Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Тоштурмада кечган 74 кун...
Пойтахтлик тадбиркор Ҳожиакбар Аҳмаджонов 74 кун ҳибсхонада ноконуний сақланди.
Пойтахтлик тадбиркор Ҳожиакбар Аҳмаджонов 74 кун ҳибсхонада ноконуний сақланди. Қамоқда ўтириш қийин, лекин қилмаган ишинг учун қамашса, азобинг минг чандон ортади.
Содир этган жиноятинг учун камерага тиқиб қўйишса, кўнгилнинг бир четидан "қилмишимга яраша-ку" деган фикр ўтади ва шу билан юпанасан, туҳмат билан кирсанг, дунёларга сиғмай кетасан. Бир неча ойда йилларга қарийсан.
Икки ярим миллион долларлик сабоқ
2018 йилнинг ёз фаслида тадбиркор Ҳожиакбар Аҳмаджоновга таниши тижорий таклиф билан чиқди. кафел маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод очгани, Италиядан лизинг асосида замонавий ускуналар олиб келгани, лекин фаолиятни бошлашга маблағи етмаётганини айтиб, Ҳожиакбарни ҳамкорликка таклиф қилди.
Музокаралардан кейин икки тадбиркор заводнинг 60/40 фоиз улуш бўлишишга келишишди. Ҳожиакбарга лойиҳа ёққанди. Завод маҳаллий ва хорижий бозорга об-ҳаво ҳарорати ўзгаришларига чидамли, сув таъсирига бардошли керамогранит маҳсулотларини таклиф қилиш қудратига эга йирик корхоналар сирасидан ўрин олишга қодир эди.
Италиядан мутахассисларни таклиф қилиб, уларга катта миқдорда маош тўлаб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга жон-жаҳди билан киришди.
Афсуски, иш юрмади. Маҳсулот сифатсиз чиқарди. Уни бу каби яроқсиз ҳолатида бозорга ҳам таклиф қилиб бўлмасди. Италиядан келган мутхассислар бу муаммони бартараф қилиш учун 5-6 ой талаб қилинишини таъкидлашдан чарчашмасди. Ишлаб чиқариш жараёни фақат ҳаражатлардан иборат бўлиб қолган, кирим эса умуман йўқ эди. Европалик мутахассислар ҳам текинга ишлашни исташмасди. Устига устак, солиқ тўловлари ва лизингдан қарз миқдори ошиб борарди.
Бу пайтга келиб, Ҳожиакбар Аҳмаджонов заводга 2 миллион 514 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиб бўлганди.
Молиявий муаммолар бошланди. Шериклар ўзаро келишиб, 2019 йили заводни 4 миллион АҚШ долларига сотишди. 1 миллион 513 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ зудлик билан корхонанинг солиқ ва бошқа тўловлар, шунингдек, лизинг шартномаси бўйича қарзларига ўтказилди. 1 миллион АҚШ доллари нақд пул шаклида бизнес хамкорига берилди.
Шу билан керамогранит маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасига нуқта қўйилди. Кимнинг ютгани ёки ютқазгани аҳамиятсиз, чунки бу бизнес ва унда ҳамиша бу каби муаммолар юзага келиб туради. Мухими, ҳар бир мағлубиятдан тўғри ва холис хулоса чиқаришдир. Лекин бу лойиҳа орадан бир неча йил ўтиб, ҳибсхонагача олиб келишини Ҳожиакбар Аҳмаджонов хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.
Тадбиркорликдан фирибгарликкача бир қадам
Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 7 июль 2021 йили Ҳожиакбар Аҳмаджоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
20 август 2021 йили жиноят иши Ўзбекистон ЖК 168-моддасининг (Фирибгарлик) 4-қисми "а" банди, 228-модданинг 2-қисми "б" банди ва 228-модда 3-қисми билан қайтадан малакаланди. 10 сентябрь куни ҳужжатларни сохталаштиришда ва фирибгарликда айбланган Ҳожиакбар Аҳмаджоновга нисбатан аризачи булмасада қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов ва терговчи Улуғбек Мадалиев ўзларига берилган ваколат доирасидан четга чиқиб, фукаролик муносабатларидаги тортишувли холатни жиноятга айлантириб,.. Ҳожиакбар Аҳмаджоновни Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларини менсимасдан, уларга хилоф равишда ҳибсда ушлаб туришган. Асоссиз ва даъвогарнинг аризасисиз уни жиноят содир этганликда айблашган. Босим ўтказишга уринишган, "фирибгар қамоқда ўтириши керак", "сан аферистсан" деб ҳақорат қилишган.
Шу тариқа, кечаги тадбиркор фирибгар ва ҳужжатларни қалбакилаштирган шахс сифатида Тоштурмага йўл олган.
Эски Тоштурма, янги Тоштурма, барибир турма
Юнусобод туманидаги эски бинодан янгисига кўчиб ўтган бўлса ҳам, халқ ичида "Тоштурма" номи билан юритиладиган тергов ҳибсхонасида, тан олиш керак, ҳамма шароит бор.
Ўзбекистондаги ҳибсхоналарнинг, масалан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон турмаларига нисбатан олганда, устивор ва ижобий жиҳати бор. Бу муассасага биринчи марта кириб келган шахсни ҳеч қачон икки ва ундан ортиқ марта қамалган, бошқача айтганда, "зона кўрганлар" орасига ташлашмайди. Тенг-тенги билан ўтиради.
Айтишларича, Тоштурманинг янги биносини лойиҳалаштириш ва қуришда шамолнинг эсишидан тортиб, қуёш нурининг тушишигача инобатга олинган экан. Юқоридан қараганда, саккиз қиррали юлдуз шаклини эслатадиган бино жиҳозланиши ва кўринишига кўра, Марказий Осиёда тенгсиз дейишади.
Сезгандирсиз, бу ерда ҳамма шароит бор, лекин қамоқхонанинг яхшиси бўлмайди. Чунки инсон озод яшаш учун яралган. Бу жойларда ҳамма нарса бор, аммо озодлик йўқ. Эркингиз чекланган. Ўй-хаёлларингиздан бошқа ҳеч нимага ҳукмронлик қилолмайсиз. Нима ейишингиздан тортиб, ичишингизгача, қачон уйқуга ётиб, туришингизгача бошқалар ҳал қилади.
Айниқса, туҳмат билан ва қилмаган жиноятингиз учун ҳибсхонага ташлашса, руҳингиз фарёд уради. Деворларни парчалаб-парчалаб чиқиб кетгингиз, темир эшикларни тепиб-тепиб, "дод" дегингиз келади. Кечалари, бир шоир айтганидек, "кўрпа остида йиғлаб ҳам оласиз". Мавҳумлик, туҳматдан ёнаётган юракни ўчиришга нажот тополмай қоласиз.
Ҳожиакбар Аҳмаджонов ҳам хаёлига келмаган ва қилмаган жиноятлари учун 74 кунни шундай шароитда ўтказди.
Озодлик сари йўл
Маҳбусни ташқари билан боғлаб турадиган ва келажакка умид берадиган ягона ришта бор. Бу – адвокат. Ичкарида кўпроқ шу инсонни кутасан. Назарингда, қувонтирадиган хабар олиб келадигандек туюлаверади. Кучли ва қонунни яхши билган адвокатни топиш ҳам муваффақият асосларидан биридир. Бу борада Ҳожиакбар Аҳмаджоновнинг омади келди. Унинг ҳимояси "Femida-Himoya" адвокатлар ҳайъати адвокати Улуғбек Турғунов томонидан олиб борилди.
Кўп йиллик тажрибага эга мутахассис ўз ишига масъулият билан ёндошиб, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов ва терговчи Улуғбек Мадалиевнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаат қилишни тўхтатмади. Уларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишгани, мансаб сохтакорлигига йўл қўйишгани ортидан айбсиз одамнинг ҳибсхонада сақланаётганига эътибор қаратишдан чарчамади.
Саъй-ҳаракатлари самара берди ва Ҳожиакбар Аҳмаджоновнинг жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигининг Тергов департаментига ўтказилди.
Орадан бир ой ўтар-ўтмас, холисликни таъминлаш ва тергов жараёнларида қонун бузилишларига йўл қўйилганини аниқлаш мақсадида жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси юритувига олинди.
Бош Прокуратура ҳаммасини яна бошидан бошлади. Такроран кўрсатмалар олди, томонларни юзлаштирди, жиноят ишида йиғилган ҳужжатларни синчковлик билан ўрганиб чиқди.
Ниҳоят, 10 декабрь 2021 йили Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан фуқаро Ҳожиакбар Аҳмаджоновга қўйилган айбловни Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига мувофиқ тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг келажакка умид берадиган, "энг ширин" сатрларидан бири ҳам 83-моддадир. Унинг жаранглашини қаранг: "иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилади ва реабилитация этилиши лозим".
Қонуннинг ҳам виждони бўлади
Афсуски, баъзида адолат йўқлиги, ҳамма нарса таниш-билиш, пул билан битиши, ҳуқуқ-тартибот идораларида қонунга амал қилинмаслиги тўғрисидаги даъволарни эшитиб қоламиз. Аслини олганда, бу каби фикрлар мантиқ фани талабларига мутлақо мос келмайди. Зеро, умумийлик ва хусусийлик ўртасидаги чегарани аниқлаштириб олиш мухимдир. Тасодифий кимсалар эса ҳар бир соҳада бор.
Ҳожиакбар Аҳмаджонов иши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси тизимида ишлаётганларнинг аксарияти ҳалол, инсофли, виждонли, билимли, юксак аҳлоқли, ўз ишини севадиган инсонлардан иборат эканини яна бир карра исботлади. Бу оддий, лекин самимий ҳақиқатни асоссиз қамалиб кетишига баҳялар қолган Ҳожиакбар Аҳмаджонов каби инсонлар жуда яхши англашади.
Адолатсизлик заифни синдиради, кучлини чиниқтиради
Ҳожиакбар Аҳмаджонов бошига тушган ишлардан кўп нарса йўқотди. Гап фақат моддият билан боғлиқ эмас. Ўртада ор-номус масаласи ҳам бор. Қариндош-уруғлар олдида юзи шувут бўлганини унутолмайди. Мисқоллаб йиққан обрўсининг икки терговчининг ўзбошимчалиги ортидан тўкилганини ҳазм қилолмайди. Тижорий шериклар билан ишонч асосига қурилган муносабатларини қайтадан тиклаш кераклигини яхши англайди.
Бугун у озодликда, лекин ҳибсхонада кечган кунлари, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов ва терговчи Улуғбек Мадалиевнинг ўзига нисбатан сохта айбловлар уюштиришгани, ҳибсхонага асоссиз қамашгани, руҳий босим ўтказишганини унутолмайди. Қилмишлари учун қонун доирасида жавоб беришмас экан, улардан яна кўплаб инсонларнинг азият чекишидан хавотир олади.
У биз билан суҳбатда оиласи бағрига эсон-омон қайтгани учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги Тергов Департаменти, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тергов бошкармаси ходимларидан чексиз миннатдорлигини қайта-қайта таъкидлайди. Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идоралари тизими қонунни менсимайдиган Улуғбек Абдураҳмонов ва Улуғбек Мадалиев каби тасодифий ходимлардан тозаланмас экан, фуқароларнинг қонунийликни таъминлашга нисбатан ишончига путур етаверади. Бу эса ҳалол ва виждонли ходимлар шаънига ҳам доғ бўлиб тушади.
Шуларни инобатга олиб, Ҳожиакбар Аҳмаджонов Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов ва терговчи Улуғбек Мадалиевнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилди.
Effect.uz таҳририятининг норасмий манбаларидан олинган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Абдураҳмонов ва терговчи Улуғбек Мадалиевга нисбатан хизмат текшируви бошланган, демак, бу мавзуга яна қайтамиз.
Беҳзодбек Раҳмонов