Qidirish

18:17 / 2025-06-12 94 0 Сиёсат

Дунё билан баробар қадам…

Шундай суратлар борки, улар бизга замон нафасини етказади, давлатнинг қиёфаси ва келажак сари ташланган қадамларини кўрсатиб беради.

world-news

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро инвестиция форумига Болгария ва Словакия етакчилари, қўшни давлатлар ҳукумат вакиллари ва нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан елкама-елка кириб келгани акс этган сурат ана шундай лавҳалардан бири бўлди.

Бу рамз бизга дипломатик тенглик муҳитини, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг аниқ йўналишини, мамлакатнинг очиқлик, ўзаро ҳурмат ва манфаатли ҳамкорлик сари бошлаган саботли сафарини ифода этади.

Бугун дунё ўзгармоқда. Геосиёсий нотинчлик, иқтисодий беқарорлик ва хавф-хатарлар даврида давлатлар бир-бирига ишонч билан юзланаётгани — камёб ҳол. Ўзбекистон эса ана шундай ишончли ҳамкор, янги замонга муносиб мулоқот майдони, тинчлик ва тараққиёт жарчилари учун очиқ имкониятлар юрти сифатида кўзга ташланмоқда.

Сўнгги саккиз йил ичида мамлакатнинг ташқи сиёсати дунёқараш нуқтаи назаридан ҳам, амалиётда ҳам бутунлай ўзгарди: у энди ички муаммоларга беркилиб қолган эмас, балки қўшнилар билан узоқ муддатли, манфаатли муносабатлар қуришга, минтақавий ва глобал миқёсдаги муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этишга интилмоқда.

Ушбу сиёсатнинг самарасини рақамлар ҳам тасдиқлайди: саккиз йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айланмаси ҳажми 3,5 баробардан зиёд ошиб, қарийб 13 миллиард долларга етди.

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳам мунтазам ўсиб бормоқда — 2024 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми қарийб 115 млрд долларга, инвестициялар ҳажми 35 миллиард долларга, экспорт 27 миллиард долларга етди. Бу ҳали бошланиши, чунки мамлакат 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткични 200 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.

Президент Мирзиёев ҳар бир минбарда тинчлик, ҳамкорлик ва инсон қадри устуворлигини тарғиб қилиб келади. Унинг ташаббуслари орқали Ўзбекистон нафақат инвестиция, балки ишонч, барқарорлик ва инсонийлик маконига айланмоқда.

Сўнгги беш йилда мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги натижалари яхшиланди. Иқтисодий эркинлик индексида — 48 поғона, Гарварднинг Иқтисодиёт мураккаблиги индексида — 28 поғонага кўтарилиш давлат тўғри ракурс олганини кўрсатади.

Ўзбекистон етакчисининг мақсади аниқ — Марказий Осиёни тинчлик ва тараққиёт маконига айлантириш. Шунинг учун, барча ҳамкорларни нафақат даромад келтирадиган, балки инсон манфаатлари ва жамият тараққиётини таъминлашга хизмат қиладиган инвестиция муҳитини яратишга чақирмоқда.

Ўзбек дипломатиясининг янги сиёсати мана шундай эзгу ғоялар асосида қурилмоқда. Мамлакатга шундай яхши ниятда келадиган хорижий инвесторларга ҳам давлат барча шароитларни яратиб беради, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва буни кафолатлайди.

Шу сабабдан ҳам Тошкент энди географик нуқта бўлибгина қолмай, сиёсий мулоқот, иқтисодий шериклик ва маданий ҳамжиҳатлик марказига айланмоқда.

Ушбу форумда елкама-елка кириб келган раҳбарлар тасвири шунчаки сурат эмас, Ўзбекистоннинг янги дипломатик саҳифаси, тинчликка, тараққиётга ва дунё билан баробар қадам босишга интилган халқнинг тарихий муҳри бўлиб қолади.

Лутфулло Турсунов, журналист

Изоҳлар 0

Фикр билдириш