Qidirish

10:46 / 2024-05-07 10980 0 Мақолалар

Жиноий гуруҳдан азият чекиб, ўз уйида ўғрилардек писиб яшаётган оила ҳасрати… Тергов ва суд нега ишга эътиборсизлик билан ёндошди?

Сизга яшаш учун уй керак, бироқ танловда қийин бўляпти. Сабаби бири ёқса, бошқасининг нархи ёқмаяпти, қиммат, яна бирининг нархи ёқса, кўриниши ёқмаяпти.

Хуллас, сарсончиликни бошдан ўтказасиз, сарсон бўлмай, вақтим кетмасин десангиз пул сарфлаб бўлса-да «маклер»га мурожаат қиласиз.

Бунда маклернинг ёқимли таклифларига чалғишингиз ҳам мумкин, охир-оқибат уйларнинг бирини танлайсиз, ва сотиб оласиз. Уйни расмийлаштиришдаги барча ишлар амалга оширилди, нотариус, кадастр, янги даргоҳда яшашни бошладингиз.

Ҳаммаси яхшидек гўё, аммо орадан 5 йил ўтгач, эшигингиз тақиллаб, Мажбурий ижро бюросидан ходимлар келиб, «уйингиз мусодара қилинади» демоқда. Шок ҳолатга тушасиз.

Ёмон ҳикоя қандай бошланди?

2023 йил апрель ойи Гули Баҳрамовага мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Тошкент вилояти Қибрай тумани Лимонзор 1-берк кўчаси 7-уйга МИБ ходимлари келади, бу уйга нисбатан мусодара борлигини, муқаддам бир қанча МЧЖнинг норасмий раҳбари А.А.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ ҳолат мавжудлигини маълум қилган. Баҳрамова ва унинг оилааъзолари суд ва бошқа ҳолатлар ҳақида умуман хабардор эмаслигини, А.А исмли шахсни эса умуман танимаслигини билдириб, гап нимада эканлигига аниқлик киритиш мақсадида ҳаракат бошлаган.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг ҳукмига кўра, А.А.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида гўёки Баҳрамова номига олинган мулк А.Анинг содир этган жиноятларидан топган пул маблағларига сотиб олинганлиги ва у етказган моддий зарарни ундириш учун Баҳрамова яшаётган уйни мусодара қилиш, кўрсатилган бўлиб, терговни ўша вақтда Бош прокурор ўринбосари айни вақтда Тошкент шаҳар прокурори Эркин Йўлдошев ўтказган.

А.А.га нисбатан эълон қилинган 797 варақли айблов хулосасида А.А «Ўзметкомбинат» АЖнинг собиқ бош директори А.Н раҳбарлигида тузилган жиноий гуруҳ иштирокидаги ҳаракатлари орқали жами ҳисобда ўзгаларнинг 268 млрд. 641 млн сўмлик мулкини талон-тарож қилгани қайд этилган.

Бироқ шу пайтгача Баҳрамова ёки унинг яқинларини бирорта тергов ва суд органи чақириб ҳолатга ойдинлик киритмаган. Дастлаб терговнинг ва суднинг эътиборсизлиги оқибатида, уйни сотиб олган Баҳрамованинг мулкий манфаатларига жиддий зиён етказилмоқда. Суднинг шошқалоқлиги оқибатида чиқарган ажрими билан бир оила уйсиз қолмоқда.

Айбланувчининг «уй менинг пулимга сотиб олинган» деган сўзи билан апелляция инстанцияси ҳам келишиб, Баҳрамованинг мулкига тааллуқли қисмини ўзгаришсиз қолдириши эвазига фуқаронинг конституцион ва қонуний ҳуқуқлари поймол қилинаётганини очиқчасига кўришимиз мумкин.

Баҳрамованинг Effect.uz’га қилган мурожаатида унинг қонуний асосларда тегишли бўлган Тошкент вилояти Қибрай тумани Лимонзор 1-берк кўчаси 7-уйга қўйилган тақиқни ечилиши ва суд ҳукмининг ушбу уйга нисбатан чиқарган қисмини бекор қилиниши сўралган.

Дарвоқе, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида жорий йилнинг 30 апрель куни ҳолат кўриб чиқилиши керак эди, аммо судьялар таркибида қатнашаётган судьянинг бири олдинги суд жараёнида иштирок этганлиги учун ишга бошқа судья жалб қилиниши сабаби билан маҳкама 2 майга қолдирилганди. Тарафнинг адвокати ҳолатни янада батафсил очиқлади.

Масала жиддий, бир оила бошқанинг судга айтган тасдиқланмаган важлари билан, йиллар давомида сарсон бўлиб, натижада кўчада қолмоқда.

2 майдаги судда бир қатор ОАВ ходимлари, хусусан Effect.uz мухбирлари ҳам иштирок этишди. Суд Гули Баҳрамованинг иддаоларини эшитиб, кейинги судда нотариусдан вакил чақиришни лозим деб топди. Ҳолат бўйича жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Навбатдаги суд 16 майга белгиланган. Effect.uz воқеалар ривожини ёритиб боради.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш