Qidirish

22:44 / 2023-09-01 1232 0 Жамият

“EduCO FEST” ёшлар фестивали – 2023

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад экология соҳасида сифатли таълимни тарғиб қилиш.

world-news

Бугун, 2023 йил 18 август куни Мирзо Улуғбек номидаги марказий истироҳат боғида (собиқ “Телман” боғи) илк бор “EduCO FEST” ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган мақсад экология соҳасида сифатли таълимни тарғиб қилиш ва Ўзбекистон ҳамда бутун дунёда меҳнат бозорида ушбу касбга талаб юқори эканлигини намойиш этишдан иборат.

Фестивал Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (“Green University”) томонидан ташкил этилди.

“EduCO FEST” – таълим ва экологиянинг уйғунлашуви бўлиб, мақсад Ўзбекистон ва Марказий Осиё ёшлари учун қизиқарли, истиқболли ва оммабоп йўналиш сифатида экология соҳасидаги таълимни оммалаштиришдан иборат.

Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Aзиз Aбдуҳакимов, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Маммадзаде Мунир, Мисрнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Aмира Фаҳми, Марказий Осиё атроф-муҳитни ўрганиш ва иқлим ўзгариши университети (Green University) ректори Жасур Салихов, фаол ёшлар, халқаро ташкилотлар, ОAВ вакиллари ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир доирасида “Pecha-Kucha” форматида бир қатор мотивацион маърузалар ўтказилди, унда муаллифлар ўз фикрлари ва лойиҳалари билан ўртоқлашдилар. Ўзбекистон Кўнгиллилар уюшмаси ва Ёшлар агентлиги кўмагида мамлакатимизнинг 4 вилоятидан экологик лойиҳалар муаллифлари танлаб олиниб, улар халқаро экспертлар ва ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда ўз тақдимотларини ўтказдилар. “Яшил меҳнат ярмаркаси” тадбирнинг муҳим қисми бўлиб, унда халқаро ташкилотлар, хусусий ва давлат сектори вакиллари экологик билимга эга мутахассисларнинг касб-ҳунар эгаллаш имкониятлари ҳақида сўз юритдилар. UNICEF, FAO, BMTTD лойиҳалари, KPMG ва бошқалар ёшларга ўз ташкилотларида бўш иш ўринлари ва амалиёт ўташ ҳақида сўзлаб беришди.

“EduCO FEST” дастури турли мусиқий чиқишлар, SWOP бозори ва маҳорат дарсларига бой бўлди. “Еко Заковат” ўйини натижасида викторина ғолибларига UNICEF томонидан тақдим этилган планшетлар топширилди.

Тадбирда Президент қарори билан 2023 йил май ойида ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) ҳақида сўз борди. “Green University” нафақат Ўзбекистонда, балки минтақада ҳам замонавий экологик муаммоларни ҳал этишга қодир, янги форматдаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлайдиган биринчи олий таълим муассасасидир. Университет ўқув дастурида фанлараро ёндашувдан фойдаланади ва талабалар халқаро экологик ҳуқуқ, экологик журналистика, барқарор ривожланиш, атроф-муҳитни бошқариш ва менежмент каби долзарб йўналишларни ўрганиш имкониятига эга бўладилар.

Жаҳон иқтисодий форуми маълумотларига кўра, келажакнинг энг юқори ҳақ тўланадиган касблари қуйидаги йўналишларга қаратилган: сунъий интеллект, биотехнология, экология ва иқлим, тиббиёт.

 

 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш