Сўнгги янгиликлар
Қашқадарёда «Қизил китоб»даги дарахтлар ноқонуний кесилмоқда – масъуллар нега жим?
Сунъий интеллект Ўзбекистонга 2,9 млрд сўм солиқ тўлади
Эртага қандай об-ҳаво бўлади?
Халқаро террористик ташкилот сафига қўшилишга ҳайриҳох бўлган фуқаро жазога тортилди
Хизмат итлари ҳақида нималарни биласиз?
1 килограмм палов тайёрлаш қанчага тушади?
Хивада хусусий боғча раҳбари томонидан бола жароҳатланди
Сурхондарёда ҳужра ташкил қилиб, болаларни қийноққа солиб келган йигит қўлга олинди
Қашқадарёда «Қизил китоб»даги дарахтлар ноқонуний кесилмоқда – масъуллар нега жим?
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукуматининг экологияни асраш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга оид йирик лойиҳалари амалга оширилаётган бир пайтда, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида «Қизил китоб»га киритилган дарахтларнинг оммавий равишда ноқонуний кесилиши давом этмоқда. Энг ачинарлиси, бу қонунбузарликлар маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотларнинг кўз олдида содир бўляпти, аммо бирорта масъул шахс жавобгарликка тортилмаяпти.

Дарахт қирғини давом этмоқда – масъуллар «лом ютган»
Таҳририятимизга мурожаат қилган фуқаролар маълумотига кўра, Деҳқонобод туманидаги Давлат ўрмон хўжалигига қарашли «Бошчорбоғ» ва «Дуоб» бўлимлари ҳудудида юзлаб Зарафшон арчалари ноқонуний равишда кесиб юборилмоқда. Қизиғи шундаки, бу дарахтлар Ўзбекистон Республикасининг «Қизил китоб»ига киритилган, яъни алоҳида ҳимоя остидаги ўсимликлар ҳисобланади.
Маҳаллий аҳоли бу ҳолат юзасидан бир неча маротаба Деҳқонобод туман ҳокимлиги, Экология бўлими ва Ўрмон хўжалиги идораларига мурожаат қилган. Лекин уларнинг мурожаатлари шунчаки қоғозда қолиб кетган, расмий жавоблар эса умумий ва мужмал бўлиб, муаммонинг илдизини бартараф этиш чоралари кўрилмаган.
Telegramда пост қилинди, лекин реал натижа йўқ
Аввалроқ ушбу муаммо ижтимоий тармоқларда кенг ёритилган эди. Telegram каналлари орқали дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳақидаги видеолар тарқалди, масъуллар ушбу постлар ортидан «ҳолат ўрганилмоқда» дея баёнот беришди, бироқ орадан вақт ўтди, ваъда берилган текширувлар натижасиз якунланди. Дарахт кесиш ҳолатлари эса ҳануз давом этмоқда. Қани энди ҳақиқий назорат ва реал жазо? Қонун фақат қоғозда – масъуллар учун ишламайдими?
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида дарахтларни ноқонуний кесиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 79-моддаси – дарахтлар, буталар ва бошқа яшил ўсимликларни кесиш, шикастлаш ёки йўқ қилиш.
Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, дарахт ва буталарни рухсатсиз кесиш ёки шикастлаш — энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳолда ноқонуний кесиш ёки зарар етказиш — мансабдор шахсларга кўпроқ миқдордаги жарима белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекснинг 198-моддаси – дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларни ноқонуний кесиш ёки йўқ қилиш:
Ноқонуний равишда дарахт ва буталарни кесиш, шикастлаш ёки йўқ қилиш, агар бу ҳолат катта миқдорда зарар келтирса, жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бу ҳолат такрор содир этилган бўлса ёки муайян мансабдор шахс томонидан қасддан амалга оширилган бўлса — жиноий жавобгарлик белгиланган.
«Қизил китоб»га киритилган дарахтларни кесиш оғир жиноят ҳисобланади. Лекин Қашқадарё вилояти мисолида бу қонунлар фақат қоғозда қолаётгани аён бўлмоқда. Экологийа, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги агентлиги вакиллари мазкур ҳолатлар юзасидан ҳозиргача аниқ позициясини билдиргани йўқ. Не ажабки, бир тарафдан «Яшил Макон», «Барқарор Ландшафтларни Тиклаш» лойиҳаларига халқаро банклардан миллионлаб доллар ажратилар экан, иккинчи тарафдан вилоят даражасида оддий назорат механизмлари ишламаяпти.
Айбдорлар топилмади – нима учун?
Савол туғилади: ушбу ноқонуний қирғин ортида ким турибди? Нега ҳозиргача ҳеч бир шахсга нисбатан қонуний чора кўрилгани йўқ? Нима учун аралашув фақатгина «қоғозда текшириш» билан чекланиб қолмоқда? Бундай сусткашлик ва лоқайдлик натижасида дарахт кесувчилар янада дадилроқ ҳаракат қилмоқда. Дарахтлар кесилади, сотилади, лекин уларни ҳимоя қилиши керак бўлган тизим жим. Бу тизимий муаммолардан дарак бермайдими?
Хулоса: Табиат дарди – жамият дарди
Қашқадарёдаги арчалар қирғини, аслида, бутун республикадаги муаммоларнинг бир кўзгуси. Қонун ва лойиҳалар бор, лекин уни бажарадиган тизим ва масъулият йўқ. Табиатга нисбатан бундай бефарқлик, охир-оқибат, бизнинг келажак авлодларимизга қимматга тушади. Маҳаллий аҳолининг, журналистларнинг, фаолларнинг норозилиги эътиборсиз қолмаслиги керак. Экология ва Ўрмон хўжалиги масъуллари дарҳол реал амалий чоралар кўриши, айбдорларни аниқлаб жазо тайинлаши шарт. Акс ҳолда, бундай бефарқлик нафақат дарахтларни, балки жамиятда қолган ишончни ҳам кесиб ташлайди.
Муаллиф: Диёрбек Базарбаев



