Сўнгги янгиликлар
Самарқанд – Европа ва Марказий Осиё мулоқотининг маркази…
Нодирбек Абдусатторов жаҳоннинг топ-6 шахматчилари орасида
Газиантеп: цивилизациялар бешиги
Хусусий нотариус пора олгани учун жавобгарликка тортилди
Избоскандаги масжидда юз берган портлаш юзасидан жиноят қўзғатилди — Андижон вилоят прокуратураси
Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан учрашув ўтказди
Андижондаги портлашда 3 киши вафот этган
Фоча: тарих, мовий гўзаллик ва унутилмас тажриба
«Президентнинг инвесторларга берган кафолатига ҳозиргача ишоняпмиз» – «MIZAN» хорижий корхонаси Геология вазирлиги билан судлашяпти
Йилдан йилга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистонга юзлаб хорижий компания ва корхоналарнинг қизиқишлари ортиб бормоқда, улар ҳукумат ҳимоясида инвестиция фаолиятини амалга оширувчи гигант тадбиркорга айланиб, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва иш ўринларини яратишлари билан бандлик муаммосига барҳам беришда қўшимча куч бўлишмоқда.
Самарали иқтисодий ислохотлар амалга оширилаётган бугунги кунда тадбиркорлар манфаатини химоя қилиш Ўзбекистон сиёсатининг устувор вазифасига айланган. Аммо, турли идораларнинг тушунарсиз қарорлари ортидан айрим ҳолатларда нафақат тадбиркорлар балки инвесторларнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига оддий ҳолат сифатида қараляпти.
Effect.uz ушбу материлни тайёрлаш учун бир ойдан кўпроқ вақт сарфлади. Узоқ вақт олиб борилган журналистик суриштирув давомида Оҳангаронда жойлашган 191 гектарлик «Апартак 3» кўмир конидан бошлаб, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва судларнинг турфа ишлари ҳақида сўз боради.
Туркиянинг MIZAN ITHALAT VE IHRACAT TURIZM PAZARLAMA TICARET LIMITED SIRKETI ягона таъсисчи бўлган «MIZAN ITHALAT VE IHRACAT TURIZM PAZARLAMA TICARET» МЧЖ Ўзбекистонда 2021 йилнинг 13 июль куни рўйхатдан ўтган. Жамият асосан бошқа рангли металл рудаларини қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиши белгиланган.
Жамиятнинг ягона таъсисчиси MIZAN ITHALAT VE IHRACAT TURIZM PAZARLAMA TICARET LIMITED SIRKETI эканлиги ҳатто турк оммавий ахборот воситаларида, хусусан газеталарда ёритилган. 2022 йил 17 апрель куни хорижий корхонага Қурбонов Собир Файзуллаевич директор этиб тайинланади.
Жамият кончилик фаолиятини олиб бориши учун Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузурида бўлган Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг кон ажратиш тўғрисидаги далолатномасини 2023 йилнинг 27 март куни қўлга киритган.
Унгача хорижий корхона Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган «Апартак 3» кўмир конида фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган 10 йиллик рухсатномани Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигидан 2023 йил 10 январь куни олишга ҳам эришганди.
Худди шу рухсатнома орқали хорижий корхона августгача ишлади, бироқ вазирлик рухсатномани бекор қилгач, турк компаниясининг осмонида қора булутлар уча бошлайди.
Айни вақтда «Mizan Ithalat ve Ihracat Turizm Pazarlama Ticaret» МЧЖ хорижий (турк) корхонаси директори Собир Қурбонов (миллати ўзбек) Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги билан судлашяпти.
Чунки, вазирлик хорижий корхонага ўзи томонидан 2023 йил январда берган рухсатномасини ноқонуний равишда муддатидан аввал бекор қилиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу рухсатнома орқали жамият «Апартак 3» кўмир конида фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига 10 йил давомида эга бўлиши керак эди.
Бироқ, вазирлик рухсатномани жамиятда бош ҳисобчи бўлиб ишлайдиган (кейинчалик шу рухсатнома қайта расмийлаштириб берилган МЧЖда директор бўлиб ишлайдиган шахс У.З) шахс Умид Зарипов (исми ўзгартирилган) нинг мурожаатига кўра «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонуннинг 33-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисини асослаган ҳолда» бир қарори билан бекор қилади.
Қарорда вазир Бобир Исломовнинг имзосини кўриш мумкин.
Шу кунгача учта судда кўрилган жараён хорижий корхонанинг зарарига ишлаши ортидан, Тошкент шаҳар прокуратураси суд қарорларини бекор қилиш бўйича протест киритган. Ишнинг судга кўчиши айнан вазирликнинг прокуратура протестида кўрсатилган ноқонуний қарор билан боғлиқ. Вазирлик томонидан 2023 йил 7 август куни қабул қилинган 11-сонли қарор негадир очиқ манбаларда мавжуд эмас.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги судларда жамият вакили мурожаатига кўра рухсатномани бекор қилиш мумкин эканлигига урғу қаратмоқда. Ваҳоланки, жамият вакили бўлган шахсда бундай ваколат мутлақо бўлмаган ва у жамият директорининг 8-сонли фармони билан 2 май куни фақатгина бош ҳисобчи лавозимига тайинланган. Аммо у ўзини вазирлик ёки бошқа идораларга юқори ваколатли шахс сифатида таништирган.
Умид Зариповнинг молиявий ишлар бўйича директор ўринбосарлиги тўғрисидаги 7-сонли фармоннинг асл нусхаси судга тақдим этилмаган, сабаби, ҳужжатнинг асл нусхаси мавжуд эмас, катта эҳтимол билан бу фармон сохталаштирилган бўлиши мумкин.
My.Mehnat.uz сайтида ҳам жамиятнинг молиявий ишлар бўйича директор ўринбосари ваканти ҳозиргача бўш қолмоқда.
Иш бўйича Тошкент туманлараро маъмурий суди 28 сентябрь куни «Mizan Ithalat ve Ihracat Turizm Pazarlama Ticaret» МЧЖ фойдасига зид бўлган қарорни эълон қилади, ундан кейинги судлар ҳам қуйи инстанция хулосасига таянган. Хусусан, Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси Суҳроб Йўлдошевнинг қарорини, 20 ноябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси судяси Хожиев, ҳайъат аъзолари Талипов ва Раҳмудиновлар ҳам бир сўз билан қўллашган.
Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанциясида судя Алмамедов, ҳайъат аъзолари Салимов ва Юсуповларнинг 19 январдаги қарори қабул қилишидан бир кун аввал Тошкент шаҳар прокуратураси бунгача бўлган икки инстанция қарорларини бекор қилиш тўғрисида протест киритган.
Аммо шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанцияси судялари Тошкент туманлараро ва шаҳар маъмурий судининг қарорини кучида қолдирган, протестдаги етарли асосларни инобатга олмаган. Ушбу инстанция қарори протест киритилгач, атиги орадан бир кун ўтиб қабул қилинган.
Рухсатнома «Мизан»дан 7 август куни олиб қўйилгач, 15 август куни бошқа хорижий корхонага қайтадан расмийлаштирилган, вазирлик «Мизан»нинг норозилик хатларига гўёки иш судда кўрилаётгани, кейинчалик ваколатли органнинг тегишли қарори бўлса, унинг ижросини таъминлашини билдирган.
Бунгача йўлланган хатлар жавобида вазирлик Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунни асос сифатида кўрсатган эди, кейинчалик эса бу қарор унутилиб, гўёки суд қарори ижроси таъминлангани айтилган.
Ҳа, иш судда қонунийлаштирилди ҳам дейлик, лекин суд қарори ижросини таъминлаши керак бўлган вазирлик бу ишларни дастлабки судгача амалга ошириб бўлганди. Вазирликнинг бу ҳаракатини қандай ҳолатда тўғри тушуниш мумкин?
Яъни 2023 йил 28 сентябрда Тошкент туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, вазирлик рухсатномани суд қароридан 45 кун аввал вазир Бобир Исломов имзоси билан жамият номидан иш юритиш ваколатига эга бўлмаган, вакиллик қилишда ишончномага эга бўлмаган шахс – Умид Зарипов мурожаатига асосан бекор қилган.
Маълумки, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари» тўғрисидаги қонуннинг 6-моддасига кўра, мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Айнан шу қонуннинг 29-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошига кўра жисмоий ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда кўриб чиқилмайди, ёки ўз-ўзидан қайтарилади.
«Мизан» жамияти директори номидан ишончномасиз иш юритиш ваколати жамият директоридан бошқа ҳеч кимда мавжуд эмас, лекин шундай бўлишига қарамасдан бош ҳисобчи лавозимида бўлган Умид Зарипов Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига мурожаат этишга журат топган, вазирлик эса юқорида келтирилган қонун талабларига зид равишда иш кўрган. Суд эса ушбу ҳолатларни синчковлик билан текширмаган, қонуний баҳо бермаган.
Вазирлик, 11-сонли қарорни қабул қилишда катта эҳтимол билан қўпол хатога йўл қўйган бўлиши мумкин. Судда протестни қўллаган прокурор бу борада шундай хулоса қилган: Суд томонидан низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган муҳим ҳолатларни аниқлаш чораси кўрилмаган.
Дейлик, Зариповнинг вазирликка ариза йўллаш ваколати бор дейдиган бўлсак ҳам вазирлик бу хат билан рухсатномани тўхтатиш бўйича мулоҳаза қилиши, ваҳоланки, «Мизан»га мурожаатнинг ҳақиқийлигини текшириши учун вақт ёки имкон ҳам бериши ҳам мумкин эди.
Ҳатто, Вазирликда жамият номидан ўзича иш юритган «вакил»нинг рухсатномани бошқа МЧЖга қайтадан расмийлаштириш сўровини, қўлламасдан бевосита игнор қилиш варианти ҳам йўқ эмасди.
Бироқ, шуниси қизиқки, Геология вазири Исломов ваколати бўлмаган шахснинг ноқонуний мурожаатига лаббай дея жавоб берган, дастлаб корхона фаолиятига рухсат бериб, кейин негадир яна қайтариб олган? Устига-устак, рухсатнома муддатидан анча аввал тўхтатилган. Бу худди ёш болага қиммат машина калитини ушлатиб, бироздан сўнг яна қайтариб олишдек гапдир…
Шу ўринда савол: Нега Бобир Исломов низо келтириб чиқариши эҳтимол бор ҳужжатни имзолади, уни бу ҳужжатнинг тасдиқлашига қандай омиллар мажбурлаган бўлиши мумкин?
Вазирлик катта эҳтимол билан 11-сонли қарори судларда ҳам бекор бўлмаслигига ишонган. Чунки, ҳали мавжуд бўлмаган суд қароридан аввал ўзи хулоса қилган.
Даъвогар «Мизан» судда ҳатто ҚР код туширилмаган, жамоатчилик назарига кўрсатилмаган 11-сонли қарор бекор бўлишини сўрайди, аммо учта суд ҳам хорижий корхона манфаатига қарши, қатор хатолар мавжуд бўлган қарорни қабул қилди. Прокурор протестида судларнинг айрим ҳолатларга қонуний эътибор қаратмагани, ишни пухта ўрганмани бот-бот қайд этилган.
Ҳа, суд прокурор тилидан айтилган ноқонуний қарорни тан олди, аммо нега вазирлик айнан шу конга тегишли рухсатномани тўхтатгач, орадан 8 кун ўтиб, Умид Зарипов директор этиб тайинланган МЧЖга берди, бу сизга қандайдир эриш туюлмаяптими?
Эътиборлиси, суд ҳужжатида рухсатномани бошқа МЧЖга қайта расмийлаштириш кўрсатилмаган, аммо вазирлик буни била туриб, қайси асослар ёки талабларга кўра, бир корхонанинг рухсатномасини тугатди ва бошқа бир яъни айнан Умид Зарипов сўраган МЧЖга шунчаки қўш-қўллаб топширди.
Прокурор протестида келтирилган бир жиҳатга эътибор қаратишимиз керак, яъни Умид Зарипов 8 июнь куни вазирлик билан боғланиб, рухсатномани тўхтатиш имкониятларини кўриб чиққан ҳолда, уни бошқа МЧЖга расмийлаштиришни сўрайди. Мурожаат қилинган муддатда эса айнан ушбу корхона Ўзбекистон ҳудудида умуман мавжуд бўлмаган. Қуйи инстанция судлари ҳам бу ҳолатларни мутлоқ унутган. Бўлиб ўтган вазиятлар ортида суд қарорлари шунчаки, иш материалларига қонуний дастак сифатида киритилган. Ҳужжат борми, бор…
Ғалати ишлар оқибатида манфаатлар тўқнашуви кузатилган, икки жамият ўртасида зиддиятлар бошланган. Аммо шу пайтгача тегишли идоралар бу каби қинғир ишларга панжа ортидан қараган, судлар эса қарор қабул қилишда инвесторнинг ҳимоявий ишончига путур етказган.
Жамият бош директори Собир Қурбонов Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда инвесторларга берилган кафолатларига ишонч билдиришини таъкидлайди.
«Бу ишдан манфаатдор «кучлар» кимлигини биламиз, қўлимизда етарли маълумотлар мавжуд. Инвестор сифатида Шавкат Мирзиёевнинг «инвесторларга ҳеч ким тўсиқ бўлмайди» дея айтган сўзларига ишончимиз сўнмаган. Судлар ва Геология вазирлигининг хорижий корхонамизга нисбатан қилган ноҳақликлари юзасидан, шахсан Президентдан амалий ёрдам сўраймиз. Олий суд аризамиз асосида инвестор фойдасига одилона ва ҳаққоний қарор қабул қилади деган умиддамиз», дейди жамият директори.
Қизиқ, вазирликка бемалол гапи ўтадиган, ҳатто судларга қилган ишлари тўғри эканлигини исботлаб келаётган, ҳозиргина корхона директори тилга олган «кучлар» ким бўлиши мумкин? Бу ишлар ортида кимлар турибди, EFFECT.UZ мазкур воқеалар ривожини ёритиб боради.



