Qidirish

00:23 / 2023-11-10 345 0 Ҳодисалар

Taftish.uz’нинг собиқ раҳбарига нисбатан жиноят иши очилди. Блогерга нисбатан сиртдан қамоққа олиш чораси қўлланилган

Бухоро вилоят прокуратураси ҳузуридаги департаментнинг Шофиркон туман бўлими томонидан Taftish.uz ахборот агентлиги собиқ раҳбари Ғ.Ага нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берган, кейинчалик эса бу хабар негадир ўчирилган.

world-news

Хабарда айтилишича, Taftish.uz ахборот агентлиги собиқ раҳбари Ғ.А туман ҳудудида яшовчи фуқароларни алдаб, агентликнинг ижтимоий тармоқлардаги канали орқали уларнинг муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига, жуда кўп миқдордаги пулларини олиб, шахсий эхтиёжларига ишлатиб юборган.

Хусусан, Ғ.А 2020 йил октябрда муқаддам Конимех туманидаги “Алибек Ислом” МЧЖ раҳбари А.Ига қарашли бўлиб, кейинчалик туман Қоракўлчилик ширкати балансига ўтказиб юборилган 1400 га. яйлов ерларни фермер хўжалиги номига қайта расмийлаштириб бериш эвазига А.Идан жами 5 000 АҚШ доллари қийматдаги пул ва бошқа моддий қимматликларни олиб, шахсий   эҳтиёжлари учун сарфлаган.

Худди шундай, фуқаро Қ.Хдан туман ҳокимлиги захирасига олинган 1800 га. яйлов ерларни унинг ўзига қайтариб олишда ёрдам беришини айтиб, бунинг эвазига ундан жами 22 000 АҚШ долларини олиб талон-торож қилиб юборган.

Бундан ташқари, фуқаро М.Сга ЖКнинг 105 - моддаси билан содир этган жинояти учун “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган вақтда (2022 йил ноябрь) унинг отаси И.Сни ўғлини қамоқдан чиқаришга ёрдам беришини айтиб, 5000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Терговга қадар текширувда М.Снинг апелляция судлов босқичида жабрланувчи билан ярашганлиги сабабли қамоқдан озод этилганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг апрель ойида фуқаро А.Ҳнинг Андижон вилояти (Миллий гвардия)да ишловчи укаси А.Ҳнинг ишини Бухоро вилоятига кўчириб бериш эвазига ундан фирибгарлик йўли билан 800 АҚШ доллари олиб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаган.

Шунингдек, Ғ.А 2021 йил баҳорда Ж.Удан 10 - 15 кунда қайтариб бериш шарти билан 500 АҚШ доллари олиб, ҳозирга қадар қайтармасдан, алдаб келган.

Қайд қилинган ҳолатларда Ғ.А фуқароларни алдаш орқали уларнинг жами 33,3 минг АҚШ доллар қийматидаги пул маблағларни ўзлаштириб олиб, талон-торож қилиб юборган.

Мазкур ҳаракатлари учун Ғ.А 6 ноябрь куни ЖКнинг 168 - моддаси 3-қисми "б" банди, 168-моддаси 4 - қисми “а” банди ҳамда 25, 211-моддаси 2-қисми "а" банди билан ишда айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирги кунда Пешку туман ички ишлар бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш