Qidirish

19:04 / 2023-12-28 1078 0 Ҳодисалар

Гурландаги фермерлар масаласи ортидан ҳокимият мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилди

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг муносабатидан сўнг масалага Хоразм вилояти прокуратураси ҳам ўз қарашини билдирди. Яъни вилоят прокуратураси фермерларга 2019 йилги ер ажратиш жараёнларида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланганини, шу йилнинг 25 декабрь куни ҳокимият мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Аммо прокуратура муносабатида ер ажратиш ишларида қандай қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганини, ҳокимиятнинг айнан қайси мансабдорига нисбатан жиноят иши очилганига аниқлик киритмаган.

Прокуратура муносабати қуйидагича: айрим фермер ҳўжаликларига ер майдони танловга қўйиш билан боғлиқ ҳужжатлар ўрганилганида, танлов ўтказиладиган санаси кўрсатилган ҳолда қарор қабул қилинмаганлиги, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаганлиги ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари танлов ўтказилмасдан қонунга зид равишда ажратиб берилганлиги ва бошқа қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Шунга кўра, шоличилик ва бошқа йўналишларда фаолият юритиб келаётган фермер хўжаликларига ер майдони ажратиш бўйича Гурлани тумани ҳокимининг 2019-2021 йиллардаги қабул қилинган қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида Урганч туманлараро маъмурий судига ариза киритилган ва ҳозирда аризалар судда кўрилмоқда.

Бундан ташқари, қайд этилган ҳолатлар бўйича фермер хўжаликлари ва МЧЖларга ер майдонлари ажратилишида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Айни шу ҳолатлар юзасидан Гурлан тумани прокуратураси томонидан 25 декабрь куни туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят кодексининг 205-моддаси яъни ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 207-модда мансабга совуққонлик билан қараш каби турдаги жиноятларни амалга оширганлик бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш