Qidirish

05:31 / 2022-01-18 48 0 Ҳодисалар

Навоийдаги ЙТҲда ҳалок бўлган "Халқ банки"нинг уч нафар ходими дам олиш кунлари ишга жалб этилгани маълум бўлди

world-news

Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан "Халқ банки»нинг уч ходими даҳшатли ҳалокат қурбони бўлди. Улар шанба куни ишлашга мажбурланган…ми?" сарлавҳаси остида мақола эълон қилган эдик.

Кейинчалик ушбу ҳолат юзасидан махсус текширув ўтказиш комиссиясини тузиш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи тайёрланганди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2021 йил 8 ноябрдаги 407-ICh-сонли буйруғига асосан тузилган махсус комиссия томонидан тўлиқ ўрганилган. Вазирлик матбуот хизмати бу бўйича маълумот берди.

Унга кўра, ушбу вазият меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодиса деб топилди ва жабрланувчиларнинг ҳар бирига N-1 шаклидаги далолатнома тузиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси АТ "Халқ банки" бошқаруви раиси номига ва АТ "Халқ банки" Навоий вилояти филиалига ёзма кўрсатма киритилди.

Шунингдек, махсус текшириш материаллари Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармасига юборилгани айтилган хабарда.

Маълумот ўрнида, Навоий вилояти Нурота туманида 2021 йил 6 ноябрь куни содир бўлган даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жами 8 киши ҳалок бўлган эди. Улардан уч нафари Нурота "Халқ банки" филиали ходимлари экани маълум бўлганди.

Ҳодисадан кўп ўтмай, ижтимоий тармоқларда "Халқ банки"нинг уч нафар марҳум ходимлари юқори турувчи раҳбарлар берган топшириқларни бажариш учун дам олиш кунида ишга чиқишга мажбур бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хабарларда, шанба куни улар эрталабдан вилоят филиалидаги норасмий йиғилишга чақирилгани айтилган эди. Лекин ўртада бирор-бир расмий хат ёки дам олиш куни ишга чиқиш, меҳнат мажбуриятлари билан шуғулланиш ҳақида буйруқ ёки қарор бўлмаган.

Ҳолат бўйича Effect.uz'да амалиётчи юрист Саидали Мухторалиевга таяниб таҳлилий мақола эълон қилинди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш