Qidirish

Сўнгги янгиликлар
16:37 / 2025-02-22 40

Туркиядаги Халқ кутубхонаси жаҳон кутубхоналари учун андаза бўлмоқда

19:58 / 2025-02-21 162

Иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистонда меҳнат таътили кунлари 24 кундан 21 кунга камайтирилди деб ёзди, аслида эса 15 кундан 21 кунга оширилган ва тўланадиган маблағ ҳам кўпайтирилган бўлиб чиқди

19:46 / 2025-02-21 98

Ҳайвон ҳам бунчалик хўрланмайди – Оққўрғондаги зўравонлик ҳақида очиқланмаган фактлар…

14:25 / 2025-02-21 136

Шавкат Мирзиёев Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига ташриф буюрди

17:36 / 2025-02-20 649

Ҳар қандай масалага қулай позицияда эмас, ҳар томонлама ва холисона ёндошиш керак – Насимбек Азизов

16:57 / 2025-02-20 165

Қурилиш майдонида одам ҳалок бўлган «Аския Cитй»да 5 йилдан буён ноқонуний қурилиш давом этаётгани маълум бўлди

16:03 / 2025-02-20 158

Россияда самолёт қаттиқ қўниши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

15:43 / 2025-02-20 178

Нурота тумани «Мурувват» уйида ёш шоир Шоди Ражабовнинг «Ҳаётни севинг» номли шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди

05:12 / 2022-01-17 68 0 Жамият

Мусулмонлар идораси умра сафари тўлови борасидаги хабарларга изоҳ берди

world-news

Икки йиллик танаффусдан сўнг умра зиёрати бошланмоқда, дея хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати. 15 январь куни умра мавсуми нархлари, навбатлари, учиш вақтлари ва вакциналар ҳақида хабар берилди.

Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари пандемиядан аввал, яъни 2020 йил февраль ойига қадар қилинган умра тўлови миқдорига қўшилган қиймат борасида турли мулоҳазалар билдирмоқда.

Шу боис, Мусулмонлар идораси қўшимча тўлов тафсилотини қуйидаги жиҳатлар орқали баён қилди:

Биринчи, коронавирус пандемияси умра хизматлари кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Аввал қайд этилганидек, меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш каби талаблар ўрнатилди.

Ҳар бир фуқаронинг сафарга чиққандан то Ўзбекистонга қайтиб келгунга қадар эпидемиологик меъёрларга жавоб берадиган ташкилий ва тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари махсус қадоқланган ҳолда тарқатилади, тиббий хизмат кўрсатишда қўшимча шифокорлар ва махсус дори-дармонлар билан таъминланади.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда икки йил аввалги ҳолатга нисбатан нарх-наво кўтарилди. Бунинг устига қиролликда 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи ҳам жорий этилди.

Иккинчи, табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, фақат тоату ибодатга сарфлаши учун Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилинди. Масжиди Набавийга яқин бўлган 5 юлдузли “Пулман зам-зам” ва Байтуллоҳ атрофидаги “Жабал Умар” ҳудудида жойлашган 5 юлдузли меҳмонхона олинди. Олдинги йилларда зиёратчилар Макка шаҳрида Ҳарам масжидидан чамаси 1,2 км. бўлган меҳмонхонада истиқомат қилишган.

Булар зиёратчиларга беш маҳал намозни Ҳарами шарифларда адо этиш, дуо-ю илтижолар билан банд бўлишда енгиллик беради. Йўл, таомланиш ва бошқалар учун кетадиган вақтни тежайди. Шунингдек, меҳмонхоналарда тиббиёт ва ишчи гуруҳлари хизмат кўрсатади.

Ўзбекистон Саудияда умра сафарини ташкил қилиш бўйича бир неча ширкат имкониятларини ўрганганини аввал ҳам хабар қилган эдик. Бунда Саудия ҳаж ва умра вазирлиги талабига асосан умрани ташкил этиш бўйича лицензияга эга бўлган ширкатлар бўлишига эътибор қаратилди. Шу кунларда, ижтимоий тармоқларда муқобил таклиф билан чиқаётган баъзи ширкатлар умра хизматини кўрсатиш учун янгиланган рухсатномага эга эмаслигини билдириш билан кифояланамиз.

Олдинги узоқ йиллик ҳамкор ширкат ҳам пандемиядан кейин лицензия ололмагани учун бошқа, имконияти кенгроқ “Абу Сарҳад” ширкати билан шартнома имзоланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Қўшимча тўловлар юзасидан яна бир жиҳат. Ҳар бир Ҳаж ёки умра мавсуми тўловлари учун алоҳида ҳисоб рақам очилади ва сарф-харажатлар амалга оширилади. Маблағлар банкдаги махсус ҳисоб рақамда сақланади. Маблағлардан муборак сафарга тегишли йўналишлардан бошқа мақсадда фойдаланишга имконият мавжуд эмас.

2020 йил февраль ойига қадар умра учун тўлов амалга оширган, пандемия сабаб бориш истагидан қайтган фуқароларнинг мурожаатига асосан тўловлари қайтариб берилди. Қолган фуқароларнинг маблағлари ўз ихтиёрларига кўра, умра ҳисоб рақамида сақланмоқда.

Мўмин-мусулмонларни умра ибодатига бошчилик қилишда кўп йиллик тажрибага эга, диний мутахассислар билан таъминлайдиган ва бу борада ваколатли, расмий ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали муборак сафарни хавфсиз адо этишга чақирамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мунтазам равишда халқимизнинг талаб-истакларини инобатга олган ҳолда умра сафари нархларини мақбуллаштиришни давом эттиради, бу борада янгиликлар бўлса, расмий матбуотда эълон қилади.

Сўз якунида, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда ахборот тарқатувчилардан тўлиқ ўрганилмаган ахборот тарқатиш шаръий жиҳатдан тўғри эмаслиги ва қонуний жавобгарликка сабаб бўлишини ҳисобга олиб, бирор хабар эълон қилишдан олдин иккинчи томоннинг ҳам фикрини олишлари учун доимий ҳамкорликка тайёрлигимизни билдирамиз”, - дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш