Qidirish

09:00 / 2023-01-19 299 0 Жамият

Қосимов Сурхондарёни эплаяптими? Ҳоким йиғилишида бир қанча раҳбар жазоланди, Термиз “зам ҳокими” лавозимдан бўшатилган

Сурхондарё ҳокими Улуғбек Қосимов вилоятда АЁҚШларда бензин сотувини тўғри ташкил қилмаганлиги, назорат ўрнатмаганлиги учун вилоят Департамент, Солиқ бошқармаси бошлиғи ва вилоят Нефт-газ инспекцияси раҳбари расман огоҳлантирди. Термиз нефт-база раҳбарига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси тайинланди.

world-news

Маълум қилинишича, 18 январь куни Қосимов раҳбарлигида вилоят штабининг навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда ҳозирги кунда кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган, автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчаларида юзага келган узун навбатлар, ёқилғи эҳтиёждан келиб чиқиб етказиб бериламаётганлиги ва бу борада масъулларнинг фаолияти таҳлил қилинган.

АЁҚШларда бензин сотувини тўғри ташкил қилмаганлиги, назорат ўрнатмаганлиги учун вилоят Департамент, Солиқ бошқармаси бошлиғи ва вилоят Нефт-газ инспекцияси раҳбари расман огоҳлантирилиб, Термиз нефт-база раҳбарига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси тайинланган.

Масъулларга вилоятдаги барча АЁҚШларда бензин сотилишини тўғри йўлга қўйиш, ҳар бир ҳудудга тўғри тақсимлаш, навбатларнинг олдини олиш бўйича вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Қизириқ туманида ўтказилган ўрганишларда марказий деҳқон бозорида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркасини тўғри йўлга қўймаганлиги учун туман ҳокимининг биринчи ўринбосари фаолиятини ўрганиб, лавозимига лойиқлик масаласини кўриб чиқиш, туман Департаменти бошлиғига чора кўриш бўйича топшириқлар берилган. Топшириқлар бўйича 19 январь куни ўтказиладиган штаб йиғилишига маълумот киритилади.

Ҳоким шунингдек, ҳудуд раҳбарларига арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаларида ҳар бир килограм картошка 3 500 сўм, гўшт 60 000 сўм, пиёз 4 500 сўмдан сотилишини таъминлаш, кичик туманлар кунига 5 тонна, катта шаҳар ва туманлар 10 тоннагача маҳсулотларни савдо ярмаркаларига чиқариш бўйича топшириқ берган.

Термиз туманида ободонлаштириш, йўл бўйларини тозалаш, шунингдек қишлоқ хўжалигида белгиланган вазифаларнинг ижроси қониқарсиз ташкил қилинганлиги учун Термиз тумани ҳокимига расман огоҳлантириш берилиб, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Қўшимчасига, Термиз шаҳрида олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ва чиқиндилардан тозалаш ишларини бир кун муддатда якунига етказиш бўйича шаҳар раҳбарларига топшириқ берилган.

“Шунингдек, муҳокама йиғилишида вилоятда ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси ҳам таҳлил қилинди. Берилган ҳар бир топшириқ ижроси қатъий назорат остида эканлиги, топшириқларни бажармаган масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди”, дейилади Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш