Qidirish

14:39 / 2024-03-17 5481 1 Мақолалар

Жиддий мавзу: 9.14 иши – Давлат пули ўғирланяпти, болалар ҳаққи бегона чўнтакда, тадбиркорлар норози…

Ўзбекистонда 27 мингдан ортиқ нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Уларга Вазирлар Маҳкамасининг 426-сонли қарори низом талабларига кўра субсидия тўлаб берилади.

Яъни болаларнинг озиқ-овқати, тарбиячиларнинг ойлик маоши тўлиқ ҳолатда, коммунал тўловлар учун эса 50 фоиз давлат бюджетидан қайтарилмайдиган пул тўланади.

Бироқ 1000 га яқин боғчаларга 3 ойлик субсидия пуллари тўлаб берилмаслиги оқибатида тадбиркорларда норозилик пайдо бўлган. Бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам бор.

Мисол олганда боғча субсидия олиши учун аввало тарбияланувчини эрталабдан «Реал Софт» компанияси ишлаб чиққан дастур орқали FACE ID билан йўқламадан ўтказиши керак, мана шундагина давлат уларнинг озиқ-овқати учун кунлик тўлов ажратади. Бу 12 минг сўмдан бошланиб, ҳудудларга кўра турли тартибда ўзгариши мумкин. Тарбияланувчиларга эса тажрибасига қараб ойлик-маош тўланади.

Айрим тадбиркорлар афсуски, боғчага айрим сабабларга кўра келмаган тарбияланувчилар ўрнига бошқа болаларнинг суратларидан фойдаланган ҳолда ёки турли ноқонуний йўллар билан дастурни алдамоқчи бўлишган. Бундай қинғир йўллар билан ишлаган боғчалар 1500 га яқин бўлса, қолган 25 мингдан ортиқ боғчаларга субсидия пуллари тўлаб бериляпти, улар билан ҳозирча муаммо йўқ.

Бироқ 1500 га яқин тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам ўғри ёки муттахам эмас, улар электрон дастурнинг мукаммал ишламаётганидан ҳам азият чекишаётганларини айтишмоқда. Яъни дастур бир болани 3-4 фамиль билан қайд этган бўлиши ҳам мумкин, бир боланинг юзига камера тутилганда унинг ўрнига бошқа фамилялар чиқиб келиш ҳолатлари кузатилган. Бунинг яна бир бошқа томони тадбиркорларнинг дастурдан тўлақонли фойдалана олмаётганидадир.

Ёш болаларнинг юз тузилиши бир-бирига ўхшашлиги ҳам дастурда муаммоларни келтириб чиқараётган бўлиши мумкин, яна бир эҳтимол шу ки дастурчилар яратган программанинг «баг»ларини билишса ҳам уни янгилаб боришмайди, ёки норозиликлар уларгача етиб бормаяпти, балки эътиборга олинмаяпти.

Эътиборга олинса ҳам, дастур устида жиддий ишлар йўқ назаримизда, компания ўзини оқлайдиган бўлса агар видеолавҳа давомида дастурдан кўнгли тўлмаётган тадбиркорларнинг сўзларини диққат билан эшитиши мумкин.

Аксар ҳолларда айрим тадбиркорлар дастурнинг кичик имкониятидан фойдаланган ҳолда бир бола ўрнига 5 тагача бола суръатини жойлашади, буниси келмаса бошқасининг суратидан ёки юзидан фойдаланишлари ҳам рост, умумий олганда дастурнинг ушбу имкониятини тезкорлик билан чеклаш зарур. Бунинг ортида давлат бюджетини талон-тарож қилишгача олиб келиш хавфи жуда юқори, албатта, бундай ишлар қандай йўл билан амалга ошишини тадбиркор ниқоби остидагилар биздан кўра яхши билишади.

Аммо шунга қарамасдан, 15 март куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 100 га яқин тадбиркор Вазирлар маҳкамасигача келган, маҳкамада тегишли масъуллар билан мулоқот қилиниб, 426-сонли қарорнининг айрим қисмига ўзгартириши киритиш бўйича илтимоснома тарзда жамоавий мурожаат йўллашган.

Мурожаатда айнан субсидия масаласи кўтарилиб, ҳеч бўлмаса, тарбияланувчиларнинг ойлиги тўланиши ҳақида кўпроқ гапиришган. Шунингдек, тадбиркорлар болалардан боғчага келмагани ўрнига бошқа боланинг суратини ёки дастурни алдаш ҳолатлари содир қилинган бўлса, фақат ўша тарбияланувчиларнинг субсидия пулларини ушлаб қолиб, қолганларининг пулларини ўтказиб беришни талаб қилишган.

Қарорга кўра агарда тадбиркор бу каби ноқонуний ҳолатларни бажарган тақдирда унга умуман пул тўланмайди, агар шундай ҳолат яна бир бор такрорланса, у билан Давлат-хусусий шерикчилик асосида тузилган битим ўз-ўзидан бекор бўлади. Ҳа, субсидия олишнинг ўзига яраша машаққатлари бор, буни савияли тадбиркор масъулият билан ҳис қилиши керак деб ўйлаймиз.

Негадир 426-сонли қарорда ҳозир айтилган жараён ҳақида конкрет жумла йўқ, яъни мисол 25 боладан 3 нафари боғчага келмади, тадбиркор гўёки уни келди деб ўрнига бошқа боланинг суратидан фойдаланиб, субсидияни ўзлаштирмоқчи бўлдими, демак мана шу битта хато унга қимматга тушади ва умуман 25 боланинг озиқ-овқатига пул тўланмайди, тарбияловчи ҳам маошсиз қолади, коммунал тўловларни эса тадбиркор ўз ёнидан тўлайди. Бу ҳолатда ҳам боланинг ҳаққи ҳам давлатнинг ҳаққи ҳақида сўз кетаркан, дарҳақиқат тизим боланинг ҳаққини ҳам давлатнинг ҳаққини ҳам ўғирланишига йўл қўймайдиган даражада яратилган.

Шунчаки, қарорда назарда тутилмаган қисмларини Мактабгача таълим агентлиги «Реал Софт» билан биргаликда бажаришга ҳаракат қиляпти, гўёки дастур орқали ёлғонлар фош қилинмоқда. Тадбиркор қинғир йўлдами, демак унга кескин чоралар кўрилади, айтганимиздек нафс балосига муттало бўлишнинг оқибати яхшиликка олиб келмайди. Бироқ шу борада тадбиркорлар ҳамжиҳат бўлишди ва 426-сонли қарорнинг айрим қисмига ўзгартириш киритиш бўйича Вазирлар маҳкамасига расмий таклиф киритишди.

Турли муҳокамалардан сўнг тадбиркорлар батафсил мулоқот қилиш мақсадида Мактабгача таълим агентлиги ходимлари кузатуви билан агентлик биносига олиб келинди ва у ерда агентлик директории Агрепина Шиннинг биринчи ўринбосари Фарруҳ Бобоев томонидан қабул қилинди.

Учрашувда тадбиркорлар дарҳақиқат айрим ҳаракатлари хато эканлигини, тушунмаган ҳолда дастурдан фойдаланганликлари ўзларига қимматга тушаётганини таъкидлашди.

Улар томонидан агентликка қўшимча таклифлар киритилди, ҳатто тадбиркорлардан бири тўғри йўлдан адашиб, кейиналик Президент томонидан авф қилинаётган шахсларга урғу қаратди ва биз ҳам адашдик бир марта кечиринглар дея илтимос йўллашди.

Аммо Фарруҳ Бобоев бунинг иложи йўқлигини таъкидлаб, фақат Вазирлар маҳкамасига қарорни такомиллаштириш бўйича таклиф кирита олишини бироқ бу жараён узоқ вақт олишини айтиб ўтди.

Масаланинг бир тарафи борки, ҳозир айнан ҳозир тадбиркорнинг бир қошиқ қонидан кечиб, улар кечирилмаса оқибатда ҳудудлардаги кўплаб боғчалар ёпилади банкротликка юз тутади. Энг ёмон оқибати эса бунинг натижасида болалар қайси боғчага бориш кераклигини билмасдан, илмсиз, сарсон бўлади. Биласизки давлат боғчаларида навбат келиши узоқ вақт талаб қилади, унгача боланинг ёши ҳам ўтиб қолиши мумкин.

Ёпилган боғчалар ўрнига янгиларини очиш муқобил вариант эмас, чунки бу ишлар учун анча ресурс сарфланади мисол, яна қуриш учун катта харажат ҳамда қимматли бўлган вақт сарфланади.

Айнан мана шундай сабабларга кўра, масалага маъсуллар жиддий эътибор қаратишлари лозим, соҳага бегона бўлмаган раҳбарлар масаланинг туб моҳиятида давлат пуллари ва болажонларнинг тақдири борлигини ҳис қилишлари шарт. Хатосини тан олаётган тадбиркор ҳам қандайдир маънода кечирилиши керак деб ўйлаймиз. Effect.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Изоҳлар 1

Qilichev E
2024-Mar-20 02:03
Tug‘ri fikir bormoq izlar bilan olishsa yahshi bular edi
Фикр билдириш