Qidirish

02:38 / 2025-03-05 570 0 Мақолалар

Уйғонгани рост бўлсин! Республика маънавият ва маърифат маркази фаолиятига оид таклифлар...

2024 йилда Республика маънавият ва маърифат маркази қайтадан ташкил этилди деб айта оламан! Ташкилот жуда катта ваколат ва имтиёзларга эга бўлсада яқингача ишлатмас, тизимли фаолият юритмас эди.

world-news

2-3 йил олдин ўзим ҳам Таълим тизимининг айни шу йўналишида ишлаганимда ёшларнинг маънавияти билан боғлиқ кўплаб танқидий-таҳлилий мақолалар ёзиб, янги таклифлар билдирган эдим. Афсуски, бари бефойда эди.

2024 йил февраль ойидан бошлаб Республика Маънавият ва маърифат марказининг янги раҳбари сифатида фаолиятини бошлаган, сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасанов ўтган бир йил давомида тизимдаги ишлар ва ташкилот фаолиятини юз фоиз уйғотди, кўплаб янги лойиҳалар амалга ошира олди.

Бунга давлат тилига оид амалга оширилинаётган лойиҳалар, олимларимизни халқ билан яқинлаштириш йўлидаги амалий ҳаракатлар, сиёсий саводхонлик, барча давлат ташкилотларидаги маънавий муҳитни жонлантириш йўлидаги амалий ҳаракат ва ҳамкорликлар сингари қатор мисолларни келтиришимиз мумкин.

Шунингдек, марказ тасарруфидаги Ойина.уз ҳам тўлақонли жонланди ва сайтдаги илмий-оммабоп мақолалар ҳажми кўпайди. Энг асосийси, Oyina.uz платформасида берилаётган илмий мақолалар соҳа олимлари томонидан ёзилган бўлиб, мақолалар мазмуни бугунги кунда халқимизнинг маънавиятини бойитиш ва айрим ғоявий бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, барча илмий-оммабоп мақолаларнинг муаллифларига моддий рағбат тизими ҳам амалга оширилиб келинмоқда

Марказ фаолиятини тўлақонли қўллаб-қувватлаган ҳолда уни янада ривожланишига оид қуйидаги ўз таклифларимни билдирмоқчиман:

  1. Марказнинг «Ўзбекистон тарихи» телеканали билан ҳамкорликда тайёрланаётган «10 та факт» лойиҳасининг 2025 йилдаги сонларида «жадидлар» ва «миллий қўрбошилар» ёритилиб, ҳар бир янги сонини катта аудиторияларга эга ижтимоий тармоқларда, барча турдаги жамоат транспортларида ва хусусий телеканалларда ёритиб борилса;
  2. Президентимизнинг Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш ва #Oyina.uz фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ОЙИНА журналини қайтадан ташкил этиб, ундаги мақолалар мазмуни Беҳбудий давридагидек ёритиб борилса;
  3. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мактаблардаги ММИБ директор ўринбосарлари иш дастури ва фаолияти мезонларини қайтадан тузилса (ўзим ҳам шу тизимда ишлаганман, асл ҳолат жуда ҳам ачинарли);
  4. Халқнинг маънавий ва сиёсий дунёқарашини янада бойитиш мақсадида Марказ медиасида олимлар билан ҳамкорликда тарих ва сиёсат масалаларида доимий контентлар яратилса;
  5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда «Тарбия» фани дарсликлари ва уни ўқитиш методикасини бутунлай бошқаттан кўриб чиқилса (2015 йилда «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси» ва «Маънавият асослари» фанлари ўрнига Тарбия фанини жорий этиш (бошланғич синфда «Ижтимоий одоблар», юқори синфда «миллий руҳ» асосида миллий тарбия бериш,.. ) таклифини билдирган эдим). Амалдаги Тарбия фани дарсликлари, ўқитиш методикаси ва умуман бу фан тизими ҳеч қандай сифат натижасини бермаяпти деб ҳисоблайман.

Хулоса сифатида, маънавиятга қанча кўп эътибор берилса ва тизимдагилар ўз фаолиятини виждонан амалга оширса халқнинг нафақат маънавий, сиёсий ва ҳуқуқий дунё қараши ривожланади, оилалардаги тарбия муҳити яхшиланади ва энг асосийси халқ бўлиб шаклланиш жараёнига эришади!

Бугун юқоридаги мақсадлар йўлида амалий ҳаракатлар қилинмоқда деб айта оламан. Республика маънавият ва маърифат марказининг тузилишидан кейинги бугунги давргача бўлган фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, марказ 2024 йилдан бошлабгина ўзининг асл фаолиятини амалга ошира олди деб айта оламан ва келгуси фаолиятида янада янги ташаббус ва лойиҳаларни тилайман!

Завқибек Маҳмудов. Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти в.б. доценти

Изоҳлар 0

Фикр билдириш