Сўнгги янгиликлар
Тошкент йўлларида тирбандликларга қарши янги тизим жорий қилинади
Саида Мирзиёева "ACWA Power" компанияси раиси билан қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди
Президент «Сирдарё» ЭИЗдаги йирик корхона фаолияти билан танишди
Президент Жиззахда йўл, АЭС ва шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия ҳисоботини тинглади
Ўзбекистонда сунъий интеллект даври бошланмоқда: соғлиқни сақлашдан космосгача кенг кўламли янгиланишлар
Водил санаторияси атрофидаги саволлар: Мурожаатлар ечимсиз, текширувлар шошилинч, прокуратура текшируви суд жараёнига аралашувми: Вазиятдан ким манфаатдор?
Автотранспортлар учун экологик стикерлар бериш тартиби тасдиқланди
Тошкент йўлларида тирбандликларга қарши янги тизим жорий қилинади
Тошкентда йил сайин ортиб бораётган транспорт юкламаси ва узоқ тирбандликларга барҳам бериш мақсадида давлат даражасида янги чоралар белгиланди. Президент томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, пойтахт транспорт тизимини 2030 йилгача тубдан ислоҳ қилиш, жамоат транспортини ривожлантириш ва “ақлли” бошқарув тизимларини жорий этиш режалаштирилган.
Тошкент шаҳрида сўнгги йилларда аҳоли ва транспорт воситалари сони ошиши оқибатида йўл инфратузилмасига тушаётган босим кескин кучайди. Айниқса, марказий ва асосий транспорт йўлакларида тирбандликлар деярли кундалик ҳолатга айланиб, баъзи вақтларда 7–8 баллгача етиб бормоқда.
Шу боис, 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тошкент шаҳрида ҳаракат хавфсизлигини ошириш ва тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган муҳим қарор имзоланди. Ҳужжатда пойтахт транспорт тизимини тубдан такомиллаштириш ва уни 2030 йилгача босқичма-босқич ривожлантириш вазифалари белгилаб қўйилди.
Қарорга мувофиқ, яқин йилларда жамоат транспортидан фойдаланувчилар улушини 60 фоизга етказиш, электробуслар сонини кўпайтириб, уларнинг улушини 50 фоизга чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги 24 км/соатга етказилиши, метрополитен тармоғи эса янги йўналишлар ҳисобидан 103 километргача кенгайтирилиши белгиланган.
Шаҳар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 1000 километр автомобиль йўллари таъмирланади, 150 минг ўринга эга тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади ҳамда 16 та йўл ўтказгич ва тоннеллар қурилади. Бундан ташқари, 2600 та автобус бекати намунавий лойиҳа асосида тўлиқ реконструкция қилинади.
Қарор Йўл ҳаракатини замонавий бошқаришни ҳам назарда тутади. Жумладан, ягона бошқарув тизимига боғланган 700 та “ақлли” чорраҳа барпо этилиб, улар интеллектуал светофорлар билан жиҳозланади. Шунингдек, 200 километр пиёдалар йўлаклари ва 170 километр велосипед йўлаклари ташкил этиш кўзда тутилган.
Янги ҳужжат билан Тошкент шаҳрида ягона Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил қилинади. Ушбу марказ интеллектуал транспорт тизимини бошқарувчи асосий оператор сифатида фаолият юритади ва ҳаракат оқимларини таҳлил қилиш ҳамда мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
Мутахассислар фикрича, ушбу чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида шаҳарда транспорт ҳаракати анча равонлашади, йўл-транспорт ҳодисалари камаяди ва ҳавога чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори қисқаради. Энг асосийси эса — аҳоли кундалик қатновда камроқ вақт сарфлаб, янада қулай ва хавфсиз ҳаракат муҳитига эга бўлади.