Qidirish

16:09 / 2025-02-24 1069 0 Жамият

Ҳам жазо оғир ҳам колония қаттиқ тартибли: Тошкентда суд ҳукмида қайд этилган техник хато фуқарога қимматга тушди…

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси В.Караманов 2024 йил 30 май куни ўқиган ҳукмида жиддий техник хатога йўл қўйиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташи керак бўлган судланувчи А.С.ни қаттиқ тартибли колонияга юборган. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Ж.Қурбановнинг 2024 йил 16 декабрьдаги ҳукмида қайд этилган.

world-news

Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбланиб, Олмазор ИИБ томонидан терговга жалб қилинган фуқаро А.С тергов томонидан жабрланувчи сифатида кўрсатилган бир қанча фуқароларга етказган зарарларини судгача ва суд жараёнида тўлаб берган.

Дастлаб, Олмазор туман судининг ҳукми билан 1 йил 27 кун озодликдан маҳрум қилинган фуқаро А.С. мазкур судьянинг техник хатоси билан қаттиқ тартибли колонияга жазони ўташ учун юборилган. Аслида судланувчи қилган қилмиши учун жазони умумий тартибли колонияларда ўташи керак эди.

Аммо В.Караманов жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланган бўлсада, судланувчининг ҳуқуқларини поймол қилган ҳолатда унга енгил эмас аксинча оғир жазо бериб, умумий тартибли колонияда ўташи керак бўлган жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташига сабабчи бўлган.

Сўнгра бу техник хатони пайқаган Чилонзор туман суди судьяси Ж.Қурбанов 16 декабрьдаги ҳукми билан Олмазор судининг бу техник хатосини тўғрилаган, яъни фуқаро жазони қаттиқ тартибли колонияда эмас умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши тўғрисида ҳукм эълон қилган. (иккала суд ҳукми Effect.uz таҳририятида мавжуд)

Хусусан, Чилонзор туман судининг ҳукмида шундай дейилади:

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан судланувчи А.С.га нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаган бўлса-да техник хатога йўл қўйиб судланувчига жазони умумий тартибли колонияларда ўташни ўрнига қаттиқ тартибли колонияларда ўташни белгилаганлиги, шунингдек, суд судланувчи А.С.га мазкур суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаётганлиги сабабли суд судланувчи А.С.га жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилашни лозим деб топади.

Айни кунларда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича кассация судлов ҳайъатига фуқаронинг ҳимоячиси томонидан кассация шикояти киритилган. Юқоридаги ҳолат юзасидан Судьялар олий кенгаши ва Тошкент шаҳар судлари томонидан муносабат кутилади.

Эслатиб ўтамиз, мақолада исми келтирилган фуқаро А.С жазони ижро этган Олмалиқ шаҳридаги 14-сон жазони ижро этиш колониясида 21 ёшли фарғоналик маҳкумнинг ўлими кузатилган.

Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олинган. Идора ҳолатга доир айрим тафсилотларни эълон қилган.

14-сон жазони ижро этиш колонияси навбатчилик қисми томонидан берилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 14 февраль куни соат 22:45 да жазо муддатини ўтаётган маҳкум соғлиғида ўзгариш сезгани сабабли колония шифокорларига мурожаат қилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг ҳам унинг ҳолати яхшиланмагани сабабли, у Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган.

Бироқ, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, маҳкум 15 февраль куни соат 01:00 да шифохонада гипертония ва бирламчи юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этган. Марҳумга суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат Омбудсман ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилган. Ўрганиш натижалари жамоатчиликка эълон қилинмаган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш