Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
7 йил аввалги ҳаётга қайтишни истамаймиз ёхуд АДОВАТ ВА АДОЛАТ ЖАНГИ...
Effect.uz 2022 йили “Тоштурмада кечган 74 кун” сарлавҳаси остида катта мақола эълон қилганди. Унда ҳужжатларни сохталаштириш ва фирибгарликда айбланган пойтахтлик тадбиркор Ҳ.Аҳмаджоновнинг содир қилмаган жиноятлари учун икки ойдан кўпроқ умрини ҳибсхонада ўтказгани ҳикоя қилинган.
Мақолада Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан олиб борилаётган мазкур иш атрофидаги шубҳали ҳолатларга эътибор қаратилган бўлиб, айнан шу идораларнинг саъй-ҳаракатлари билан қонун устуворлиги таъминланган ва 2021 йил июлидан терговма-тергов сарсон юрган, сентябрда қамоққа олинган ва ниҳоят декабрда айбсизлиги исботланган тадбиркорга нисбатан очилган жиноят иши ва айблов тугатилганди.
Афсуски, орадан бир ярим йилча вақт ўтиб, ҳаммаси яна бошидан бошланяпти чоғи... Чунки 1 май 2023 йили Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Ҳ.Аҳмаджоновга нисбатан очилган жиноят ишини тугатиш тўғрисида 10 декабрь 2021 йили чиқарилган қарорни бекор қилди ва қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказишга топшириқ берган.
Кутилмаган ва кўпчиликни ажаблантирган бу вазият юзасидан туғилган мулоҳазаларга ўтишдан аввал жиноят иши тафсилотларини эслаб ўтсак.
ЎЗИ, НИМА БЎЛГАН?
2018 йил ёзида тадбиркор Бахтиёр Икромжонов Ҳ.Аҳмаджоновга тижорий таклиф билан чиқади. У Ангрен шаҳрида керамогранит маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод очгани, Италиядан лизинг асосида замонавий ускуналар олиб келгани, лекин фаолиятни бошлашга маблағи етмаётганини айтиб, Аҳмаджоновни ҳамкорликка чақиради. Музокаралардан кейин икки тадбиркор заводнинг 60 фоиз улуши Б.Икромжонов, 40 фоизи Ҳ.Аҳмаджонов ихтиёрида бўлишига келишади.
Ҳ.Аҳмаджоновга лойиҳа ёққандан сўнг, шунинг учун заводни тезроқ ишга тушириш мақсадида шахсий маблағларини ҳам аёвсиз сарфлашга киришиб кетади. Лойиҳанинг келажаги ва шеригининг сўзларига шунчалар ишонган эдики, хатто, Низом жамғармасининг Б.Икромжонов шакллантириши керак бўлган ҳиссасини ҳам ўз ёнидан тўлдириб боради. Италиялик мутахассисларни таклиф қилиб, уларга катта миқдорда маош тўлаб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга жон-жаҳди билан уринади.
Афсуски, иш олдига юрмайди. Маҳсулот сифатсиз чиқиб қолади, уни бозорга ҳам таклиф қилиб бўлмайдиган ҳолат эди. Италиядан келган мутахассислар бу муаммони бартараф қилиш учун 5-6 ой талаб қилинишини таъкидлашдан чарчашмади. Ишлаб чиқариш жараёни фақат ҳаражатлардан иборат бўлиб қолган, кирим эса умуман йўқ эди. Европалик мутахассислар ҳам текинга ишламайди. Устига устак, солиқ тўловлари ва лизингдан қарз миқдори ошиб борарди.
Бу пайтга келиб, Ҳ.Аҳмаджонов заводга 2 миллион 514 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишга улгурганди. Молиявий муаммолар бошланди. Шериклар ўзаро келишиб, 2019 йили заводни Олимжон Набиқуловга 4 миллион АҚШ долларига сотишади.
Мавжуд маълумотларга кўра, “Люкс гранит” МЧЖ ҳозиргача Олимжон Набиқуловга тегишли бўлиб, корхонанинг 100% улуши унинг ихтиёрида.
Сотувдан тушган маблағнинг 2 миллион АҚШ доллари корхонанинг солиқ ва бошқа тўловлар, шунингдек, лизинг шартномаси бўйича қарзларига ўтказилди. 1 миллион АҚШ доллари нақд пул шаклида Бахтиёр Икромжоновга берилди. 317 минг доллар яна бир ҳамкор Ж.Пўлатовга қарзини ёпиш учун ажратилади. Ҳ.Аҳмаджоновнинг айтишича, заводни ҳарид қилган фуқаро яна 169 минг АҚШ доллар бериши керак.
Икки тадбиркорнинг бошлаган тижорий лойиҳаси ана шундай муваффақиятсизлик билан якунланади. Бизнес оламида зафар ва муваффақиятсизлик ёнма-ён юришини кўп йиллик тажрибаси орқали яхши билган Ҳ.Аҳмаджонов яна одатий турмуш тарзига қайтади. Лекин у кўп ўтмай бошига ўзи ҳам кутмаган ташвишлар тушишини тасаввур ҳам қилмаганди.
АДОВАТ ВА АДОЛАТ ЖАНГИ...
7 июль 2021 йили Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Ҳ.Аҳмаджоновга нисбатан Жиноят Кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатади. У "Люкс-гранит" МЧЖ таъсисчилари йиғилишининг 07.09.2019 йилдаги баённомасини сохталаштириш ва қалбакилигини билиб туриб, Давлат хизматлари марказига тақдим қилиш, яъни ундан фойдаланиб жиноят содир этишда гумонланади. 20 август 2021 йили жиноят иши ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми "а" банди, 228-модданинг 2-қисми "б" банди ва 228-модда 3-қисми билан қайтадан малакаланди. 2021 йилнинг 10 сентябрь куни Ҳ.Аҳмаджоновга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилади.
Effect.uz мухбири 2022 йили тадбиркор ва унинг адвокати Улуғбек Турғунов билан суҳбатлашган. Мулоқот пайтида тадбиркор тараф ушбу жиноят ишини олиб борган ички ишлар ходимлари — Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов ва терговчи Улуғбек Мадалиев Ҳ.Аҳмаджоновни Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига хилоф равишда ҳибсда ушлаб туришгани, ҳеч бир ҳужжат ва далилсиз жиноят содир этганликда айблашгани, босим ўтказишгани, ҳақорат қилишганини айтишади.
Адвокат Улуғбек Турғунов терговчиларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига юқори турувчи идоралар диққатини тортишга эришган. Натижада жиноят иши аввал Ички ишлар Вазирлиги Тергов департаментига берилган. Орадан бир ой ўтар-ўтмас бу иш Бош Прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси юритувига олинган.
БП ҳаммасини яна бошидан бошлаб, такроран кўрсатмалар олган, томонларни юзлаштирган, жиноят ишида йиғилган ҳужжатларни синчковлик билан ўрганиб чиққан.
Ниҳоят, 10 декабрь 2021 йили Бош Прокуратурас Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Б.Каримов фуқаро Ҳ.Аҳмаджоновга нисбатан очилган жиноят иши ва илгари сурилган айбловни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган. Адолат зафар қозонган ва иш ёпилган.
Бош прокуратура томонидан айбловни тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг биринчи ва сўнгги бетлари (ҳужжатнинг тўлиқ матни таҳририятда мавжуд).
2022 йилги суҳбатимизда Ҳ.Аҳмаджонов оиласи бағрига эсон-омон қайтгани учун Ички ишлар Вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва Бош прокурор, 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Ниғматилла Йўлдошевдан чексиз миннатдорлигини таъкидлаганди.
ҒАМСИЗ ОШИМ – ДАЪВОСИЗ БОШИМ
Лекин шунга қарамасдан, 2023 йилнинг 1 май куни Ниғматилла Йўлдошевнинг ўринбосари Светлана Ортиқова Ҳ.Аҳмаджоновга нисбатан очилган жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш ва қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиш тўғрисида хулосага келади.
Бош прокурор ўринбосари имзолаган қарорнинг биринчи ва сўнгги бети (ҳужжатнинг тўлиқ матни таҳририятда мавжуд)
Кутилмаган қарордан норозо бўлган Ҳ.Аҳмаджоновнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига ёзган аризасида 8 май 2023 йили Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бошқармаси ходимлари бирон-бир қарор ва асоссиз унинг хонадонига бостириб киришганини ҳам айтиб ўтган. Тадбиркорнинг таъкидлашича, тезкор вакиллар ўзи уйда йўқлиги сабабли укаси Ҳожимуродни гаров сифатида олиб кетишган ва фақат ҳимоячилар аралашувидан кейин уни озод қилишга эришилган.
Худди шу куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди судьяси Ш.Шерматов ажримига кўра, Ҳ.Аҳмаджоновнинг қайниси Ж.Пўлатов ва унинг ҳамкори Д.Хошимовга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. 6-7 май кунлари уйидан олиб кетилган бу шахслар 1-тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг Даврон Хошимовга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрими.
Айтиб ўтиш жоизки, Даврон Хошимовга нисбатан 2021 йилда ҳам айловлар илгари сурилган ва Бош прокуратура терговчиси Б.Каримовнинг 24 ноябрдаги қарори билан у ҳам қамоқдан озод қилинган, жиноят иши ва айблов 10 декабрь куни тугатилганди.
Ҳ.Аҳмаджонов ва Даврон Хошимов ҳимоячилари Светлана Ортиқова қарорини нотўғри деб ҳисоблашади. Чунки Бош прокурор ўринбосарининг қўшимча тергов ўтказиш учун асос сифатида келтираётган сабаблари 2021 йилдаёқ Ички ишлар Вазирлиги Тергов департаменти, кейинроқ Бош прокуратура терговчиси томонидан атрофлича ва чуқур ўрганилган. Нуфузли экспертиза марказларининг хулосалари жиноят иши бўйича тўпланган ҳужжатларда мавжуд.
Адвокатлар С.Эргашев ва У.Турғуновни яна бир масала хавотирга соляпти. Светлана Ортиқова қарорида ушбу жиноят иши бўйича қўшимча тергов ҳаракатларини амалга ошириш Бош прокуратуранинг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Ж.Хайитбоев зиммасига юклатилгани айтилган. Лекин нима учундир бу масала билан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси шуғулланяпти. Ҳимоячилар жиноят ишининг қандай қилиб ички ишлар бошқармаси юритувига ўтиб қолганини тушунишмаяпти.
(Бош прокурор ўринбосари қарорининг якуний қисми)
Чунки 2021 йилда ҳам Ҳ.Аҳмаджонов ишини шу идора терговчиси Улуғбек Мадалиев ва унинг бевосита бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов олиб борган. Улар тадбиркорни сохта айбловлар билан 74 кун ҳибсхонада сақлашган, руҳий босимлар ўтказишган.
Озодликка чиққандан кейин Ҳ.Аҳмаджонов уларнинг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилишини сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилган. Ички ишлар Вазирлигининг шахсий таркиб билан ишлаш инспекцияси томонидан хизмат текшируви ўтказилган ва Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов ва терговчи Улуғбек Мадалиев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган ҳамда тергов билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишга ўтказилган.
Шу боис ҳимоячилар Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасининг бу ишга холис, беғараз ёндашишига шуҳа билдиришмоқда. Мазкур жиноят иши Ички ишлар Вазирлиги Тергов департаменти ёки Тошкент вилоят ИИБ Тергов бошқармаси юритувига ўтказилишини исташмоқда.
Уларнинг фикрича, жиноят иши Олий Суд Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида” 11 октябрь 2017 йилда қабул қилинган қарори талаблари ҳамда Жиноят-процессуал Кодекснинг 83-моддаси 2-банди, яъни “қилмишида жиноят таркиби бўлмагани учун” тугатилиши керак.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Бир неча йил олдин жуда қўрқинчли рақамлар эълон қилинганди. Маълум бўлишича, 1991-2016 йиллар оралиғида, яъни 25 йил (!!!) ичида мамлакатимиз судлари томонидан фақат БИР КИШИ оқланган экан. Олий Суд ахборотига кўра, 2017 йилдан бошлаб 2020 йилга қадар республика бўйича оқланганлар сони 2360 (!!!) нафарга етган. Ўртада фарқни тасаввур қиляпсизми?
Чорак асрда фақат бир фуқаро шаъни оқланган, уч йилда эса улар сони икки мингдан ошган. Бу 2016 йилгача неча минглаб инсонлар сохта айбловлар, туҳмат билан қамалган деганидир. Бу кимнинг устидан асосли-асоссиз ариза тушса кифоя, у албатта жазога тортилган деганидир. Қамалган, урилган, сурилган демакдир. Биз эса 2016 йилдан аввалги ҳаётга қайтишни истамаймиз.