Qidirish

23:07 / 2025-03-11 100 0 Мақолалар

«Афсуски, орамизда нафсини жиловлолмай коррупцияга қўл ураётганлар ҳам учрамоқда» – Олий суд раисининг судьялар ва суд ходимларига мурожаати

Бугун, 11 март куни Олий судда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгиланган вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишда Олий суд раиси Бахтиёр Исломов судьялар ва суд ходимларига мурожаат йўллаб, суд тизимидаги коррупциядан буткул қутулиш масаласини ўртага ташлаган. Таклиф ва шикоятларни муҳокама қилган.

world-news

Ҳурматли судьялар ва суд аппарати ходимлари! Бугун шиддат билан ўзгараётган дунёдаги долзарб муаммолардан бўлган коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш масаласига, мамлакатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 5 март куни ҳурматли Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида юртимизда коррупциядан ҳоли муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо бериб, келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб бердилар.

Хусусан, «Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши» ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирдилар.

Бундан олти ой аввал, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ҳам ҳурматли Президентимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътиборни бешта устувор йўналишга қаратиб, улардан бири сифатида коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш масаласини давлат сиёсати даражасида мустаҳкамлаб қўйгандилар.

Шу ўринда, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш ҳамда суд ҳокимияти тизимида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишни самарали йўлга қўйиш бўйича «инсон-жамият-давлат» тамойили асосида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Судларни кадрлар билан таъминлаш ҳамда уларни жой-жойига қўйишда коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида Олий суд ва қуйи судларда кадрлар захирасини шакллантириш, номзодларни очиқ танлаш ҳамда лавозимларга тайинлаш механизмлари такомиллаштирилиб, ҳар бир номзодни комплекс ўрганиш тартиб-таомили йўлга қўйилди.

Суд тизимини ҳалол, пок кадрлар билан тўлдириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш ҳамда судларда кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш мақсадида республиканинг юридик кадрларни тайёрловчи 13 та йирик олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Судья ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириш ва уларнинг иш юкламасини нормаллаштириш мақсадида судьялар корпуси ҳамда суд аппаратлари учун қўшимча штат бирликлари ажратилмоқда.

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги ва суд ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги фаолияти давомида ҳақ (пора) таклиф қилинганлиги тўғрисида хабар бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур тартибга риоя қилган судья ва суд аппарати ходимлари муносиб рағбатлантирилмоқда.

Суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида соҳани рақамлаштиришга эътибор қаратилиб, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга эришилди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш орқали судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, суд ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш ишлари такомиллаштирилди.

Хусусан, судларда ишларни рўйхатга олиш, уларнинг ҳисобини юритиш, ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, ижро варақаларини электрон юбориш, судларга электрон шаклда мурожаат қилиш ва бошқа функцияларни назарда тутувчи қатор ахборот тизимлари ишга туширилди.

Бундан ташқари, Олий суднинг расмий веб-сайтида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун мўлжалланган алоқа каналлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди.

Коррупцияга қарши ички назорат гуруҳига онлайн хабар юбориш учун махсус платформа ишга туширилди. Судья ва суд аппарати ходимлари мазкур ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳамда қонунларнинг мазмун-моҳияти бўйича ўқитилди.

Азиз ҳамкасблар!

Бугун, давлатимиз раҳбари бизнинг олдимизга «халқчил ва адолатли суд тизимини яратиш» масаласини қатъий қўймоқдалар.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Шу боис, ҳар биримиз ўз фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиб, тегишли хулосалар қилишимиз зарур.

Судья аввало, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрўсига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Судьяларнинг дахлсизлиги, мустақиллиги Конституция ва қонун билан мустаҳкамланган бўлиб, улар фақат Конституция ҳамда қонунга бўйсунган ҳолда фаолият юритиши, одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўймаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини билишлари, бу каби салбий ҳолатларга тоқатсиз бўлишлари талаб этилади.

Судья дахлсизлик ҳуқуқини имтиёз деб эмас, балки ўзининг жамият олдидаги улкан масъулияти деб тушуниши керак.

Судьялар одоби кодекси қоидаларига, жамиятда ва турмушда юриш-туриш, одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя этиш судья одоб-ахлоқининг ажралмас қисмидир.

Афсуски, орамизда нафсини жиловлолмай коррупцияга қўл ураётганлар ҳам учрамоқда.

Коррупциявий жиноятлар учун айбдор шахсларга ҳукм чиқарадиган судьянинг ўзи шундай жиноятларга қўл уруши барчамизни чуқур хавотирга солиши керак.

Биз бундай ҳолатларни мутлақо қабул қилмаймиз ва қоралаймиз. Аксинча, бир жамоа бўлиб, ушбу иллатга қарши аёвсиз курашиб, биргаликда олдимизга қўйилган вазифаларни ҳалоллик билан амалга оширишга қодирмиз деб, ҳисоблайман. Зеро, ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррардир.

Таъкидлаш жоизки, коррупция иллати нафақат давлатларни жар ёқасига олиб келади, балки жамият тараққиётининг асосига зарба бериб, унга қўл урган инсон тақдирини пароканда қилади.

Коррупцияга йўл қўйган ҳар бир шахс онгли равишда ўз Ватани, оиласи, яқинлари, қолаверса, фуқаролик ва инсоний бурчига хиёнат қилади.

Бинобарин, ҳар биримиз тақдиримизни қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда адолатни қарор топтириш билан боғлар эканмиз, ўзимизнинг фидойи меҳнатимиз билан мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги сари сидқидилдан хизмат қилишимиз лозим.

Коррупцияга оид жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини эътиборга олиб, қатъиятлик билан жазо муқаррарлигини таъминлашимиз;

судларда кўриладиган коррупциявий жиноятлар, давлат харидлари, ер муносабатлари ва бошқа ишлар бўйича чиқариладиган хусусий ажримларнинг таъсирчанлигини ошириш, бу тоифадаги ишларни чуқур таҳлил қилиб, ҳудудий кенгашларга мунтазам равишда ахборот киритиб боришимиз;

судларни рақамлаштиришни жадаллаштириб, соҳага сунъий интеллект технологияларини кенг жорий қилиш, ишларни юритишнинг қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиб, инсон омилини кескин камайтириш орқали коррупциявий хавф-хатарларни олдини олишимиз;

коррупциянинг илдизи бўлмиш – ортиқча ҳашамат ва дабдабага барҳам бериш, ҳалоллик билан рўзғор тебратиш ҳамда суд ҳокимияти вакили сифатида ўзимизнинг камтарона турмуш тарзимиз билан барчага намуна бўлишимиз шарт ва зарур.

Қадрли ҳамкасблар!

2025 йилга мўлжалланган давлат дастурида судьяларнинг мақоми ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосини, суд тизимини молиялаштириш учун маблағлар ажратишда ушбу ҳамжамиятнинг иштирок этиш кафолатларини алоҳида қонун даражасида мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар белгиланди.

Бу, ўз навбатида, зиммамизга янада кўпроқ масъулият юклаши ҳамда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар кун тартибини янги мазмун билан бойитиши ҳеч кимга сир эмас.

Касбимиз улкан ақл-идрок ва кўп йиллик ҳаётий тажрибани, холислик ва беғаразликни, интизом ва ҳалолликни тақозо қиладиган ўта масъулиятли, мураккаб, шу билан бирга, шарафли касб эканлигини зинҳор унутмаслигимиз керак. Ваҳоланки, ҳар бир қароримиз инсон тақдири, керак бўлса, унинг ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.

Бу борада, давлатимиз раҳбарининг «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак», деган гаплари барчамиз учун ҳаётий дастуруламал бўлмоғи лозим.

Шу боис, барчангизни судьялик қасамёди ва касбий одоб-ахлоққа содиқ бўлган ҳолда жамиятимизда адолатни қарор топтириш ҳамда коррупцияга қарши курашишда фаол бўлиб, «Одил судлов – жамият фаровонлигининг пойдевори» деган ғоя асосида бирлашишга чақираман.

Бахтиёр Исломов, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси

Изоҳлар 0

Фикр билдириш