Qidirish

03:15 / 2022-01-12 57 0 Ҳодисалар

Сурхондарёда жарима майдонида турган машина “радар”га тушиб қолди

world-news

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро Бекмирза Нормуродов 2021 йил иккиламчи бозордан “Дамас” русумли автомашина сотиб олиб, 6 январь кунида автомобилни тегишли қонуний тартибларга кўра ўз номига расмийлаштирди.

Бироқ Орадан етти ой ўтгач, яъни 2021 йилнинг 21 июль куни автомашина аввал Шўрчи тумани ИИБ ЙҲХБ жарима майдончасига, сўнгра вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасига олиб кетилади. Нормуродов сотиб олган автомашинанинг аввалги эгаларидан бирига жиноят иши очилганлиги ва жиноятга алоқадорлиги учун машина тергов бошқармаси жарима майдончасида сақланиши шарт эканлиги расмийлар томонидан важ қилинган.

Энг қизиқ томони эса машина жарима майдонида турар экан, орадан бир неча ой вақт ўтиб, Бекмирза аканинг номига йўл қоидасини бузганлик учун жарима қоғози келади. Унда қайд этилишича, 2021 йилнинг 13 ноябр куни соат 19:45да давлат рақами “75W599MA” бўлган “Дамас” русумли автомашина Сурхондарё вилояти Ангор туманида М-39 автойўлининг “Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз” йўналишидаги 70 км/с тезлик белгиланган ҳудудида 85 км/с тезлик билан ҳаракатланган.

Вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасига қарашли жарима майдончасида сақланаётган транспорт воситаси қандай қилиб йўлга чиқиб кетгани ва уни ким бошқаргани эса номаълум.

Эндиликда фуқаронинг ўз машинасига эгалик қила олмаётгани етмаганидек, “емаган сомсасига пул тўлаб”, жарима ҳам тўлашига тўғри келмоқда.

Узоқ вақт давом этаётган жиноий иш қачон ниҳоясига етиши аниқ эмас. Бекмирза Нормуродов харид қилган “Дамас” қайтарилиши ёки унинг зарари ундирилиши ҳақидаги саволлар ҳам ҳозирча очиқ? Ҳолат юзасидан расмий шахс ва ташкилотларнинг муносабати кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш