Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Дунё янги синовга тайёрми – Маймунчечак хавфи…
Маймунчечак (mpox вируси) юқумли касаллик бўлиб, юқори ҳарорат, лимфа тугунларининг катталашиши ва тошма тошиши билан характерланади. ЖССТ Африкада ушбу касаллик эпидемиясини халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.
Ташкилот мутахассислари аниқланган маймунчечак ҳолатлари сони жуда кўплиги ва вируснинг қитъадан ташқарида фаол тарқалишига имкон бериши мумкинлигидан хавотирда.
Касаллик 1980 йилдан бери давоси топилган деб ҳисобланган оддий сувчечакка ўхшайди, аммо ундан фарқли ўлароқ, юқиш эҳтимоли камроқ ва осонроқ кечади. Ушбу вируснинг иккита штамми мавжуд: Clade I ва Clade II. Биринчи штамм билан зарарланган ҳар 10 кишидан 1 нафари вафот этиши эҳтимоли юқори. 2022-2023 йиллардаги эпидемия Clade II томонидан қўзғатилган бўлиб, у билан касалланган беморларнинг 99 фоизи омон қолади.
Маймунчечак ортопоксвирусларни келтириб чиқаради. Уларни баъзи кемирувчилар (масалан, Гамбия халтали каламушлари) ва ҳайвонлар ташийди.
Генетикларнинг аниқлашича, ҳозирда касалликнинг баъзи намуналари 2017 йилги эпидемия қўзғатувчиларига ўхшайди. Бу шуни англатадики, маълум вақт давомида вирус одамлар орасида айланиб юрган ва сезилмаган.
Касаллик қандай юқади ва у қандай симптомларга эга?
ЖССТ чечак одамдан одамга бемор билан яқин алоқалар орқали юқиши ҳақида огоҳлантиради:
юзма-юз — инфекция ҳаво-томчи орқали;
теридан терига — инфекция бемор терисининг зарарланган қисмлари билан терига текганда, шу жумладан, жинсий алоқа пайтида;
оғиздан оғизга — бир-бирини ўпганда юқади.
Бундан ташқари, вирус маълум вақт кийим ва уй-рўзғор буюмларида сақланиши, шунингдек, онадан ҳомилага ўтиши мумкин. Одатда касаллик 2 ҳафтадан 4 ҳафтагача давом этади.
Дастлабки симптомлар инфекция юққанидан кейин 5—21-куни пайдо бўлади. Аввалига симптомлар гриппни эслатади ва қуйидагича намоён бўлади:
юқори ҳарорат;
бош ва мушаклардаги оғриқлар;
бел оғриғи;
катталашган лимфа тугунлари;
қалтираш;
ҳолдан тойиш;
1-5 кундан кейин симптомларга тошма қўшилади. У юздан бошланади ва пастки аъзоларга тушади.
Бу сиртдан сувчечакни эслатади: пайдо бўлган қизил доғлар ўрнида тиниқ ёки сарғиш пуфакчалар ҳосил бўлади, улар қурийди, кейин эса тўкилади.
Маймунчечакни қандай даволаса бўлади. Ундан қандай ҳимояланиш мумкин?
Одатда касаллик енгил кечади, аксарият одамлар даволанмасдан 2-4 ҳафта ичида тузалиб кетади. Аммо инфекция яқин алоқадан юққанлиги сабабли тошма йўқолмагунча ва чандиқлар ўрнида зарарланмаган тери қатлами ҳосил бўлмагунча, бемор изоляция қилиниши керак.
Касаллик енгил кечганда бемор уйда даволаниши мумкин. Аммо аломатлар жиддий бўлса ёки оғир сурункали касалликлар билан кечса, тузалгунга қадар шифохонада бўлиши лозим.
Ҳозирча маймунчечакни хавфсиз даволашнинг исботланган усули мавжуд эмас. Аммо тажриба моделларида самарадорликни кўрсатган бир нечта дорилар мавжуд. Булар — тековиримат, ситофовир ва бринсидофовир каби вирусга қарши препаратлардир.
Агар саёҳат қилишни режалаштираётган бўлсангиз, эҳтиёт чораларини билишингиз керак:
Ёввойи дайди ҳайвонлар, хусусан, кемирувчилардан эҳтиёт бўлинг, айниқса, улар чечак тарқалган ҳудудларда яшаса ва носоғлом кўринишга эга бўлса. Уларнинг мурдасига тегманг ва ёввойи ҳайвон гўштини еманг.
Зарарланган ҳайвон тегиши мумкин бўлган нарсаларга яқинлашманг.
Умумий чойшаб ва гигиена буюмларидан фойдаланманг ва имкон қадар бемор одамлар билан яқин алоқада бўлманг.
Гигиена қоидаларига риоя қилинг — қўлларни совунлаб ювинг ёки спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланинг.
Агар зарарланган одамларни парвариш қилсангиз, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланинг.
Оддий чечакка қарши эмлашлар ҳам мавжуд бўлиб, улар маймунчечакка қарши ҳам қўлланади. Уларни хавф остида бўлган одамларга: алоҳида ҳудудларга саёҳат қилувчиларга ёки касалланганлар билан ишлайдиган шифокорларга қилиш тавсия этилади.
Дунё аҳолисини янги синов кутмоқдами?
Африка Иттифоқининг 55 та давлатидан 13 тасида 2024 йилда 17 мингдан зиёд маймунчечак вируси юқтириш ҳолатлари аниқланган. 517 киши вафот этган.
“Афсуслар бўлсинки, маймунчечак бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда. ЖССТ халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат эълон қилиб, дунё аҳолисини ниқоб кийишга чақирмоқда. Африкадан ташқари биринчи ҳолатлар Швеция ва Покистонда аниқланган.
Австралияда эса июнь бошидан бери 93 та ҳолат қайд этилган. Қўшни давлат Қозоғистон ПЦР тестларини сотиб олди. Чечак қичима, иситма ва оғриқли пуфакчалар пайдо бўлишига олиб келади. Унга қарши самарали дорилар ҳозирча мавжуд эмас”, дейилади ЖАР президенти Сирил Рамафосанинг баёнотида.
Ўзбекистонда маймунчечак вирусидан ҳимояланиш ва унга қарши курашиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ўзбекистон Санитария-эпидемология хизмати қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов вируснинг Ўзбекистонга четдан кириб келиши ва тарқалиб кетиши олдини олиш юзасидан маълум чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди.
Унга кўра, Ўзбекистонда касалликка чалинганликда гумон қилинадиган ҳолатларда лаборатория ташхисланишини ўтказиш учун божхоналардаги ва вирусология илмий текшириш институтидаги вирусология мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган. Шунингдек, маймун чечаги касаллигини ташхислаш учун зарур бўладиган диагностика ва тест системаларини олиб келиш юзасидан ишлар йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, масъул касалликка гумон ҳолатини эрта аниқлаш учун қабулхона ва юқумли касалликлар шифохоналарида тери тошмаларининг барча кўринишлари, жумладан, маймун чечагининг ўзига хос белгиларини аниқлаш мақсадида шифокорлар билан ўқув семинарлари ташкил қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Мунира Хусановна