Qidirish

17:02 / 2024-01-12 697 0 Сиёсат

Байден Конгресс аъзоларининг розилигисиз Яманга зарба беришга рухсат берган

world-news

АҚШ президенти Жо Байден Яманнинг шимолий ва марказий қисмини бошқараётган «Ансор Аллоҳ» (хусийлар) ҳаракати объектларига Конгресс аъзоларининг розилигисиз зарба беришга рухсат берган.

Орегон штатидан Демократик Конгресс аъзоси Вал Хойлининг сўзларига кўра, Конгресс ҳаво ҳужумларини маъқулламаган. Шу билан бирга, айрим конгрессменлар воқеаларни Ироқдаги уруш бошланиши билан солиштиришган.

«Мен Ироқда уруш бошланишига қарши овоз бердим. Зўравонлик зўравонликни келтириб чиқаради. Ўлимга олиб келадиган, қимматга тушадиган ва даҳшатли урушнинг кучайишини олдини олиш учун ўт очишни тўхтатиш керак», - деб ёзди Демократик конгрессмен Барбара Ли ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Хусийларга қилинган ҳужумлар муносабати билан республикачи конгрессмен Ненси Мейс ўз ижтимоий тармоқлар орқали Байдендан қонунга риоя қилишни талаб қилди.

Шу билан бирга, бир қатор Конгресс аъзолари АҚШ бошчилигидаги коалиция амалиётини қўллаб-қувватламоқда. Хусусан Қизил денгизда бошланган махсус операцияни Рожер Уикер қўллаб-қувватлади ва шундай деди:

«Аслида, ҳарбий операция икки ой олдин бошланаши керак эди, аммо бу Қизил денгизда тартибни тиклаш йўлидаги яхши биринчи қадам бўлди», - деди у.   

Эслатиб ўтамиз,  жума кунга ўтар кечаси АҚШ ва Буюк Британия Яманнинг турли ҳудудларидаги тўрт провинция, жумладан, пойтахт Сана, Ҳодейда, Таиз ва Саададаги нишонларга 23 марта ҳаво ҳужуми уюштиргани тўғрисида хабар берилди. Бироқ хусийлар Британия ва АҚШ умумий ҳисобда Яманга 73 та зарба ракета учирганини, оқибатда беш нафар жангари ҳалок бўлгани ва уларнинг яна олти нафари яралангани ҳақида ахборот берди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш