Qidirish

01:35 / 2024-08-08 685 0 Сиёсат

«Арқадағлар»: Ўзбекистонда зўравон ҳокимларга кимнинг ҳам кучи етарди?

Сўнгги кунлардаги аномал иссиқ Ўзбекистондаги айрим ҳокимларга қаттиқ таъсир қилган кўринади. Жумладан, буни Қашқадарё ва Андижондаги жазирамадан ҳам қийинчиликсиз билиш мумкин, зеро уларнинг зўравонликларига чидаб бўлмайди.

Қашқадарёдаги дастлабки икки ҳолатга эътибор қаратадиган бўлсак, Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев фермерга қўл кўтарган, Чироқчида эса яқинда иш бошлаган Файзулла Юсупов ҳам бозорда фуқарога тарсаки туширган.

Касби ҳокимига қандай чора кўрилгани номаълум, аммо фуқарони ургани билан жамоатчилик эътиборини тортган қўли узун Чироқчининг ҳокими шунчаки интизомий жазо билан жазоланган. Тасаввур қилинг, аксига олиб, шундай вазиятларнинг бирида фуқаро ҳокимга қўл кўтарганда, уни қандай жазо кутар эди.

Ҳар икки ҳолат ҳам ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда. Фермерни қарсиллатиб дўппослаган Касби ҳокими яқинда мажлислардан бирида ёшлар етакчиси бўлган ёш қизни куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қилгани билан одамларнинг ёдидан чиқишга улгурмаганди.

Бундан ташқари, унинг яна бир хурмача қилиғи ҳам одамлар нафратига сабаб бўлган. Мейлиев тумандаги мажлислардан бирида «Президент вакилиман» дея солиқчиларга босим ўтказиб, мажбурий солиқ ундиришни, аҳолига мажбурий тарзда қуёш панеллари ўрнаттиришни ва пиллакор фермерлар устидан назорат қилишни маҳалла еттилигига топширган.

«Ҳоким 2 июнь якшанба куни соат 9:00 дан 13:00 гача мажлис ўтказди. Мажлисда Пиллақўм масаласини кўриб чиқиш учун маҳалла еттилиги, раислар, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, ҳатто хотин-қизлар фаоли чақирилди», дейди Effect.uz манбаси.

Куни-кеча эса ҳокимлар билан боғлиқ яна бир ҳолат интернетда оммалашиб, тармоқ фойдаланувчиларининг ғазабига дучор бўлди. Ҳоким бозорда фуқарога очиқдан-очиқ қўл кўтарган, фуқаро калтакланаётган пайтда унинг олдида Ички ишлар ходимлари ҳам бўлган.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати Файзулла Юсуповнинг хатти-ҳаракатлари вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида кескин муҳокама қилингани ва шундан сўнг ҳокимнинг иш фаолиятида йўл қўйган бошқа камчиликлари учун интизомий жазога тортилганини маълум қилди.

Туман ҳокими ҳар бир фуқаро билан хушмуомала ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши, мулоқот чоғида одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши уқтирилди ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўйган тақдирда тегишли жавобгарликка тортилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилган.

Калтакланган фуқаронинг аҳволи ҳақида эса маълумот берилмаган, ҳокимнинг зўравонлиги фақат оддий огоҳлантириш билан чекланган. Вилоят ҳокимлиги туман ҳокимларининг ҳаракатларини кузатиб борар экан, Касби ҳокимининг қилмиши бўйича сукут сақлаган.

Энг ажабланарлиси, Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов яна бир бор тармоқда машҳурликка эришишни уддалади. У «Дунё садолари» доирасида Оммавий ахборот воситалари вакиллари жумладан журналистларни камситган.

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида «Дунё садолари» халқаро фестивали бўлиб ўтди, вилоят ҳокимлиги ушбу фестивалга бюджетдан 6 млрд сарфлангани тўғрисида маълумот берди.

Қўлларингдан ҳеч нарса келмайди дея журналистларга катта кетган ҳокимнинг ҳаракатлари тўғрисида тармоқда турли фикрлар янгради. Айримлар ҳоким тарафда туриб, уни собит ҳимоялаган бўлса, бошқалар Абдураҳмоновнинг дунё қараши тўғрисида салбий фикрлар билдиришди.

Ачинарлиси, вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати интернетда тарқалган видеолавҳада айтилган сўзлар айнан журналистларга қаратилмагани тўғрисида ёлғон баёнот бериб, ҳокимнинг айтганлари бошқа даврада, бошқа инсонларга қаратилганлиги билан ўзини оқлашга уринди.

Баёнотда айтилишича, видеони тарқатган журналист кейинчалик хато қилганини тан олиб, видеони ўзидан ўчирган. Наҳотки, оғзи полвонлиги билан бошқалардан ажралиб турадиган Андижон ҳокими журналист хатосини тан олдиришгача борган.

Масъул бу видео қайси журналист томонидан тарқатилганига, шунингдек, вилоят ҳокимининг «менинг гапларимдан кавак қидирмаларинг, қўлларингдан бало ҳам келмайди», деган гапи айнан кимга қаратилганига аниқлик киритмаган.

Effect.uz'да эса воқеанинг бошқача формати мавжуд. Ҳоким ўша куни дарҳақиқат ушбу сўзларни гапирган, журналистларга қаратилган фикрлар ўйлашимизча ҳазил тариқасида айтилган. Чунки ушбу даврада Effect.uz ходимлари ҳам иштирок этган бўлиб, Абдураҳмонов бу фикрларни кечки тушлик пайтида сўзлаган.

Ҳокимнинг шу кунги маросимда айтган барча сўзлари таҳририятда мавжуд бўлиб, таҳририят бу борада ҳокимнинг интернетда тарқалган видеосида айтилган сўзларнинг бошланишини оммага тақдим этади. Чунки тўлиқ ёзиб олинган аудиода бошқа мавзулар тўғрисида ҳам фикрлар билдирилган. Эффеcт.уз журналисти ҳоким нутқига гувоҳ бўлиб, бу ҳолатда қандайдир ғайритабиийлик йўқлигини Абдураҳмонов даврадаги кайфиятни янада кўтариш мақсадида ҳазил тариқасида бу сўзлардан фойдаланган мумкин бўлишини айтади.

Аммо фестивалнинг иккинчи куни журналистлар тадбирни ёритишда саҳнага сабабсиз киритилмаган, бу вазиятда Шуҳрат Абдураҳмоновнинг Хонабодда ишлаётган командаси масъулиятсизликда лидер бўлди. Биринчи ва иккинчи кун ўртасидаги фарқ у қадар катта бўлмасада дастлабки кунлар журналистларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйган андижонликлар боши Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ОАВ ходимлари олдида берган ваъдалари тадбирнинг иккинчи кунида аксинчасига ижро этилди.

Буни қарангки, жамоаси ёмон ишлаган ҳокимнинг ўзи кечки тушликда «гапларимдан кавак қидирмаларинг қўлларингдан бало ҳам келмайди» дея ўзи қовун тушуриб ўтирибди. Вилоят ҳокимлигининг ёлғон баёноти эса дард устига чипқон бўлди, ахир қандай қилиб фақат журналистлардан ташкил топган даврада ҳоким бошқаларга гапириши мумкин.

Ёки Абдураҳмонов ОАВ орқали «қизим цанга гапираман, келиним сан эшит» қабилида иш тутдимикин? Буниси бизга қоронғу, асосийси бундан кейин ҳоким буванинг турли ҳаракатлари акс этган видеолар турли талқин қилиниб, тармоқларда айланмаса бўлгани… Айланса ҳам, ҳокимни керакли вақтда оқлай оладиган матбуот хизмати барака топсин...

Акмал Эшонхонов

Изоҳлар 0

Фикр билдириш