Qidirish

13:34 / 2022-12-10 130 0 Мақолалар

Ўзбекистонда сўнгги кунлар истеъмолчиларга қанча табиий газ етказиб берилгани маълум қилинди

world-news

Сўнгги кунларда бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши сабабли табиий газ истеъмолининг ўсиши давом этмоқда. 8 декабрь давомида мамлакат истеъмолчиларига қарийб 106 млн куб метр табиий газ етказиб берилган. Бу ўтган йилнинг шу кунига нисбатан 14 фоизга ошган (2021 йил 8 декабрда 92,8 млн куб метрдан ортиқ газ етказиб берилган эди). Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугунги кунда 457 маҳаллада (61 минг хонадон) табиий газ босимининг пасайиши ёки газ таъминотидан узилиш кузатилмоқда. Лекин вазият тобора яхшиланаётганлигини қайд этиш мумкин, чунки 5 декабрь куни бу кўрсаткич 516 та маҳаллани (79 минг хонадон) ташкил этган.

Ҳозирги вақтда «Ҳудудгазтаъминот» АЖга энг кўп мурожаатлар Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари аҳолисидан келмоқда.

Аҳоли ва ижтимоий объектларни «зангори» ёқилғи билан таъминлаш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ барча зарур чораларни кўрмоқда. Жумладан, йирик саноат объектлари, АГҚКШ ва хусусий секторга газ етказиб беришга вақтинчалик чекловлар қўйилди. Бу совуқ қиш мавсумида (16 ноябрдан 7 декабргача) қўшимча 24,7 млн куб метр табиий газни аҳоли ва ижтимоий объектларнинг эҳтиёжлари учун йўналтиришга имкон яратган.

Жойларда газ таъминоти мутахассислари томонидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги «Чашма» маҳалласида газ таъминотини яхшилаш учун иккита янги газ тақсимлаш пункти ўрнатилмоқда ва бу 200 та хонадонни газ билан таъминлашни янада яхшилашга имкон беради.

Пойтахтнинг Сергели туманидаги «Номданак» маҳалласи Зиёкор кўчасида юқори босимли газ тақсимлаш пунктини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида 750 та хонадонга газ етказиб бериш яхшиланиши кутиляпти.

Шунингдек, Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасида газ қувури қайта тикланмоқда. Бу ишларни амалга ошириш натижасида 30 та кўп қаватли уй ва 500 та хонадоннинг газ билан таъминлашининг янада яхшиланиш масаласи ўз ечимини топиши мумкин.

Бундан ташқари «Ҳудудгазтаъминот» АЖ табиий газ етказиб берилмаган ҳудудлар аҳолисига суюлтирилган газни узлуксиз етказиб бермоқда. Масалан, 7 декабрда 2,2 минг тонна, 8 декабрда (байрам куни) 1,5 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Жараён дам олиш кунлари ҳам давом эттирилади.

Таъкидлаш лозимки, юклатилган вазифаларга мувофиқ «Ҳудудгазтаъминот» АЖ магистраль газ қувурларида босимнинг пасайиши сабабли уйларга табиий газ етказиб бериш тўхтаган истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб берилишини таъминламоқда. Газ баллонлари Зангиота, Паркент, Янгийўл, Бўстонлиқ, Оққўрғон, Бўка, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ ва Тошкент туманлари аҳолисига бепул етказиб берилди. Бундай истеъмолчиларни ёқилғи билан таъминлаш учун 12 та автомобиль ва газ таъминоти соҳасининг 50 нафар ходими ажратилган. Аҳолига жами 600 та газ баллонлари бепул тарқатилган.

«Барча истеъмолчиларни «зангори» ёқилғи билан таъминлаш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ фуқаролардан табиий газдан оқилона фойдаланишни, фақат биринчи навбатда зарур бўлган газ ускуналарни ишлатишни ва уйдан чиқаётганда иложи борича иситиш мосламаларини ўчиришни қатъий илтимос қилади.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати истеъмолчиларни аҳоли ва ижтимоий объектларни ўз вақтида табиий газ билан таъминлашга оид кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилишни давом эттиради.

Газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича барча мурожаатлар, шикоятлар ва таклифлар ташкилотнинг 1104 Cалл-маркази ва 104 диспетчерлик рақамлари орқали, шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғидаги очиқ гуруҳ томонидан қабул қилинади», дейилади АЖ хабарида.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш