Qidirish

02:52 / 2024-08-17 1279 0 Ҳодисалар

MIZAN ва Геология вазирлиги ўртасидаги низо: Олий суд қуйи инстанциянинг икки қарорини бекор қилди

Effect.uz аввалроқ Туркия ширкатининг таъсисчилиги остида Ўзбекистонда фаолият олиб бориши кўзда тутилган «MIZAN ITHALAT VE IHRACAT TURIZM PAZARLAMA TICARET» МЧЖнинг Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги билан судлашаётгани ҳақидаги воқеаларни ёритиб бораётган эди.

Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати жорий йилнинг 7 июнь куни мазкур суд иши бўйича қарор қабул қилди ва икки инстанция судининг қарорларини бекор қилган ҳолда, ишни қайтадан кўриш учун апелляция инстанциясига юборди. 

Бунгача мазкур иш Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси ва тафтиш инстанцияларида кўрилган эди. Бундан келиб чиқадики, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати «MIZAN ITHALAT VE IHRACAT TURIZM PAZARLAMA TICARET» МЧЖнинг берган шикоятини қисман қаноатлантиган. Айни кунларда иш қайтадан кўриб чиқилмоқда, 19 август куни навбатдаги суд иши давом этади.

Воқеалар қандай бошланган эди?

Бир йилдан ортиқ вақт мобайнида «Mizan Ithalat ve Ihracat Turizm Pazarlama Ticaret» МЧЖ хорижий (турк) корхонаси директори Собир Қурбонов (миллати ўзбек) Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги билан судлашмоқда. Бунга вазирлик хорижий корхонага ўзи томонидан 2023 йил январда берган рухсатномасини ноқонуний равишда муддатидан аввал бекор қилиб юборган. Маълумот ўрнида, МЧЖ ушбу рухсатнома орқали Тошкент вилояти «Апартак 3» кўмир конида фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига 10 йил давомида эга бўлиши керак эди. Айнан можаро мана шу рухсатноманинг бекор бўлишидан бошланган.

Геология вазирлиги ўзи берган рухсатномани, қандай бекор қилишга эришди?

Вазирлик рухсатномани жамиятда бош ҳисобчи бўлиб ишлайдиган (кейинчалик шу рухсатнома қайта расмийлаштириб берилган МЧЖда директор бўлиб ишлайдиган шахс У.З) шахс Умид Зарипов (исми ўзгартирилган) нинг мурожаатига кўра «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонуннинг 33-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисини асослаган ҳолда» бир қарори билан бекор қилган.

Бу эса ҳеч қандай мантиққа тўғри келмасада, бунгача ишни кўрган судлар кўплаб қонунбузилиш ҳолатларига кўз юмган. Рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги қарорга шахсан вазир Бобир Исломов имзо чеккан.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги судларда жамият вакили мурожаатига кўра рухсатномани бекор қилиш мумкин эканлигига урғу қаратмоқда.

Ваҳоланки, жамият вакили бўлган шахсда бундай ваколат мутлақо бўлмаган ва у жамият директорининг 8-сонли фармони билан 2 май куни фақатгина бош ҳисобчи лавозимига тайинланган. Аммо у ўзини вазирлик ёки бошқа идораларга гўёки МЧЖда юқори ваколатли шахс сифатида таништирган.

Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарорида қуйи судларнинг қўпол хатоларига яққол гувоҳ бўлишингиз мумкин.

 

Иш шу кунгача учта судда кўрилган бўлиб, суд ҳокимиятининг қонунларга беписандлиги ортидан хорижий корхона катта зарарга кирган, шунчаки бош ҳисобчининг аризаси билан рухсатномани бекор қилиб юборган вазирликнинг бу ишдан қандай манфаати борлиги бизга ҳозирча номаълум.

Тошкент шаҳар прокуратураси аввалги суд қарорларини бекор қилиш бўйича киритган протести ҳам ҳатто ўқиб кўрилмасдан рад этилган. Энг қизиғи, рухсатнома «Мизан»дан 7 август куни олиб қўйилгач, 15 август куни бошқа хорижий корхонага қайтадан расмийлаштирилган, вазирлик «Мизан»нинг норозилик хатларига гўёки иш судда кўрилаётгани, кейинчалик ваколатли органнинг тегишли қарори бўлса, унинг ижросини таъминлашини билдирган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш