Qidirish

04:21 / 2024-01-03 906 0 Ҳодисалар

Тошкентда Туркий тилли мамлакатлар киночилари уюшмаси ташкил этилди

Тошкентда бир қатор йирик хорижий кино ташкилотлари 2023 йилнинг охирги кунларида Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан бирга тарихий фильмларни яратиш бўйича келишувга эришган.

world-news

Куни-кеча "Ренессанс" кино уйида туркий тилли давлатлар киночилари йиғилиши ўтказилиб, унда Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, "Турксой" ташкилоти матбуот котиби Салим Эзер, Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги кино бошқармаси бош директори Эркин Йилмаз, "Қозоқфильм" президенти Азамат Сатибалди, Қирғизистон Кинематография департаменти директори Акжол Бекболотов, Озарбайжон Кинематография агентлиги директори Орҳан Фикретоғлу иштирок этган.

Йиғилишда Туркий тилли мамлакатлар киночилари уюшмаси тузилгани эълон қилинган. Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов эса йилнинг муҳим воқелиги ҳақида шундай фикр билдирган.

«Ҳаммамизга маълумки, Муҳтарам Президентимиз соҳани янада ривожлантириш мақсадида муҳим топшириқларни олдимизга вазифа қилиб қўйдилар. Бу топшириқлардан бири 50 та тарихий фильм яратиш. Айнан шу вазифани бажариш учун туркий тилли давлатлар билан бир қатор қўшма лойиҳалар меморандумлари имзоланди. Хорижлик ҳамкасбларимизнинг биз билан ҳамкорлик қилиш учун билдирган ишончи, нафақат Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган одилона ва очиқ сиёсати, балки кинематография соҳасидаги ислоҳотларининг натижасидир».

“Турксой” ташкилоти матбуот котиби Селим Эзер ўзбек кинематографиясининг доимий фикрдоши сифатида, айнан Туркий тилли мамлакатлар киночилари уюшмаси ташкил этилганини алоҳида эътироф қилди:

«Тошкентда тарихий воқелик бўлди! Бундай имкониятни бизга тақдим қилгани учун Давлатингиз раҳбари ҳурматли Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирамиз. Туркий мамлакатлар киноусталари бирлашиб янги кинолойиҳалар билан дунёга чиқамиз. «Турксой» ташкилоти бу йил ўзининг 30 ёшини нишонламоқда. Бу воқеалик ҳар бир турк дунёси мамлакатлари учун унутилмас аҳамиятга эга. Ушбу мамлакатлар орасида маданий ва тарихий меъросни тарғиб этиш, уни авайлаб асраш ва келажак авлодга етказиш борасида кино соҳасининг муҳим ўрни бор». — деди “Турксой” бош котиби Султон Раев номидан Салим Эзер.

Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги кино бошқармаси бош директори Эркин Йилмаз Туркий тилли мамлакатлар киночилари уюшмаси ташкил этилишини тарихий воқеа деб атади.

«Буни тарихий кун деб аташ мумкин. Чунки бу туркий тилли мамлакатлар ўртасида кино тармоғини ёйиш учун ташланган катта қадам, тарихий воқеа ҳисобланади. Албатта, бунда кинога давлатингиз ва Президентингиз томонидан қаратилаётган эътиборнинг ўрни катта» – деди Эркин Йилмаз.

Туркий тилли мамлакатлар кинематографиясида катта воқеликка айланган ушбу кун ҳақида "Қозоқфильм" директори Азамат Сатибалди шундай фикр билдирди:

«Ўзбек киносидаги мисли кўрилмаган янгиликлар, ривожланиш, ислоҳотлар бизни жуда хурсанд қилмоқда. Айнан Марказий Осиё кинематографиясида ўзбек фильмларига бўлган қизиқиш ортмоқда. Албатта, миллий кинематографиянгиздаги бундай ижобий ислоҳотларда Давлатингиз раҳбарининг эътиборини алоҳида таъкидлаш мумкин. Ҳар бир соҳага қаратилган эътибор келажакда ўз самарасини кўрсатади. Кино соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Юртингизда кинони ҳалқаро майдонга олиб чиқишга бўлган кучли қизиқиш бизни ҳайрон қолдирди ва ҳавас қилишимизга сабаб бўлди. Ва ўз навбатида бу каби ташаббусларнинг иштирокчиси эканлигимиздан фахрланамиз», – дея таъкидлаган “Қозоқфильм” президенти.

Туркий тилли давлатлар киночилари уюшмаси ташкилотининг штаб-квартираси Тошкент шаҳри деп белгиланди. Нуфузли ташкилотга иттифоқдошларнинг якдил қарори билан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов раис этиб сайланди.

Бундан ташқари йиғилишда Кинематография агентлигининг Хитой ва Россиялик ҳамкорлари ҳам иштирок этишган. Жумладан, Хитойнинг “Jinsanqi” маданий компанияси раҳбари Сяо Цзиньсяньци нутқ сўзлади ва унда Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ташкил этилиши режалаштирилаётган “Бир макон — бир йўл” Самарқанд халқаро кинофестивали ҳақида маълумот берган.

Таькидлаш лозимки, "Қозоқфильм" директори Азамат Сатибалди ва Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов ўртасида “Ал-Форобий” бадиий ко-продукция фильми, Санкт-Петербургдаги "Лендок" ҳужжатли фильмлар киностудияси директори Алексей Тельнов ва Фирдавс Абдухолиқов ўртасида “Масжид” ва “Сеҳрли кўза” ко-продукция лойиҳалари бўйича ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Эндиликда ушбу қўшма лойиҳалар бўйича киноижодкорлар ҳамкорликда янги фильмларни яратишади.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш