Сўнгги янгиликлар
Мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ходимлар кўп йиллик хизмати учун рағбатлантирилади — Президент фармони
ЎзТест электромобиллар текшируви бўйича видео эълон қилган блогерни жазолаттирмоқчи
Йўл ҳаракати қоидаларига янги белгилар қўшилади
Болалар таъминоти ва ота-она бурчлари: конституцияда уларнинг тавсифи
Украина Патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг муқобилини ишлаб чиқмоқчи
Тошкентда метрополитен ходимини қўрқитиб, ундан пул ундириб юрган шахс ушланди
Дам олиш кунлари айрим жойларда ёмғир ёғиши кутилмоқда
Икки вилоятда 9 нафар гиёҳванд модда савдогарлари ушланди
Иқтисодиётдаги тебранишлар гўшт нархига таъсир қилади...
Кейинги йилларда гўшт нархи ошиши глобал миқёсда кузатилмоқда. Халқаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг изоҳларида бу ҳолат шундай шарҳланган:

– Бунинг бир нечта омиллари мавжуд.
Биринчидан, дунёда гўшт ишлаб чиқариш ҳажми секинлашмоқда.
Иккинчидан, йирик импорт қилувчи давлатларда талаб юқори. Шунингдек, озуқа хомашёси ва транспорт харажатларининг ошиши ҳам нархларга таъсир қилмоқда.
Масалан, Россияда товуқ гўшти нархи йил бошидан буён 9,7 фоизга ошган бўлса, Қозоғистонда 4,7 фоизга кўтарилди. Умуман олганда Ўзбекистонда гўшт нархи минтақавий тенденциялар доирасида сақланиб турибди. Глобал бозор тебранишларига нисбатан барқарорлигини кўрсатмоқда.
Мустақил тадқиқотчиларнинг ўрганишларига кўра, айни пайтда Ўзбекистондаги бозорларининг арзонлаштирилган расталарида 1 кг мол ва қўй гўшти ўртача 65-75 минг, тадбиркорлар растасида 90-95 минг, савдо марказлари (супермаркетлар) да 95-100 минг сўмдан сотилмоқда.
Тошкент шаҳридаги арзонлаштирилган расталардаги 65-75 минг сўмлик гўштнинг бир кундаги сотилиши жами харидорларнинг 15-18 фоизини, тадбиркорлар растасидаги 90-95 минг сўмлик рўзғорбоп гўшт харид қилувчиларнинг 82-85 фоизини, 110-130 минг сўмлик суяксиз (лаҳм) гўшт 1-2 фоизни ташкил этади.
Шунингдек, пойтахт бозорларида гўштни аҳолининг харид қобилиятига мос равишда қисмларга бўлиб сотиш ҳам йўлга қўйилган.
Яъни, гўшти ажратилган суяк (рагу) 25-30 минг сўм, қовурға 85-95 минг сўм, суяксиз гўшт (лаҳм) 110-130 минг сўмдан сотилмоқда.
Таққослайдиган бўлсак, Россияда 1 кг мол гўшти 10-12 доллар, Белорусда 6-8 доллар, Қозоғистонда 7-11 доллар, Тожикистонда 8-10 доллар, Грузияда 9,5-12 доллар, Ажарбайжонда 9,5-12,5 доллар, Туркияда 12-14 доллар, шунингдек иқтисодиёти ривожланган Швецияда 46,2 доллар, Исландияда 38,86 доллар, Жанубий Корея 28 доллар атрофида сотилмоқда.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистон дунёнинг гўшт энг арзон сотиладиган давлатлари қаторига киради.
Агар-иқтисодий масалаларни ёритадиган хорижий сайтлар маълумотларига кўра, гўшт етиштириш ва гўшт нархининг ички истеъмолдаги барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида турли давлатларда турли хил имтиёзлар берилади.
Масалан, Қозоғистонда гўштнинг таннархини пасайтириш мақсадида давлат томонидан қорамолнинг 1 килограмм тирик вазни учун 5 минг 296 сўм (200 тенге), қайта ишлашга мўлжалланган 1 кило гўшт учун 4 минг 615 сўм (175 тенге) субсидия берилади.
Шунингдек, гўшт йўналишидаги маҳаллий 1 бош наслдор буқа сотиб олиш учун давлат томонидан 4 млн сўм (150 минг тенге), МДҲ давлатларидан олиб келинган 1 бош сигирга яъни 6 млн сўм (225 минг тенге), Австралия, Шимолий ва Жанубий Америка, Европа давлатларидан импорт қилинган 1 бош наслли сигирга 8 млн сўм (300 минг тенге) субсидия ажратилади.
Эронда чорвачилик давлат томонидан тақдим этиладиган беғараз молиявий кўмаклар ҳисобига қўллаб-қувватланади.
Чорвачилик секторини қўллаш учун давлат бюджетидан субсидия маблағлари ажратилади. Масалан, 2024 йилда чорвачилик секторини қувватлаш учун 20 млрд доллар беғараз сармоя ажратилган.
Ҳар йили фермерларга 10 млрд долларга яқин маблағ чорва молларига озуқалар билан таъминлаш учун тақсимланади.
Бундан ташқари, чорва касалликларининг олдини олиш ва ҳайвонлар соғлигини таъминлашга йилига 500 млн доллардан 1 млрд долларгача маблағ йўналтирилади.
Давлат томонидан ҳар йили чорвачилик соҳасида замонавий техникаларни харид қилиш учун 2 млрд доллар ажратилади. Фермерларнинг малакасини ошириш, янги усул ва технологияларни жорий қилиш учун таълим ва тренинглар ташкил қилиш мақсадида 100 млн доллар сарфланади.
Франция ҳукумати чорвачилик соҳасини ривожлантириш ва фермерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор молиявий ёрдам ва субсидиялар дастурларини амалга оширмоқда.
Давлат томонидан ажратилган маблағлар:
2024 йилда Франция ҳукумати чорвачилик фермерларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 250 млн еврогача маблағ ажратилади. Бу маблағ фермерларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Европа Комиссияси 2023 йилда Франциянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инвестицияларни қўллаб-қувватлаш учун 500 млн евролик давлат ёрдам берилади.
Бу дастур 2029 йилгача амал қилади ва фермерларга турли молиявий ёрдам шаклида тақдим этади.
Таҳлиллар вазиятни ойдинлаштиради
Ўтган йиллар давомида юртимизда гўшт нархига таъсир қилувчи давлат преференцияларининг сармарадорлигини таҳлил қилсак вазият янада ойдинлашади.
Фермерларнинг айтишича, биринчидан ишлаб чиқарилиб, сотилган гўшт учун ишлаб чиқарувчиларга берилаётган давлат субсидиялари 2024 йил 1 январдан бекор қилинган.
Иккинчидан, гўштни (мол гўштини, қўй гўштини) реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек импортда қўшилган қиймат солиғи жорий этилган.
Ўтган йиллар мобайнида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида” ги 05.05.2022 йилдаги қонунга мувофиқ 2023 йил 1 январга қадар мол ва қўй гўштини реализация қилишда айланма, олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган эди.
Учинчидан, статистик ҳисоботларга кўра, 2025 йилнинг март ойида гўшт ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳаражатлар, жумладан, ем-озиқа, электр энергияси, ёқилғи-мойлаш материаллари нархлари кескин ошди.
Масалан, 2024 йилнинг декабрь ойидаги қийматга солиштирганда бугунги кунда шрот нархи 3 минг сўмдан 7 минг сўмга, шелуха 2 минг 800 сўмдан 4 минг сўмга, омухта ем 2 минг 900 сўмдан 3 минг 700 сўмга, буғдой 2 минг сўмдан 3 минг сўмга, макка силоси 500 сўмдан 900-1000 сўмга, сомон 15 минг сўмдан 25 минг сўмга, беда 25 минг сўмдан 45 минг сўмга кўтарилди.
Эътиборлиси, гўшт етиштиришда Ўзбекистон баъзи давлатлардан мол бош сони кўплиги, лекин экин майдонлари камлиги билан кескин фарқланади.
Хорижий мамлакатларда мавжуд чорва моллари бош сони, умумий экин майдонлари, озуқа учун ажратилган экин майдонлари тўғрисидаги маълумот
Тўртинчидан, таҳлилларга кўра гўшт импорт қилинадиган мамлакатларда хусусан, Белорусияда гўшт ишлаб чиқариш 1 килосининг таннархи 6-10 минг сўмгача кўтарилди.
Қозоғистон ва Қирғиз республикасидан сўйиш учун келтирилаётган молларнинг нархи тирик вазнда килосига 5-10 минг сўмгача қимматлашди ва келтириш ҳаражатлари бир бош қорамолга нисбатан 100-150 долларга қимматлашди.
Бешинчидан, бўрдоқини сўйиш учун вилоятлардан Тошкент шаҳрига келтириш ёки гўштни ташишдаги транспорт ҳаражатлари, яъни ички ички логистика (ёқилғи мойлаш) ҳаражатлари 150 фоизгача кўтарилди.
Олтинчидан, гўшт олди-сотдисида бетартиб чайқовчилик фаолияти мавжуд.
Масалан, Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари (замонавий кушхоналар) да сўйилган чорва гўшти истеъмол бозори пештахталарида килосига 20-25 минг сўм, айрим бозорларда 25-30 минг сўмгача устама қўйиб сотилаётганлиги аниқланди.
Хулоса шуки...
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, гўшт нархи ошиши қуйидаги икки ҳолатга боғлиқ: биринчиси, гўшт ишлаб чиқаришда тақчиллик (дефицит ҳолат) юзага келса ёки гўштнинг таннархи ошса.
Бугун чорвачилик ва унинг тармоқларидаги стратегик режалаштириш асосидаги ислоҳотлар туфайли истеъмол бозорида гўшт тақчиллиги (дефицит ҳолат) кузатилаётгани йўқ. Гўшт ишлаб чиқариш талабни тўлиқ таъминлаяпти.



