Сўнгги янгиликлар
Туркиядаги Халқ кутубхонаси жаҳон кутубхоналари учун андаза бўлмоқда
Иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистонда меҳнат таътили кунлари 24 кундан 21 кунга камайтирилди деб ёзди, аслида эса 15 кундан 21 кунга оширилган ва тўланадиган маблағ ҳам кўпайтирилган бўлиб чиқди
Ҳайвон ҳам бунчалик хўрланмайди – Оққўрғондаги зўравонлик ҳақида очиқланмаган фактлар…
Шавкат Мирзиёев Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига ташриф буюрди
Ҳар қандай масалага қулай позицияда эмас, ҳар томонлама ва холисона ёндошиш керак – Насимбек Азизов
Қурилиш майдонида одам ҳалок бўлган «Аския Cитй»да 5 йилдан буён ноқонуний қурилиш давом этаётгани маълум бўлди
Россияда самолёт қаттиқ қўниши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Нурота тумани «Мурувват» уйида ёш шоир Шоди Ражабовнинг «Ҳаётни севинг» номли шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди
Холмўмин Ёдгоровга саволлар бор…
Судьялар Олий Кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров назарида журналистлар “ёлғончи” асосланмаган маълумот тарқатувчи. Хўш, нима учун дейсизми, марҳамат ушбу мақола давомида батафсил фикр билдиришга ҳаракат қиламиз.

Бундан бир ҳафта олдин Effect.uz таҳририятига келиб тушган маълумотлар юзасидан “Судьяларнинг нафси ҳакалак отганми ёҳуд Ёдгоров ва Исломов тизгинни йўқотдими?” номли мақола эълон қилинган эди.
Мазкур мақола Судьялар Олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоровнинг жиғига теккан кўринади, ёки мақолада битилган танқидий маълумотлар оғир ботгандек? Чунки ушбу мақолага нисбатан Судьялар олий кенгаши тезкор ва «бошқача» муносабат билдирди. Биз эса шоирона ёзилган раддияга юридик жавоб қайтаришни жоиз деб биламиз.
Муносабатга кўра, мақолада келтирилган важлар мутлақо асоссиз ва ёлғон. Ёзилишича, судяликка номзодлар биринчи вилоят судлари малака ҳайъатлари томонидан ўтказилиб, кейин Олий суднинг Олий малака ҳайъатида кўриб чиқилади. Охирги босқич – Кенгаш ва Судьялар олий малака ҳайъатининг очиқ танлов шаклидаги қўшма йиғилиши бўлиб, унинг якуни бўйича тегишли қарор коллегиал қабул қилинади.
Ҳурматли, Холмўмин Буврабоевич Судьялар олий кенгаши сайтида эълон қилинган тайинловлар ҳақидаги хабарлар ва бизга етиб келган маълумотларга қараганда Олий суд Судьялар Олий малака ҳайъатининг хулосаси билан судьялик лавозимига тавсия этишга нолойиқ деб топилган бир қанча номзодлар Судьялар Олий кенгаши томонидан судьялик лавозимига лойиқ деб топилиб, турли даражадаги судьялик лавозимларига тайинланган ва улар ҳозирги кунда судьялик ваколатларини давом эттирмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий малака ҳайъатининг хулосаси билан судьялик лавозимига тавсия этишга нолойиқ деб топилган Бойбилов Абдуҳофиз Ибрагимович Судьялар Олий кенгашининг 2021 йил қарори билан жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси лавозимига, Турдиев Шавкат Тўлқинович 2022 йилда жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди раиси лавозимига, Кенжаев Рустам Валиевич 2022 йилда фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси лавозимига, Сорабеков Ботир Зокировични 2022 йилда жиноят ишлари бўйича Гулистон туман суди раиси лавозимига (маълумот учун Б.Сорабеков ва Х.Ёдгоров бир тумандан, яъни Жиззах вилояти Фориш туманидан бўлиб улар Сирдарё вилоятида бирга ишлаган ўзаро яқин ҳамкасб) Абдураҳмонов Ўткирбек Абдуҳалилович 2023 йилда фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро суди судьяси лавозимига, Абдураҳмонова Саида Мадияровна 2023 йилда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо-Улуғбек туманлараро суди судьяси лавозимига, Солиев Набижон Рахматуллаевич 2023 йилда Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси лавозимига лойиқ деб топилиб, расман ишга тайинланган. Рўйхатни яна давом эттириш мумкин: чунки лавозимга тайинланган яна бир қанча судьялар ва суд раислари ҳақида таҳририят ихтиёрида етарлича маълумотлар бор.
Мазкур ҳолатлар бўйича кенгаш раиси қандай муносабат билдиради?
Ачинарлиси, ушбу судьялардан айримлари муқаддам судьялик иш фаолиятида қўпол камчиликларга ва қонунбузарликларга йўл қўйгани учун муддатидан илгари судьялик лавозимидан озод қилинган ёки кейинги муддатга ўтмаган судьялар ҳисобланади.
Ижтимоий тармоқларда Олий суд судьяси Ш.Болиевнинг банкда ишлаган турмуш ўртоғи бошқа фуқароларнинг паспортларидан фойдаланиб, уларнинг номига ноқонуний равишда кредит расмийлаштириб, ўзлаштиргани ва кейинчалик ушбу кредит тўловларини Ш.Болиевнинг шахсий пластик картасидан тўлаб келганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан судья Ш.Болиевнинг турмуш ўртоғига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айнан Болиевнинг лавозимга тайинланиши ҳақида ҳам Ёдгоровнинг ҳиссаси борлиги ҳақида сохадан узоқ бўлмаган бир қатор тирик манбаларда гап-сўзлар урчиган.
Болиевнинг тайинлови бўйича Ёдгоровда фикр борми? EFFECT.UZ бу борада Кенгаш раисига минбар беришга тайёр…
Президент Шавкат Мирзиёев суд ҳуқуқ соҳасида жон куйдириб кенг ислоҳотларни амалга ошириб, бораётган бир пайтда давлат раҳбарига кўмакчи бўлиш ўрнига Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий малака ҳайъатининг хулосаси билан судьялик лавозимига тавсия этишга нолойиқ деб топилган айрим номуносиб шахслар номаълум сабабларга кўра судьялик лавозимларига «муносиб» деб топилиб, турли судьялик лавозимларига тайинланиши «суд тизими»ни ботқоққа ботирмоқда.
Эл орасида Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм ўқийдиган аммо қонунга эмас балки шахсларнинг хоҳиши ёки моддий аҳволи, қизиқишларидан келиб чиқиб, қарор қабул қиладиган судьялардан норозиликлар етарлича жамланган. Бу Янги Ўзбекистон учун шармандали ҳолат эканлиги ҳеч кимга сир эмас…
Мавзуга қайтишимиз учун Effect.uzʼда етарли маълумотлар мавжуд бўлиб, ўйлаймизки, келгусида жамоатчилик ихтиёрига ҳавола қилинадиган бу тўплам орқали кимнингдир дили оғриб қолмайди, нозик кўнгли ранжимайди.




Изоҳлар 1
