўта тартибли инсон.

world-news

 

26 декабрь куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Президент Админстрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этган. 

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан 2019 йилдан буён Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Тўра Боболов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Боболов ўрнига Тошкент шаҳри прокурори лавозимида фаолият юритиб келган Улуғбек Бердиқобилович Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, йиғилишда сўзга чиққанлар фаоллар воҳа аҳли янги раҳбар атрофида жипслашиб, кейинги йилларда қўлга киритилган ютуқ ва натижаларни янада юксалтириш, барча соҳа ва тармоқлар бўйича қабул қилинган дастурларни изчил амалга ошириш йўлида астойидил меҳнат қилишларини таъкидлашган.

Бош Вазир Абдулла Ариповнинг Сурхондарёга келиб, Тўра Боболовни ишдан олиши 2018 йилдаги воқеани эслатиб юборди. Гап шундаки, 2018 йил июль ойининг 13 кунида ҳокимлар “рокировкаси” бўлган эди.

(Фото. Самарқанд вилояти собиқ ҳокими Туробжон Жўраев — Эркинжон Турдимов (Самарқанд вилоятининг амалдаги ҳокими)

Яъни Самарқанд вилояти ҳокими бўлган Туробжон Жўраев ўз ўриндиғини Сурхондарёни 2016 йилдан бери бошқариб келган Эркинжон Турдимовга бўшатиб берган эди.

(Фото. Баҳодир Пўлатов — Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими)

Сурхон ҳудуди ўша вақтда Тошкент вилояти прокурори бўлган Баҳодир Пўлатовга ишониб топширилган, ўша вақтда Тўра Боболов ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари эди.

Президент сиёсатини Сурхондарёда татбиқ этишни ўз олдига мақсад қилган Пўлатовнинг “пўлат” иродаси кўпга бардош бермади. 2019 йилнинг 1 апрелида “ишида йўл қўйган камчиликлари сабаб” Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ўтказилган йиғилишда лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини 2017 йил ҳокимликка келган Тўра Боболов эгаллади.

(Фото. 2019 йил. Тўра Боболов Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими) 

2019 йил декабрь ойларида ижтимоий тармоқларда Баҳодир Пўлатов соғлиғи ёмонлашгани сабабли Москвада даволаниб қайтгани айтилди.   

Норасмий манбалар, Баҳодир Пўлатов собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевга оид жиноят иши бўйича терговга чақирилганидан сўнг қаттиқ бетоб бўлиб қолганини ёзишган эди.

(Фото. "Болалар" гуруҳи". Баҳодир Пўлатов (ўнг томондан иккинчиси) 

Баҳодир Пўлатов “Болалар” гуруҳи солисти сифатида танилган. Катта сиёсатда фаолиятини пойтахтнинг Яккасарой туман прокуратурасида прокурор ёрдамчиси сифатида бошлаган.

Кейинчалик Шайхонтоҳур тумани прокурорлигига тайинланган. Ундан сўнг, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида прокурор лавозимида ишлаган.

(Фото. Бош вазир Абдулла Арипов)

3 йил ўтгач, Бош вазир Абдулла Арипов яна Сурхондарёга келди ва 2021 йил Тошкент шаҳар прокурори этиб тайинланган Улуғбек Қосимовга масъулиятли вазифа топширилганини эълон қилди.

Улуғбек Қосимов 1983 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2005 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2005 йилда Денов туман прокуратурасида бошлаб, Сурхондарё вилоят прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2011 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, Қумқўрғон туман прокурори, Сурхондарё вилояти Музработ ва Денов туманларида ҳоким лавозимида ишлаган.

(Фото. Улуғбек Қосимов)

Президент бу сафар Сурхон ҳавосини яхши биладиган, ҳокимликда ҳам тажрибаси бор ва энг асосийси қонун ҳимоячиси бўлган шахсни ҳокимликка тайинлади.

Бизга маълум бўлишича, Қосимов ОАВга очиқ ва ўта тартибли инсон. Умид қиламизки, у тахминларни оқлаб, вилоятда йиллар давомида ҳал этилмаган муаммоларга эътибор қаратади. Асосийси ОАВ, хусусан Effect.uz билан ҳамкорликда бирга ишлайди.

(Фото. Тўра Боболов)

Шу ўринда айтиш жоиз, собиқ ҳоким Тўра Боболов ҳам Effect.uz ва бундан ташқари ОАВ билан ижобий ишлай олди. Унга нисбатан сентябрда Президент қарори билан ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилганлиги ва бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани учун жарима интизомий жазо чораси қўлланилган эди.

Тўра Боболов 2019 йилнинг майида Сурхондарёга ҳоким этиб тайинланган. Сурхонни қарийб тўрт йил давомида бошқарган ҳоким 1970 йил Ангор туманида туғилган. 

1992 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, 1994 йилдан 2003 йилгача Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти бошқармасида турли лавозимларда ишлаган, 2003-2004 йилларда Сурхондарё вилояти Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси раиси, 2004-2016 йилларда Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи, 2016-2017 йилларда Сурхондарё ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи бўлган. 

У 2017 йилдан 2019 йил апрелига қадар Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари эди. 2019 йил 1 май куни Тўра Боболов вилоят ҳокими этиб тасдиқланган. Унгача Сурхондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келган Баҳодир Пўлатов ишдан олиниб, унинг ўрнига Тўра Боболов вақтинча раҳбар этиб тайинланган. Кейинчалик, 2020 йил январида ҳоким лавозимига расман тасдиқланган.

Аброр Эшонхонов тайёрлади

Изоҳлар 1

Sattorov Jahongir
2022-Dec-26 20:37
Inson sifarida juda yaxshi inson hokimning so'kinmaydigani yo'q
Фикр билдириш