Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Телефонга қарамлик болаларнинг саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?
Бугун гаджетлар ҳаётимизнинг ажралмас қисми, турли вазиятларда “ёрдамчи”мизга айланган. Керакли маҳсулотни харид қилиш, бирон инсон билан тез боғланиш, зарур маълумот олиш ёки юбориш – бунинг учун телефондаги бир қанча тугмаларни босишнинг ўзи кифоя бўлиб қолди.
Бироқ, ҳар нарсанинг меъёри бўлгани каби гаджетлардан фойдаланишда ҳам маълум талаблар бўлиши керак. Зеро, виртуал оламга қаттиқ боғланиб қолиш инсоннинг физиологик ва руҳий саломатлигида жиддий муаммолар юзага келтириб чиқариши мумкин.
Афсуски, кўпчилик бунга бепарволик билан қарайди. Ҳозирги замонда мобил алоқа воситаларини, ҳатто, боғча ёшидаги болаларнинг қўлида ҳам кўриш мумкин. Айрим ота-оналар уй юмушлари билан машғул бўлганда ҳали тили чиқмаган гўдакларга мультфильм ёки видеолар қўйиб беради, бунинг келажакдаги салбий оқибатлари ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмайди...
Отабек Икромов, Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори:
Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда 5-16 ёшдаги болалар кунига 3 соатдан 8 соатгача вақтини телефон қаршисида ўтказади. Бунинг натижасида уларда телефонга қарамлик, ундан айрилиб қолишдан қўрқув ҳисси пайдо бўлади. ХХI аср эпидемияси дея таърифланувчи бу касаллик “номофобия” дейилади, – таъкидлайди мутахассис.
Номофобия болалар орасида энг кўп тарқалган психологик касалликлардан бирига айланишга улгурди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, гаджетларга бўлган тобелик даражаси, айниқса, у кичик ёшдан шаклланиб келган бўлса, ҳатто, наркоқарамликдан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин экан. Телефондан узоқ вақт давомида бетартиб фойдаланиш инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади.
Биринчидан, телефонлар инсон саломатлиги учун хавфли бўлган электромагнит тўлқинлар чиқаради. Тўлқинлардан нурланишнинг зарари кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланишдан азият чекадиган асосий органлардан бири – бу кўзлар. Болалар бир дақиқада ўртача 18-20 марта мижжа қоқади. Бу кўзларни намлантириб, улар зўриқишининг олдини олади.
Аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келиши мумкин.
Ота-оналар ва болалар буни дарров пайқашмайди. Кўпинча гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланиш оқибатида келиб чиққан кўз касалликлари болалар мактабга чиқиши, айрим ҳолларда эса ҳатто ўсмирлик даврида, масалан ҳарбий хизматга жўнашдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида аниқланади.
Айрим болалар ва ўсмирлар уйқудан олдин, баъзида эса ухламасдан қоронғи хонада телефонга термулиб чиқади. Бу – мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат! Бундай бедор тунлар сурункали тус олса, кейчинчалик уйқусизлик, диққатни бир жойга жамлай олмаслик ва ҳатто кўрликка олиб келиши мумкин.
Гаджетлар қаршисида кўп вақт ўтказиш болада умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталиклар ривожланиши хавфини ҳам туғдиради.
Таниш олиш керак, кўпчилигимиз телефондан ёнбошлаб ётиб фойдаланамиз ёки ўтирганда экранга гавдани ва бўйинни эгиб қараймиз. Бу суяк тизими ривожланиш босқичида бўлган болаларда умуртқа поғонасининг деформацияси, сколиоз, бўйин мушакларининг зўриқиши, спазмлар пайдо бўлиши мумкин.
Шунинг учун телефон ёки планшет ишлатганда уни камида 40-50 см масофада ва кўз баландлигида ушлаш керак.
Телефондан узоқ вақт давомида фойдаланиш боланинг руҳий ҳолати ва ижтимоий мослашишида ҳам муаммоларга олиб келади.
Таъкидлаш жоиз, болаларнинг ижтимоийлашуви туғилгандан бошлаб то ўсмирлик пайтигача давом этади. Бунда, айниқса, мактабгача ва мактаб даври муҳим роль ўйнайди. Сабаби, ушбу даврда бола бошқалар билан мулоқот қилишни, жамиятда ўзини қандай тутишни, одоб-ахлоқ нормаларини ўрганади, ақлий ривожланади, унда ижтимоий кўникмалар шаклланади.
Гаджетлар эса атроф-муҳитни энди идрок этаётган боланинг тўлақонли ижтимоийлашувига тўсқинлик қилади. Телефон “ичига кириб кетиб”, ташқи дунёдан узилиб қолиш туфайли унда кейинчалик бошқалар билан коммуникация қилишда жиддий муаммолар юзага келиши мумкин.
Мактабгача ижтимоилашув, энг аввало, оилада бошланади. Шунинг учун ушбу даврда ота-оналар фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказиши, бирга турли тўгаракларга бориши, жамоавий ўйинларда қатнашиши, уларда спортга қизиқиш, китоб ўқишга муҳаббат ҳиссини уйғотиши муҳим. Энг асосийси, ота-оналар ўзлари гаджетлардан имкон қадар камроқ фойдаланиб, фарзандларига намуна бўлиши керак.
Тўғри, болаларни телефондан мутлақо айириб қўйиш ҳам нотўғри. Чунки уларнинг зарари билан бир қаторда фойдали томонлари ҳам кўп, албатта. Замонавий гаджетлар тақдим эта оладиган имкониятлар болаларга янги билим олишга ёрдам беради, уларга ўқиш жараёнида ас қотади.
Муҳими, уларнинг саломатлигига путур етиши ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш учун болалар телефонлардан қанча вақт ва нима мақсадда фойдаланаётганини назорат қилиш зарур.
Cоғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.